Ким қаерни кўзлайди?

Ўтган ҳафта чет эллик ижодкорлар билан шаҳарча ва қишлоқларни кездик. Бир учрашувда ижодкорнинг чет элга сафар қилиши қанчалик муҳимлиги ҳақида гурунглашилди.
Франциялик шоир “мен Парижда яшаганим билан бу шаҳарнинг ҳамма жойи ҳақида яхши асар ёзолмаслигим аниқ” деса, япон шоири “мен туғилган жойимнинг қадрини билиш учун 30 йил хорижда яшадим” деди. Хорватиялик шоира ёш ўзбек қаламкашлардан қаерга саёҳат қилишни исташларини сўради.
Кимдир Рим, кимдир Истамбул, яна кимдир Америка ва орзу қилган бошқа юртларни санади. Фақат бир ижодкор қиз “мен шу туманимиздан ҳеч қаёққа кетгим келмайди” деди ва йиғлаб юборди. Билсак, турмушга чиққач, пойтахтга кўчиб яшаётган экан…
Туғилиб ўсган гўшасини шунчалик севувчи одамни анчадан бери кўрмагандим! Илоё ўша ёш ижодкорларнинг чет эл сафарлари ҳақидаги гўзал орзулари ушалсин!