Мини-ертўла кутубхона-музейим ҳақида ёзувчи Саломат Вафо билан Фейсбук суҳбат
Саломат Вафо: Аъзамжон. Табриклайман. Жуда шинам ретро кутубхона бўлибди. Лекин иккаламиз Сиз ва мен аввал Ҳиндистон (Ҳайдаробод), сўнг Америка (Айова) университетининг халқаро ёзувчилар резеденциясига борганмиз. Мен Ҳиндистонда ҳам, Америкада ҳам университетнинг ҳотелида турганман. Ҳамма нарса бор. Кафе, бар, кир ювадиган жойлари.. Дастур учрашув ва тақдимот маросимлари университетнинг жуда шинам rest roomлари, кутубхоналари, шаҳар китоб дўконлари, кутубхоналарида бўлган эди. Аъзамжон, Сизни халқаро резиденция учун бино қураман деб юрганингиздан хабарим бор. Иншаллоҳ, унга ҳам эришарсиз.
Масаланинг яна бир томони бор. Халқаро ёзувчилар резиденцияси Ўзбекистон номи билан амалга оширилади, ҳарқалай келган одамлар шоир, таржимон Аъзам Обидовнинг уйига келмайди. Энди шу ўринда бир парадокс ҳолат борки, ўзбеклар меҳмон келса уйининг энг яҳши хонасига киритади. Дастурхонга ҳатто ўзи еб кўрмаган ноз-неъматларни қўяди. Биласизми, ўзбеклар нега хорижда ишлаб юради. Инсонийлик учун. Яъни..тўй қилиш, иморат қуриш..учун ишлаб юради. Бунинг салбий томонларини инкор қилмаган ҳолатда..ўзбек дўстлари, қариндош- уруғ, қўни-қўшни учун ҳам одамдай яшашга интилади. Негадир, бу туйғу уларнинг генида борми, У бегона одамга ҳам инсонийлик кўрсатишга, янги қурилган, янги таъмирланган уйига олиб киришга олдига бир пиёла чой билан бир коса овқат қўйишга интилади. Бу менталитет ҳатто энг камбағал ўзбекнинг психологиясида мавжуд.. Шундай экан азизим.. дунёнинг ҳар жойидан келган ёзувчи-шоирларни ёртўлангизга туширманг. Майли, бир марта меҳмон бўлиб келишар..улар Дўрмондай сўлим жойларда яшашсин..масалан, менга буюринг..резиденцияга келган ёзувчиларни меҳмон қилайлик. Муқаддас китобларда: “шоирлар худо ва халқ орасидаги элчилардир..” деган фикр бор. Биламан, дунёнинг барча шоир – ёзувчилари буюк ватан, буюк тарих ҳақида асар ёзади. Лекин ўзининг киссасида шамол елади. Турклар айтганидек, ўлсун..аммо, биз уларга ўзлари яратган буюк асарлардай..буюк мақомда муносабат этайлик. Ўзбекнинг, водийнинг, хоразмнинг мехмондўст қалбини….киссасида шамоллар елсада..улуғ кўнглини ва инсонийлигини кўрсатайлик..(Менинг ёзган матнларимда хато пайдо бўлса, барча матнларни ўчириб ташлашга мажбур бўламан, чунки, мен хато ёзмайман)
Аъзам Обид: Опа, раҳмат! Халқаро ёзувчилар икки йилки Аъзам Обид ва бир гуруҳ ижодкор дўстлар уйига келмоқда, зўр меҳмон ҳам қилинмоқда. Бу митти кутубхона-музейнинг ертўладалиги сизни маҳзун қилмасин, келиб кўринг, фотосурат, китобларингиздан олиб келинг, марҳамат!
