Эсиз шунча халқ маблағи!

Ўзбекистон жадал ривожлана олмаётганининг сабабларидан бири – мустақил, бир ишни уддалайдиган нодавлат ё волонтёрлик ташкилотлари, мустақил ташаббусларни менсимаётганлигимизда. Бизда оддий бир фестивални ўтказиш учун ҳам президентнинг фармонини кутишади. Бу ўта хавотирли нарса.

Мана, кўринг: битта халқаро рақс фестивали ўтказишга шунча вазирлик, давлат қўмиталари, агентликлар, ҳокимият, уюшмалар овора бўлиши керак. Ахир кичик мустақил гуруҳ бу ишнинг уддасида чиқади-ку! Эсиз халқимизнинг шунча маблағи!

Камина миттигина гуруҳим билан ҳеч қандай бюджет маблағисиз бир йил ичида 40 нафар чет эллик шоир, ёзувчи, рассомни Ўзбекистонга олиб келдим. Меҳмонларимиз Ватанимиз ҳақида китоблар ёзишди, ўз юртларида кўргазмалар қилишди, ҳалигача тўлқинланиб бошқаларга гапириб юришибди. Адабиёт ва санъат мустақил ривожланиш йўлига кириши лозим, ҳукуматга, бюджетга қарам бўлмаслиги керак, дея, қандай ишлаш лозимлигини амалда кўрсатяпмиз-ку.

Ўзбекистон фан ва технологияси, таълим сифатини юқори босқичга кўтаришга бағишланган жиддий халқаро илмий анжуман бўлсаям майли эди! Ахир бу оддийгина рақс фестивали бўлса! Жуда ҳукумат фармони керак бўлса, ана, Халқаро ижод уйи қуриш учун фармон чиқаришсин: маданият, адабиёт, санъатга оид ҳамма халқаро тадбирларни битта кичик гуруҳ амалга ошира олади ахир.

http://uza.uz/oz/documents/lazgi-khal-aro-ra-s-festivalini-tashkil-etish-va-tkazish-t-r-28-09-2020http://uza.uz/oz/documents/lazgi-khal-aro-ra-s-festivalini-tashkil-etish-va-tkazish-t-r-28-09-2020