Бундан етти йил аввал Ўэбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултети қошида «Ёш таржимонлар клуби» очилганди. Йиғилишларда университет ўқитувчилари, хорижий тиллардан хабардор талаба ва ижодкорлар ҳам иштирок зтиб, таржима асарлар муҳокама қилинар, аъзоларга амалий машгулотлар тақсимланарди. Клубнинг фаол аьзоларидан бири — шоир ва таржимон Аъзам Обидов ташаббуси билан буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ижодини тарғиб қилиш борасида ҳам залворли ишлар амалга оширилганди.
Инглиз тилидаги www.navoigarden.com (Навоий гулшани) веб-сайтининг ташкил этилиши клубнинг асосий ишларидан биридир. Сайтга шарқона услубда дизайн (дизайнер — Ҳусниддин Ато) берилиб, унда «Навоий билан танишув», «Мақолалар», «Навоий — бугун», асарлари, фотогалерея, миниатюра каби шоир ижодига оид саҳифалар қэторида ҳозирги ўзбек адабиётига доир саҳифалар, шунингдек, клуб ҳақидаги маълумот жойлаштирилган. Сайтга ташриф буюришингиз билан «Биз буюк бобомиз Алишер Навоий ва унинг илоҳий муҳаббатга йўғрилган асарларини башариятта етказмоқчимиз. Шу билан бир қаторда Ўзбекистоннинг бугунги адабий намояндаларини ҳам жаҳонга танитамиз», мазмунидаги шиорни ўқишингиз мумкин. Ҳар бир қизиқувчи бош саҳифада «Навоий ким?» деган саволга жавоб олади. Навоийшунос олима Суйима Ғаниева томонидан тузилган Навоий асарлари библиографияси, «Муножот» асарининг тўла таржимаси (канадалик таржимон Гарри Дик билан ҳамкорликда), Турсуной Содиқованинг «Навоий гулшани» номли ғазалларга шарҳлар рисоласи, «Ҳикматлар» саҳифасида шоир асарларидан намуналар берилиши веб-сайтнинг салмоғини оширган. Асосийси, исталган асарни бепул кўчириб олиш мумкин. Галереядан ўрин олган миниатюралар хэр бир санъат шайдосини лол қолдиради. Шу ўринда Гарри Дикнинг Навоий ижодига қизиқиб, ўзбек тилини ўрганганини эътироф этиш ўринлидир.
— Аллома асарларини тўла инглизчалаштириш мақсадида чиғатой-инглиз луғати тузилди ва Америкада чоп этилиш арафасида, — дейди сайт ташкилотчиси А.Обидов. — Жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда инглизчага ўгирилган «Лисон ут-тайр» («The language of the birds») асари чоп этилган. Жорий йилнинг ярмигача олтита хорижий (инглиз, француз, немис, испан, рус ва турк) тилда «Қуш тили» номли антологияни нашр этиш устида иш олиб боршяпмиз. Бош ролни Раззоқ Ҳамроев ижро эттан «Алишер Навоий» филми инглиз тилига ўгирилиб, АҚШда намойиш этилди. Айова штати театрида «Навоий ва Гули» монологи миллий либосларда, инглиз тилида ижро этилди. Айни пайтда «Садди Искандарий» достони таржима қилинмоқда. Табиийки, бу ишлар ҳам сайтимиздан жой олади.
Сайтдан ўрин олган ўзбек шеърияти ва наср намуналари АҚШ, Германия, Швеция, Ҳиндистон, Қозоғистон, Россия, Колумбия сингари мамлакатларда ўқилган. Адабий тақдимотлар ўтказилган. Шоир Азим Суюннинг «Эй, дўст» («Неу, Friend!»), ёзувчи Саломат Вафонинг «9/1» тўпламлари инглиз тилида, Ўткир Ҳошимовнинг «Урушнинг сўнгги қурбони» ҳикояси гужарати ҳамда Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари инглиз тилида Ҳиндистоннинг «Diplomatic» журналида чоп этилиши, Колумбиядаги бир йилда икки бор нашр этиладиган «Prometeo» (2008, 8182 сонлар) журналида 17 та ўзбек шоири ижодидан намуналар берилиши, 2009 йили ўзбек ва инглиз тилларида замонавий ўзбек ҳамда жаҳон шоирлари ижодидан намуналар киритилган «Илонбалиқ» («Fish and snake») антологиясининг босмадан чиқишида ҳам клуб аъзолари ва сайтнинг ҳиссаси бор.
— Ҳа, ютуқлар кўнгилни қувнатади. Табиийки, бундай эзгу ишлар давом этади. Аммо мен кўпроқ камчиликларга тўхталишни истардим, — дейди А.Обидов. — Биринчи галда сайтнинг оммавийлигини таъминлаш лозим. Негаки, сайтга бўлган эътибор кутилгандек эмас. Баъзи саҳифалар ҳануз бойитилмаган. Зеро, замонавий технологиялар асрида яшаётган эканмиз, электрон сайтлар орқали нафақат буюк аждодларимиз мероси, балки ҳар биримиз ўзимизни дунёга танитишимиз мумкин. Биргина шеърият бўлимида Паҳлавон Маҳмуддан то ҳозирги кунгача бўлган элликка яқин қалам аҳли киритилганига гувоҳ бўласиз. Наср бўлими эса ғариб. Ахир бир-икки кишининг фидойилиги кўзланган натижага эришиш учун етарли эмас-ку? Мақсадимиз ягона ва тантанавор шиор остида жаҳон адабий майдонига кириб бориш экан, барча ижодкор қатори тегишли мутасаддиларни ҳам бирдамликка чақирган бўлардим. Яна битта ҳолатдан кўз юмиб бўлмайдики, ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг муқаддас қадамжоси харобага айланган. Зиёратгоҳ гарчи Афгонистон ҳудудида бўлса ҳам, ҳозирги шароитда уни обод қилиш мумкин, деб ўйлайман.
Дарқақиқат, сайтнинг «Навоий — бугун» деб номланган саҳифасига иложсизликдан жойлаштирилган расмларда очиқ осмон остида мунғайиб турган қабрнигина кўриш кишида яхши таассурот қолдирмайди. Адабиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётган бугунги кунда ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш, жаҳон аро адабий ва дўстона алоқалар ўрнатиш баробарида ушбу масалага ҳам эътибор қаратиш ўринли бўлса керак.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ,
«Ишонч» мухбири
Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: www.navoigarden.com: ютуқ ва муаммолар (“Ишонч” газетаси)