Мария Филипова-Хаджи: “Ўзбекистон ҳақида чексиз гапириш мумкин”
Болгариялик таниқли ёзувчи Мария Филипова-Хаджининг Ўзбекистонга бағишланган “Тўртинчи устун” номли китоби нашрдан чиқди.
Китоб болгар тилида Пловдив шаҳридаги “Имеон” нашриётида чоп этилди. Мария Филипова ушбу асарини 2018 йили Ўзбекистонга сафаридан кейин ёза бошлаганди. Ўша йили у “Ўзбекистонда чет эллик ёзувчи ва рассом резиденцияда” мустақил дастурининг илк иштирокчиси бўлган. Мария Филипова айни пайтда ўзбекистонлик дўстлари билан шу асарини рус тилига таржима қилмоқда.
Ёзувчи китоби ўзбек ва инглиз тиллларига ҳам таржима қилинишини истайди. “Асар бош қаҳрамони бутун ҳаёти давомида ота-боболари юрти бўлмиш Ўзбекистонга талпиниб яшайди, турмушидаги ҳар бир воқеа уни Марказий Осиёга ундайверади. Асардаги кўп воқеа-ҳодисалар уйдирма эмас, айни ҳақиқатдир”, – дейди адиба.
Мария Филипова 10 дан ортиқ китоб ёзган, асарлари чет тилларига, жумладан, ўзбек тилига ўгирилган. 1991 йили у Тошкент педагогика институтида ўқиган, Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишланган адабий кечаларда фаол иштирок этган. У бир қатор ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарларини болгар тилига таржима қилиб, нашр эттирган.
Қуйида Мария Филипованинг мухбиримизга берган интервьюси билан танишишингиз мумкин.
– Яқинда сизнинг Ўзбекистонга бағишланган «Тўртинчи устун» романингиз дунё юзини кўрди…
– Ҳа, роман булғор тилида босилди. Мен уни рус тилига таржима қилиб, журналист ва таржимон Нодира Абдуллаевага бердим. Умид қиламанки, у ўзбек ва инглиз тилларига таржима қилинади ва ўқувчилари сафи кенгаяди.
– Китобда айнан нима ҳақида сўз боради?
– Буни бир неча сўз билан таърифлаш қийин. Романда бошдан охиригача «ип бир нуқтадан ўтади», яъни ҳаммаси Ўзбекистонга бориб тақалади. Қандайдир кўзга кўринмас, ғайритабиий куч бош қаҳрамонни Марказий Осиёга етаклайди. У ўзининг одатий ҳаёти билан яшайди, аммо ҳар доим ғайритабиий равишда Ўзбекистон ҳақида эслатаверадиган ишоралар пайдо бўлаверади. Гарчи у болалигида бу ўлка ҳақида ҳеч нарса билмаса-да, бироқ бутун ҳаёти йўлида ғалати ишораларни учратаверади.
Асарда саёҳат, мистика, қалб сирларига, болгарларнинг тарихий илдизларига йўл қидириш, хаёлот ва реаллик ўртасида алоқа ва бошқа кўплаб масалалар борки, Жамила ва Мая улар билан жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқишади.Агар 2018 йилда Аъзам Обидов мени Ўзбекистонга, «Чет эллик ёзувчи ва рассомларнинг резиденцияси» биринчи тадбирига таклиф этмаганида ҳаётимда бу қадар катта ўзгариш бўлмасмиди?! Ўшанда тақдир менга бутун ҳаётим Ўзбекистон йўлларига талпиниб ўтганига ишора қилди, аммо буни мен билмасдим. Мана ниҳоят, эшик очилди, ўзимнинг миссиямни, одамларга буларнинг бари ҳақида ҳикоя қилиб беришборасидаги вазифамни кўрдим.
Мен китобда кўп нарсалар ҳақида гапириб беришни хоҳладим, бунинг учун кўплаб қаҳрамонлар бўлиши, китоб ҳам «семириб» кетиши мумкин эди, шунинг учун Жамила – умумий аёл образини ўйлаб топдим. Бир нарсани унутай дебман, ҳатто талабалик йилларимда Жамила ҳақида, ўзимнинг севимли образим ва исмим ҳақида шеърлар ёзганман. Аммо роман давомида Ўзбекистонга олиб борадиган узун йўл ҳақида сўз боради. Биз аҳён-аҳёнда ёки бутунлай пайқамайдиган тақдир белгилари. Худо эса бизга барчасини чизиб берган.
– Сизни бу романни ёзишга нима мажбур қилди?
