Роҳила Сиддиқ: Қалб тилида сўзлашдик

РОҲИЛА СИДДИҚ: Ўн беш кунлик ҳайрат сувратини чизгим келаётир, аммо эплолмаяпман… Бешта қитъа шоирлари ичида мен ҳам бор эдим. Овозим уларнинг овозига қўшилиб ватан бўйлаб жаранглади! Ҳар бир меҳмон Тошкент, Фарғона водийси, Самарқанд бўйлаб уюштирилган учрашувларда кўзларидаги ҳайратлар гулхан бўлиб гуриллар экан, бу сувратларни мен телефонимга муҳрлашга интилдим. Уларга меҳр ва муҳаббат тутаётган юртдошларимизнинг ҳар сўзидан, ҳар ишидан қувончлар топдилар.
Менинг ҳайратларим ва қувончларим ҳам кўзимга, қалбимга сиғмай тошаверди! Дунё тилида сўзлаётган меҳмонларни қандай тушундим? Уларнинг тилини биламанми, афсуски, йўқ. Шундан қийналдим. Аммо мен уларнинг қалбини ҳис қилдим. Биз қалб тилида гаплашдик! Биз ҳаммамиз, бешта қитъа шоирлари қалбдошларга, рухдошларга айландик! Қўлни қўлга бериб, бир биримизни меҳр ва муҳаббат билан бағримизга босиб, қалб тилида гаплашдик! Қалб тилини ўргатган Оллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ўн беш кун давомида бир нарсадан қийналдимки, инглиз тилини ўрганмабман. Эсиз! Меҳмонларга жуда кўп нарсалар ҳақида гапирмоқчи эдим. Аммо айтолмадим. Улар айтган гапларнинг ҳаммасига ҳам тушуна олмадим. Шу боис, ким тил ўрганаётган бўлса, Оллоҳ муборак қилсин! Табриклайман! Ўрганмаётган бўлса, бугуноқ, ҳозироқ бошланг! Имкониятларингиз ошиб боради! Дунёга очилган эшикдан у ёққа ишонч билан ўтасиз! Бу ёққа ўтаётганлар билан жудаям қадрдон бўлиб кетасиз, иншооллоҳ!