Дўстларимиз кўпинча мендан асарларини таржима қилиб беришимни илтимос қилишади. Камина “муҳаррирталаб таржимон” бўлсам ҳам, хўп ё йўқ дейишдан аввал, ҳамма ижодкор дўстларимга қуйидагиларни тавсия қиламан.
Олдин эса, мана бу саволларни ўзимизга бериб кўрамиз: Хўш, 10 та шеърим, битта ҳикоям ё романимни ўзимизнинг қоракўз таржимонимиз бошқа тилга ўгирди, дейлик. Энди нима бўлади? Хўп, яна кимларнидир ёрдамига суяниб, таржима қилинган асарингизни қайсидир чет мамлакатдаги бир газета, журнал, антология ва ё машҳур онлайн нашрга юбордингиз ва босилиб чиқди ҳам, дейлик. Кейин-чи? Албатта, бу нарсадан ижодкор қувонади, руҳланади, илҳомланади. Аммо, шу етарлими? Йўқ! Айни шу схема билан Сиз яна бошқа асарингизни ўша ё бошқа таржимонга ўгиртирасиз, яна бошқа нашрларга юбортирасиз ва ҳоказо. Бу жараён тез содир бўлмайди, таржима, ношир ё журнал топгунингизча, орадан анча (балки камида 3-4 ой) вақт ўтади. Сиз шу вақтингизни ўзингизни халқаро майдонга чиқиш учун сарфласангиз бўлармиди? Албатта, бўларди! Хўш, қандай қилиб?
- Асарларингиз таржима қилиниб, фалон мамлакатда чиқишидан аввал ўзингиз ўша мамлакатга чиқинг! Бу осонмас, албатта, аммо имкон топса бўлади. Масалан, чет эл ижодий сафарингизни Ҳиндистондан бошланг. У ерда ҳам, бошқа кўп мамлакатлардаги каби, ижодий тадбирлар тили – инглиз тили. Демак, сиз Деҳлидаги шеърият фестивали ва ё Кераладаги ёзувчилар конгрессига бориш учун инглиз тилини бемалол сўзлашиш даражасида билишингиз керак. Йўқса, барча қилган ҳаракат ва харажатингиз ҳавога учиб кетади. Нега? Чунки, биринчидан, сизнинг замонавий ёзувчи ё шоир сифатида оддий инглизчани ўрганмаганингиз анжуман ташкилотчиси ва иштирокчиларида ўта ёқимсиз таассурот қолдиради ва сиз ҳатто ўша тадбирда қатнашсангиз ҳам, келгусидаги “фоллов ап” ва ижодий муносабатлар учун ёпиқ фигурага айланасиз. Агар ўзингизга ижодий уфқлар кенг очилишини истасангиз, ҳозироқ инглиз тилини ўрганишга киришинг! Қаерда, дейсизми? Онлайн ресурлар сероб, яъни Интернетдан минглаб бепул инглизча дарсларни топиш мумкин. Масалан, мана буни кўринг: https://www.britishcouncil.uz/english/mooc . Тошкентда ҳам бепул инглиз тили курслари, суҳбат клублари мавжуд. Уларни ҳам кўришим заҳоти қўшимча постларда улашиб тураман. Бундан ташқари, Юдаков уй-музейида ўзимизнинг инглизча суҳбат клубимиз бор. Ҳозирча Телеграм гуруҳида давом этяпти бу мулоқотимиз. Тез орада униям қайтадан жонли бошлаймиз. Агар орангизда инглизчани мактаб, университетда, ё мустақил ўрганиб, анча мустаҳкамлаб олганлар бўлса, ҳеч иккиланмай ўз асарларини таржимасига ўзи киришсин! Албатта, муҳаррир деган катта муаммомиз бор. Униям аста-аста ҳал қиламиз!
- Агар ўзингиз қаердадир хорижлик ижодкор билан танишган бўлсангиз, танишувни ижодий ҳамкор ва дўстлик даражасига кўтаришга ҳаракат қилинг. Бундай дўстларингиз йўқ бўлса, каминанинг Фейсбукдаги дўстларим орасидан ўзингизга маъқул чет элликларга дўстлик юборинг ва аста-секин мулоқотни йўлга қўйинг. Агар ҳали инглизча ё испанчада ёзишга қийналсангиз, Гугл таржимон орқали хабарлар юбориб турсангиз бўлади. Масалан, бу мулоқотни ўзингизни қисқача таништиришдан бошланг, кейинчалик янги ижодкор дўстингиздан асарларидан намуналар юборишни илтимос қилинг, албатта, ўқиш ва ёққанларини ўзбек тилига таржима қилиш учун. Чет эллик кўп илғор шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари кўпинча рус ва ё турк тилига таржима қилинган бўлади, иложи бўлса, ўшани сўранг ва бошланишига рус ё турк тилидан таржима қилиб туринг. Хуллас, мулоқотни ана шундай позитив нарсадан бошлаган яхши. Кейин таржимангизни дўстингизга юборасиз, бирор газета ё журналда чоп эттишса, боши осмонга етади. Шу ерда бир муҳим нарса ёдингизда турсин: асарини таржима қилмоқчи бўлганингиз шоир ё ёзувчидан муаллифлик ҳуқуқини таржима қилишдан аввал мулойимлик билан сўраб олинг, яъни фалон ҳикоя ё шеърингизни таржима қилишим ва келгусида ўзбекча нашрларда босишим учун изн беринг, деб ёзма рухсатини олишни унутманг! Гап орасида, мабодо бу таржима нашр этилса, (иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб) гонорар берилмаслиги, аммо газета ё журналдан бир-икки нусха юборишингиз мумкинлигини албатта қистириб ўтинг. Нега десангиз, одатда, чет элдаги нуфузли нашрлар бирор муаллифнинг асарини босса, автоматик тарзда қалам ҳақи беради (чет элдаям ижодкор халқи кўп ҳолда ҳақли равишда гонорардан умидвор, аммо усиз ҳам шароитни яхши тушунади). Бундай мулоқот бора-бора ўзаро борди-келдига уланиши бор гап, ҳеч йўқ сизни қайсидир хорижий ўлкадаги ижодий тадбир ва дастурларга таклиф қилишлари билан давом этади. Шундай пайт ҳам келадики, асарларингизни ўзлари сўраб олиб, таржима қилиб, нашр этишади, ҳатто гонорар ҳам тўлашади!
- Энди, айтайлик, сизни бирор мамлакатга фестивалга таклиф қилишди. Одатда, ташкилотчилар таклиф қилинувчи ижодкордан кичик биография, 5 дона шеър ё ҳикоя сўрайди. Шу ерда камина сизга таржимага ёрдам беришим мумкин, агар аллақачон ёзганингиз таржима қилинмаган бўлса. Сафарга тайёргарлик, тақдимот қилиш, ўзни қандай тутиш, сафардан қайтгач нима қилиш каби муҳим масалалардаям тажрибам билан ўртоқлашаман.
- Дўстлашиш учун яна бир яхши жонли ресурс – бу “Ўзбекистонда чет эллик ёзувчи ва рассом резиденцияда” мустақил ижодий туризм дастуримизнинг иштирокчиларидир. Ватанимизга келиб, дастуримизда иштирок этган кўплаб ижодкорлар катта таассурот билан қайтишган, улар билан бевосита мулоқотга киришсангиз, бошлари осмонга етади. Иштирокчилар ва дастуримиз ҳақида мана бу ерда кўринг: http://azamabidov.uz/?paged=2&cat=29
Бундай суҳбат-тавсияларимиз ҳали давом этади. Омон бўлинг!