– Қисқача айтадиган бўлсам шундай: бу сеҳрли диёрни бутун дунёга бор бўйи билан кўрсатмоқчиман ва олам аҳлига Ўзбекистон ҳақида гапириб бермоқчиман. Ишончим комил, Худо менга бу миссияни топширди: Ўзбекистон ҳақида одамларга ҳикоя қилишни! Шунинг учун У менга бутун умрим давомида ишоралар берди ва мени у ерга бошлади!
Бироз батафсил тўхталиб, шундай жавоб бермоқчиман: биз ҳаётда кўп мулоҳазаларга дуч келамиз. Ҳар бир инсон унинг ҳаёти китоб ёзишга, фильм ишлашга муносиблигига ишонади, аммо бу ҳар доим айрим ҳолатларга боғлиқ бўлади. Мен 2018 йили Ўзбекистонга келганимда бу сеҳрни такроран бошдан кечирдим, олдин бу ерда талаба сифатида ўқиганимда илк бор бошдан ўтказганман, шунда ортга назар ташладим,беихтиёр 9 ёшлик пайтимда рўй берган хотиралар ёдга келди. Мактаб кутубхонасида бир китобчани – жигарранг саҳифали ва қора ҳарфлар билан ёзилган «Ўзбек халқ эртаклари»ни топиб олдим. Бу менинг Ўзбекистон билан биринчи учрашувим эди! Мен «ўзбек халқлари» деган иборага тушунмадим ва онамдан сўрадим – у менга ўзбек халқи борлиги ва бу эртаклар ўша халқ ҳақида эканини тушунтириб берди (бу ҳақда талабалик йилларимдаги шеърларимда ҳам ёзганман). Ўшанда китобдаги турли расмлар – чопон кийган одамлар, бошдаги саллалар чуқур тасссурот қолдирган – мен учун расмларнинг ўзи ҳам тирик эртаклар эди. Бу манзаралар хотирамда қолиб кетган.
Вақт ўтиб болалик эртакларимни буткул унутдим. Аммо вақти келиб унутилмаган нарсалар ақлдан келиб чиқишини кўрсатди. Турмушга чиқдим ва менинг турмуш ўртоғим – Петербургда талабаликка имтиҳон топширган бўлса ҳам, уни Тошкентда қабул қилишди.
Тошкентга биринчи марта келганимда, Осиёча муҳитни кўрганимда ўшанда болалар эртаклари ёдимга тушди. Низомий номидаги педагогика институтида проректор мендан нима учун ўқиш учун Москвага бормаганимни сўраганида «болалигимдаги эртакларни Ўзбекистонда ўқишни давом эттиришни хоҳлайман» деб жавоб қайтардим.Айнан 2018 йилда мен босиб ўтган йўлимга назар ташладим – нега бутун умр нимадир Ўзбекистон ҳақида эслатаверади – фақат биргина эртаклар эмасди. Мен ғалати тушлар кўрардим, Европанинг турли мамлакатларида яшаб, ишладим ва ҳамма ерда менга қадрдон бўлган нарсаларни ёдга солиб юборадиган Ўрта осиёлик одамларни учратавердим!
Романни тафсилотлар билан бойитдим, лекин барча воқеалар ҳақиқий. Мен дўстларим Жорж Трак ва Любозар Фратев билан Ўзбекистонга келиб, ортга Болгарияга қайтаётганимизда самолётда йиғладим, уларнинг кўзида эса сўз билан ифодалаб бўлмайдиган кўп нарсани кўрдим – биз гўёки ўз Ватанимизга учаётгандек эмас, уни тарк этаётгандек эдик – мана, ўшанда Ўзбекистонни қандай ҳис қилганман. Босиб ўтилган бутун йўл бошимда айланарди – мен қарор қилдим, ишора қаршимда: Худо мени китоб ёзишимга ундарди. Ҳа, Худо тўғридан-тўғри айтмайди, У бизга ишора қилади.
Тўғри, менинг қалбим болгарларники, томирларимда аждодларимнинг қони оқмоқда, лекин ҳаёт мени бу ерга тортаверади. Ўзбекистонга муҳаббат қаердан? Ким билсин – балки мен осиёликдирман – ҳатто юзимда осиёча физиономия уфуриб турибди – менинг кўк кўзларимни ҳисобга олмаганда бу узоқдан кўриниб туради! Яна нимадир бор: ҳар бир нормал киши ўз ватанини севади. Мен ҳам. Ватаним – Болгария ҳақида муҳим воқеаларни ўқиганда кўзимга ёш келади. Марҳамат қилиб айтингчи: нега Ўзбекистон ҳақида эшитганимда ҳам йиғлайман? Нима учун?