Саломат Вафо: Ташаккур, Аъзамжон. Иншаллоҳ. Кўпдан буён фарғонача ош қилиб чақирмай қўйдингиз.Чақиринг, Сизнинг ҳузурингизга йиғилиб боргаймиз. Бу фикрлар мени маҳзун қилмайди.. Мен хашаматли юрт Хоразмда туғилганим учун ўз мулоҳазамни ёздим. Халқаро ёзувчилар икки йилдан бери ижодкорларнинг уйига келаётган бўлса, балки, бир оз ўзгариш қиларсизлар. Яна ўзингиз биласиз.
Аъзам Обид: Менинг митти уйим чақирмасаям кириб келинаверадиган хонадонлигини наҳот унутдингиз, опажон? Қўлбола паловни бирпасда қотираман! Келинг! Мазза қилиб суҳбатлашамиз! Айова, Ҳиндистонни эслаймиз!
Саломат Вафо: Аъзамжон, Сизнинг қандай инсонлигингизни биламан. Дўстим, биз пандемия деган балою-офатни бошдан ўтказмоқдамиз. Карантин бизларга инсонни нақадар азиз ва мукаррамлигини кўрсатди. Бу нафақат менинг, балки миллиардлаб инсонларнинг ҳаётга, инсонга бўлган муносабатини ўзгартирди.
Аъзам Обид: Ертўла аслида бир ишора, тушунган одам ўзига қулай ва маъқул жойда шундай кутубхона ва музейлар қилишга ўтса, бундай жойни қизғин, эркин, дилдан суҳбат масканларига айлантирса қани, деган эзгу ният бор бу ташаббусда.
Сизнинг жуда чиройли, оригинал, данғиллама ҳовлингиз бор, бир бурчини шундай ташаббусга ажратинг. Чет элга ижодий сафарларингиз акс этган материаллардан қўйинг, ёшларни таклиф қилинг, руҳлантиринг, зўр сафар ҳикояларингиздан айтиб беринг, мазза қилишсин!
Саломат Вафо: Аъзамжон, мен уйимга оттенка бериш учун бу фикрларни ёзмадим. Тўғриси, уй ҳам, менга алоқадор мол-мулк ҳам тақдирим ва ҳаётимга ўхшаб тилка-пора бўлган.. Аммо, дўстларим учун ҳамиша жой топилади. Бизда бу ҳақида қўшиқлар бор “новвот қўшиб чой бараман галсангиз..”. Шундай ният.., ёзувчиларни чақираман, хоразмча бахши – халфа қўшиқлари айттираман. Тухум барак пиширтираман деган орзуларим бор. Аммо, бу орзулар.. қизим Юлдузой каби ҳозир ўзимдан йироқ..
Аъзам Обид: Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, инша Аллоҳ!
Бу жой чет элликлардан ҳам кўра ўзимизникилар учун “илҳом платформаси” бўлишини кўзладим. Аммо чет элликларгаям муҳташам масканлардан айнан шундай жойлар афзалроқ эканини яхши биламан. Минглаб китоблари ва ресурслари мавжуд қанча кутубхоналар бор, аммо улардан фойдаланадиган одам топилмайди. Оддий, камтаргина жойлар бор – одам аримайди.
Бу ерда инглиз тили суҳбат клубимиз давом этади!
Мустақил резиденция дастурим ҳам давом этаверади. Халқаро ижод уйи қуришим ҳам энди шарт эмас. Дўрмон боғини шундай қилиб гуллатворишса бўлади, аммо ҳозирча на истак, на ҳаракат ва на халқаро муносабатларни юритишга қодир бир аъзолари-ю кучлари бор.
Саломат Вафо: Аъзамжон, шу фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Мен бу ҳақида уюшмадан ўчирилмаган вақтимда Дўрмон ижод уйига борганимда таклифлар дафтарига ёзган эдим. Афсус, жуда катта имкониятлардан фойдаланилмаяпти..
Аъзам Обид: Имкониятдан фойдаланмайдиганларнинг ютқизгани кўпроқдир. Биз эса имконият эшикларини очаверамиз! Ҳаётимнинг энг муҳим қисми шудир: энг яхши нарсаларни бошқалар билан бўлишиш!