Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев билан онлайн мулоқот

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Ботиржон Эргашев билан “Санъат сеҳри” лойиҳаси доирасида онлайн мулоқот

Аъзам Обид: Илтимос, Уюшма йил бошидан буён ёшлар билан ишлаш бўйича амалга оширган, зўр натижа берган ва мамлакат миқёсида қанот ёзган конкрет учта ташаббусни айтсангиз.

Ботиржон Эргашев: Хабарингиз бўлса, мен эндигина ярим йил бўлди иш бошлаганимга ва Пандемия катта-катта режаларимизга чин маънода ҳалал берди. Шундай бўлса ҳам амаллаяпмиз. Хўп, биринчиси, февраль ойида Уюшманинг катта залида ёшлар иштироки «Очиқ мулоқот» ташкил этилди ва ёшларга раис ва унинг ўринбосарларига ўзларини қийнаётган масалаларни очиқ-ойдин айтишга минбар яратилди. Бу эса анча шов-шувга сабаб бўлиб, ёшлар қайсидир даражада уюшмага нисбатан «исиди». Иккинчиси шу олти ой мобайнида 30 нафарга яқин ёшлар уюшма аъзолигига қабул қилинди. Бу кўрсаткич аввалги ўн йилликнинг натижаларига тенг.  Учинчиси, Ипотека кредити асосида қурилиб, Уюшма аъзоларига ажратилган 110 хонадоннинг деярли тенг ярми, яъни 45 фоизи ёш ижодкорларга берилди. Менимча жавобим қониқтирса керак.

А.О.: Сизнингча ўзбек ижодкори қачон маҳаллий доирадан чиқиб, дунё адабиёт саҳналарида бўй кўрсатади? Уюшма аъзолари ичидан халқаро доираларда эътибор топган, китобхонлар меҳрини қозонган уч нафар ижодкорни  айтсангиз.

Б.Э.: Бу учун аввало, ижодкороар гуруҳвозликка, фитна-фасодга, айш-ишратга берилмай, аҳил бўлса, албатта Аллоҳ бу масаланинг ҳам йўлини очади. Мен билган ижодкорлар орасида халқаро эътироф этилаётганлардан Хосият Рустамова, Аъзам Обид, Мирзоҳид Музаффар!

А.О.: Сизнингча, 700 га яқин аъзоси бор Уюшманинг нима учун ақалли Навоийни дунёга танитишга кучи етмаяпти? Таржимонлар, адабий агентлар, адабиётимизнинг чет элдаги тарғиботчилари марказлаштирилган тизими бўлурми бизда ҳам?

Б.Э.: Акажон, мени тўғри тушунинг, мен Навоийни таржима қилишларига буткул қарши одамман. Нега руслар Навоийни ўзбекларнинг Пушкини дейди? Сабаби Навоий тили бошқа миллат тилида йўқ. Уни аслича таржима қилиб бўлмайди.
«Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади»ни «Вчера она обещали, и не пришла» тарзида таржима қилишлар Навоийни жаҳоний обрў қозонишига тўсиқ бўлаверади. Бу менинг фикрим ва бу тўғри дегани эмас.

А.О.: Тўғрисини айтинг, Уюшмада ишлаш сизга ёқяптими? Ёшларни зўр ижтдкор бўлишига руҳлантирадиган қандай оригинал таклифларингиз бор-у, уларни амалга ошириб бўлмаяпти?

Б.Э.: Тўғриси айтай, бошида ёқмади. Худди 50 кг тош кўтарадиган одамнинг елкасига 500 кг тош қўйилгандек бўлди. Сабаби ўзим хоҳлаб келмадим. Ишонч билдирилди ва шуни оқлашга киришдим. Оригинал таклифларим талайгина. Уларни юз фоиз амалга оширишнинг имкони йўқ. Аммо 30 фоизи амалга ошса ҳам яхши натижага эришган бўламиз! Бу йўлда сиздай ижолкорни шунчаки томошабин эмас, ёнимга кириб, кўмакчи бўлишингизни чин дилдан истардим.

А.О.: Адабиёт ва санъат муассасаларининг ҳукумат қўллови ё ёрдамига кўз тикмай, мустақил равишда эркин ривожланиш йўлига ўтиши, масалан, бутун Ўзбекистон бўйлаб мустақил ижод уйлари, адабиёт ва санъат мактаблари, музей ва галереялар, адабий агентликлар бўлиши фикрига қандай қарайсиз?

Б.Э.: Агар сиз айтгандай бўлса, ҳозирги ривожланиш темпи кескин ошади. Бунинг учун Алишер Усмоновларга ўхшаган  адабиётнинг ҳам хомийлари бўлмоғи лозим.

А.О.: Сизнингча, қачон Ўзбекистон ўзининг мунтазам ўтказиладиган халқаро адабиёт, шеърият фестивалларини очади?

Б.Э.: Жудаям оз қолди бунга. Бу йил  анъанавий тарзда ўтказилиши кўзда тутилиб, давлат дастурига киритилган Ёш ижодкорларнинг халқаро форуми пандемия сабаб тўхтаб қолди. Иншааллоҳ буни амалга оширамиз.

А.О.: Ёш ижодкорларни чет мамлакатларга ўқишга, малака оширишга, анжуманларга юбориш қачон бошланади? Ижод мактабларининг энг иқтидорли ўқувчи-талабаларини, масалан, Тож Маҳал зиёратига, Берлинга, Токиога, Парижга, ҳеч йўқ Бокуга олиб бориб, саёҳатга, ижодга, адабий алоқаларга руҳлантира оласизларми?

Б.Э.: Агар шубҳа қилсангиз, келинг йиллик дастуримизни кўрсатаман. Бу йилги режамизда Туркистон шаҳрига Яссавий бобо, Озарбайжонга Фузулий бобо ва Лесная полянага Толстой бобо зиёратларига бир гуруҳ ёшларни юбориш бор эди.

Яна маълумот ўрнида Миллий ва Муқимий театри раҳбарияти билан шахсан ўзим бориб келишувга эришгандим. Энг яхши спекталларни 25 нафаргача бўлган ёш ижодкорлар бепул томоша қилишади.

(Сурат Интернетдан олинди)