Грециянинг Тессалиясида бир аёл билан грек тилида гаплашдим. Мен унда русча талаффузни ҳис қилиб, қаердан эканини сўрадим. Тошкентдан эканини айтиши билан кўзимда ёш қалқди. Бундай ҳолатни кимдир тушунтириб бера оладими? Бу бир марта бўлмаган – ҳар доим! Сиз китобда ҳаётим давомида ҳар доим Ўзбекистонни ёдга соладиган одамларни учратганим ёки нимадир содир бўлганини ўқишингиз мумкин.
Бошқача айтганда, Худо онгимни ҳар доим очиқ қолдирди, у ерда бир дарвоза очиқ қолган – Ўзбекистон ҳақида ҳиссиётларни жамлаш ва уни унутмаслик. Мен буни тақдир белгиси сифатида қабул қилдим. Шунинг учун бу китобни ёзишга ва уни одамларга қолдиришга қарор қилдим. Нега ва нима учун? – буни ёлғиз Оллоҳ билади.
– Эшитишимча, сиз Тошкент давлат педагогика институтида ўқигансиз, Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантаналарида иштирок этгансиз.
– Ҳа, мен олий таълимни Ўзбекистонда якунлашни истагандим, аммо Болгарияга қайтишга ва ўқишни ватанда давом эттиришга жиддий сабаблар бўлган. Ҳар не бўлганда ҳам, Ўзбекистонда ўтказган йилларим ҳаётимда унутилмас бўлиб қолди. Ўзбекистон ҳақида – унинг ўтмиши, бугуни ҳақида тезлик билан ўрганишни хоҳлаганман, бироқ вақт етмади. Қаердан бошлашни билмаганман. Хаёлимга бир ғоя келди: кун воқеасини, кун мавзусини тушунишга уриниш учун киоскадан бир неча газета сотиб олдим. Алишер Навоийга бағишланган байрамлар бўлаётганини билдим. Ўшанда ёш бўлганман, Алишер Навоий номини эшитган бўлсам-да, кўп нарса билмасдим. Дарҳол кутубхонага бордим – у пайтлар интернет бўлмаган – керакли маълумотларни ўқидим. Унинг асарларидаги ҳали биринчи сатрлар ҳаётимизда бош нарса нималиги хусусида ўйлашга қалбимни очди: «Бизга нима бўлди? Эътиқод, тавба – қаерда?» (Навоий, «Девони Фоний»дан)
Алишер Навоий ҳаёти ҳақида ўқир эканман, унга бағишлаб рус тилида ёзган шеъримни кичик совға сифатида Тошкентдаги Ёзувчилар уюшмасига олиб бордим. Ўшанда уюшма Саларда жойлашган эди. Шоир Чоршам Рўзиев бу шеърни ўзбекчага ўгирган.
Шу шеър билан мени Чирчиқ шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши байрамига қатнашишга таклиф этишди. Мен биринчи марта карнайни кўрдим ва овозини эшитдим – эй Худойим – ўшанда қадимий аждодларимиздан табрик қабул қилгандек бўлдим, муҳит менга шундай туюлди!
Сўнгра ўзбек телевидениеси Алишер Навоий юбилейига бағишланган сафарлар уюштирди ва мени улар билан тарғибот поездларида бирга юрдим. Навоий шаҳридаги кечани ҳеч қачон унутолмайман. Мен уларга: «Ассалому алейкум, азиз дўстлар!» деб мурожаат қилганимда ҳамма одамлар ўрнидан туриб қарсаклар чалишганди.
Бир болакай менга гул ҳадя қилган, бу суратни ҳамон сақлаб келаман.Сўнгра қувончдан йиғлаб юборганман. Умуман олганда, сизга айтиб бераётгаларим – бу оддий воқеалар эмас! Бу биз тушунишимиз керак бўлган Худонинг ишоралари: нега булар содир бўлаяпти? Мана шу «ҳаёт китоби»ни биз тушунишга ўрганишимиз керак! Ҳар бир сўзнинг Сояси бор, сояда эса маъно яширинган. Мен мана шуни қидираяпман! Ана шулардан ўз китобимни яратдим.
Турмуш ўртоғим Тошкент автомобиль йўллар институтини тугатди. Болаларимиз туғилган, эрим Болгарияда қайтди, мен яна олти ой Ўзбекистонда қолдим. Мана шу ерда унинг исмини миннатдорлик билан ёдга олмоқчиман, у 16 йилдан бери тириклар орасида йўқ, аммо менинг Константиним қиммат мерос қолдирди: икки қиздан ташқари, менундан айнан Ўзбекистонга йўлни мерос қилиб олдим – у менга шу йўлни очди, у биринчи бўлиб келди. Барибир муқаддас китобларда Худо айтган «Ҳеч нарса менсиз юз бермайди!» каломини унутмайман.
– Сиз бир неча ўзбек ижодкорларининг асарларини болгар тилига таржима қилгансиз шундайми?
– Ҳа, мен ўзбек муаллифларининг айрим ишларини Болгариянинг адабий сайти «Литературен свят» («Адабиёт дунёси»)да чоп эттирганман.
Мана айрим номлар: Аъзам Обидов, Зулфия Қуролбой қизи, Рисолат Ҳайдарова, Мамадали Маҳмудов, Тоғай Мурод ва бошқалар.
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини таржима қилиш армон бўлиб қолаяпти – ўзбек тилим ҳозирча у қадар бой эмас. Аммо ишонинг, ўзбек муаллифларининг асарларини ўқиган, Ўзбекистон ҳақида эшитган барча болгарлар ўзбекларни ўзларининг яқинларидек тутишади – халқларимиз қалбан бир-бирига яқин ва бу ҳар доим сезилиб туради.
– Уч-тўрт йил ичида Ўзбекистонга келган бўлсангиз қандай ўзгаришларни ҳис этдингиз?
– Ҳа… бир томондан бироз қувончли, бошқа томондан – бироз маъюс. Айрим мисоллар орқали тушунтириб берсам: сиз болаликдаги дўстингизни 20-30 йилдан кейин учратдингиз. У вояга етган, бола эмас, дўппи ҳам киймайди, аммо чиройли, кўркам, таълим олган, молиявий аҳволи ҳавас қиларли даражадаги йигитга айланган, ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида… Унда салбий сифатлар йўқ! Бироқ…нимадир етишмаяпти!
Шу йўқ нарсадан кайфият тушади. Болалигингиз ёки ёшлигингиз ортда қолган. Бу сафар Ўзбекистонни шундай ҳис қилдим! Илгари, ёшлигимда аэропортдан чиқишим билан «БУ ЎЛКАНИНГ ОСИЁЧА ЮЗИНИ» кўрардим. Ҳозир Ўзбекистоннинг юзи бироз Европача. Шундан озгина кўнглим бузилди. Мен осиёча физиономияни истардим – чунки мен унга олдин ошиқ бўлганман. Гарчи Ўзбекистон вояга етган бўлса-да, бу ҳатто кўчалардан, одамларнинг юриш-туришидан, кўриниб турибди, умуман олганда – ҳаммаси ижобий.
Фикримни мана шундай «содда» баён қилишга уриндим, аммо мени тушунган бўлсангиз керак. Шунга қарамай, мен узоқ ўйладим – умримнинг қолган қисмини Ўзбекистонда, шаҳарда эмас қандайдир қишлоқда, отлар билан ўтказа оламанми, умримнинг охиригача Ўзбекистон ҳақида ёза оламанми – афсуски, менинг ёшим ўтгани тўхтатиб турибди, мен ҳам ўша кезлардагидек навқирон эмасман…
Барибир Худо менга ҳаёт ва куч берсин, бутун умр менга ҳамроҳ бўлган бу мамлакат ҳақида яна кўп ёзишни насиб этсин. Сиз буни «Тўртинчи устун» романидан топа оласиз ва ўшанда тушунасиз: бу тўртинчи устун нима эканини!
Ўтган йили бир гуруҳ ўзбек рассомлари Аҳмад Умаров, Гулнора Раҳмон, Камола Абдуллаева, Ойзода Жуманиёз журналист ва таржимон Нодира Абдуллаева бошчилигида Пловдивдаги бадиий галереядаги кўргазмада иштирок этишганида биз Ўзбек маданияти кечасини ташкил этдик: одамларга Ўзбекистон ҳақида гапириб бердик, турли маросимларни кўрсатдик, масалан, чой маросими, дурра, рўмол ўраш ва ўзбеклар билан суратга тушиш одамларга қизиқ бўлди… Ҳаммаси эртаклардагидек!
Болаликдаги эртагим жонланди! Бизнинг дўстлигимизни, кўприкларимизни ҳеч ким бузишга қодир эмас, ўзбеклар болгар жамоатчилигини сеҳрлаб бўлди – бу яна узун ҳикоя – бу ерда ҳамма сўраяпти: дилбар ўзбеклар қачон келади, биз Ўзбекистонга қачон борамиз?.. Дўстлар билан учрашганда биз ҳар доим шу сўзларни тилга оламиз, бу худдики бир-бирига «яхши кун» тилашга ўхшаб қолган.
Биласизми, Низомий номидаги институтга кириш имтиҳонини топшираётган пайтда, 30 йил илгари «Она ҳақида чексиз гапириш мумкин» мавзуидаги биринчи ишни ёзганман…
Ҳозир мен Ўзбекистон тўғрисида шу нарсани айтмоқчиман: у ҳақда чексиз гапириш мумкин…
Хуллас, роман охирида катта совға кутиб турибди!