Ҳиндистонга борамизми?

Йўллар очилиб, сафар қилиш бемалол бўлиб қолар кунлар яқин, иншаАллоҳ! Келинг, бугун бирор чет мамлакатга бориш учун нималарга эътибор қаратишни кўриб чиқамиз.

Албатта, турист сифатида дунё кезишга нима етсин! Аммо туризмни ҳам ижод билан боғлаш имкони бор. Айтайлик, Сизни Ҳиндистонга шеърият фестивалига таклиф этишди. Тадбир ташкилотчиси Сизни шарафли меҳмон сифатида танлаб, сафар билан боғлиқ ҳамма харажатларни кўтаришни ёзган бўлса, жуда зўр! Ҳукумат ташкил этадиган сафарлар ҳам осонроқ: ҳамма тегишли ҳужжат ва дастурни делегация учун шаҳд қилиб қўйишади, Сиз фақат ясан-тусан қилиб бориб келасиз!

Лекин, унгача, келинг, “ўзимиз боришни истаган” вариантни кўриб чиқамиз, яъни ҳеч қандай ҳомий ё ташкилотчи кўмагисиз сафарга отланамиз. Шуни ёдда тутингки, исталган хориж сафарига чиқиш учун, айниқса, виза талаб этиладиган мамлакатга бормоқчи бўлсангиз, энг камида УЧ ОЙ АВВАЛ ҳаракатни бошланг.

​​1.       Паспорт. Виза талаб этиладиган барча мамлакатларга бориш учун ҚИЗИЛ паспорт олишимиз шарт. Яшил паспорт билан ҳозирча қўшни мамлакатларга, Россияга чиқиш мумкин. Сиз Ҳиндистонга бормоқчисиз, демак, қизил паспорт олишингиз лозим.

2.       Виза.  71 1400983 рақамига (ҳинд элчихонаси) қўнғироқ қилиб, виза олиш ҳалиям онлайн ё йўқлигини аниқлаштириб оласиз. Агар онлайн бўлса, мана бу линкка кириб, ариза тўлдириш керак бўлади: https://indianvisaonline.gov.in/evisa/tvoa.html .

Онлайн визанинг битта ноқулай томони шуки, виза учун пулни онлайн тўлаш керак, бунинг учун эса онлайн тўлов картангиз, масалан, Visa Card, бўлиши шарт. Бунақа карта очдириш қийинмас, аммо каттароқ миқдорда пулингиз бўлмаса, шартмас. Виза тўловини шунақа картаси бор дўстингиз ё танишингиздан илтимос қилиб, тўлашга ҳаракат қилинг.

Шунақа аризаларни тўлдириш, билет олиш ва бошқа тегишли ишларни ўзингиз қилсангиз, арзонроқ тушади. Мабодо бунинг иложи бўлмаса, унда ўзимиздаги ўнлаб туристик хизмат кўрсатувчи фирмаларга мурожаат қилишингиз керак. Тошкентдаги мана бу фирмани тавсия этаман: “Диполмат Тревел”, тел. 71 2002020. Виза, бориб-келиш билетини қилиб беради. Бунақа фирмалар ўзингиз яшаётган шаҳардаям бўлиши мумкин.

3.       Визангиз тайёр бўлмагунча, билет сотиб олманг, аммо бронь қилиб қўйсангиз бўлади.  Онлайн виза тасдиқлангач, уни албатта принтердан чиқариб олишингиз шарт, чунки бундай визалар паспортга урилмайди. Виза эса Ўзбекистондан чиқишингиз ва ўша бораётган мамлакатингизга бориш учун албатта зарур! Билет нархларини турли кассалардан сўраб-cуриштиринг, одатда, агар бошқа авиакомпания учмаётган бўлса, “Ўзбекистон ҳаво йўлллари” расмий кассаларидан билет олса, арзонроқ тушади. Ҳиндистонга камида бир ҳафталик сафарни режалаштирсангиз яхши.

​4.       Билет, виза, паспорт қўлингизда. Елкага осадиган битта кичик сумкача ё рюкзакка солволинг. Учадиган кунингиз, вилоятдан Тошкентга келишингиз керак бўлса, эртароқ ҳаракатингизни қилинг, об-ҳаво, йўлни ҳисобга олинг. Тошкентда иккита аэропорт бор: Сиз учишдан УЧ соат аввал Халқаро аэропортга боришингиз керак.  Багаж (чемодан, катта йўл сумкаси)ингиз бўлса, Деҳлига регистрация қилаётган жойга топширасиз, посадочний талон оласиз (унда учоқдаги жойингиз рақами, унга қаердан чиқиш, неччида посадка бошланиши каби маълумот ёзилган бўлади). Паспорт ва божхона назоратидан ўтиб олгач (сафар мақсади ҳақида саволлар беришади, устки ва оёқ кийимларни ечтиришади, тоқатли бўлинг), учиш жойига келиб ўтирасиз. Аэропортда тезлиги яхши бўлмаган ВайФай бор: Телеграмингизни текширинг, селфи қилиб, сафарга кетаётганингизни дўстларингиз билан бўлишинг, бутун сафар давомида уларга қизиқарли сурат, видео ва ҳикоялар юбориб туришингизни айтиб, суюнтиринг!

5.       Сафар маршрутини аввалдан тузиб олинг. Масалан, ҳозирча маршрутингиз Тошкент-Деҳли-Агра (Тож Маҳал)-Деҳли-Тошкент бўлсин. Деҳлига келиб қўнгач, паспорт ва божхона назоратидан ўтиб, багажингизни олишни унутманг. Кўчага чиқмай туриб, Пре-пейд такси хизматини текширинг, қиммат бўлмаса, шаҳаргача таксидан кетганингиз маъқул. Бошқа вариантлар ҳам кўп: рикшалар, мотоцикл ва мини-автобуслар ҳам манзилингизга элтиб қўйиши мумкин, фақат нархини албатта олдиндан келишиб олинг! Аэропортнинг ўзида озроқ пулингизни (яъни АҚШ доллари ёки Еврони) рупийга алмаштириб олинг. Шаҳарда ҳамма ёқда валюта алмаштириш пунктлари бор ва курс одатда аэропортдагидан юқори.

6.       Меҳмонхона, Гестҳауз. Агар олдиндан заказ/бронь қилинмаган бўлса (энг яхшиси шуки, олдиндан қаерда ётиб-туришингизни белгилаб олинг), аэропортдалигингизда тегишли стойка/каунтер олдига бориб, арзонроқ тураржой ҳақида маълумот сўранг. Одатда меҳмонхоналар Аграга бир-икки кунлик тур ташкил этади. Қимматлик қилса, ўзингиз бошқа такси гаплашиб, бориб келсангиз ҳам бўлади, аммо расмий тур хизматлар ҳамиша бехатар ва қулайроқ.

​7.   Деҳлини обдон айланинг, у ерда ота-боболаримиз қурган масканлар етарли. Пиёда ё рикшада айлансангиз ҳам бўлади. Узоқроққа бормоқчи бўлсангиз, Деҳли метроси ҳам жуда яхши транспорт тури.

8.       Ижодий туризм. Шу ерда мен сизга ёрдамга келаман. Сафарга отланишдан аввал камина билан боғлансангиз, Деҳлида ижодий учрашувлар, танишув кечалари қилиш учун ҳинд дўстларим билан Сизни боғлаб қўйишга ҳаракат қиламан. Балки сафарингизни атайлаб бирор йирик ижодий фестиваль кунларига тўғирлармиз.

9.       Харажатлар. Қуйидаги умумий ва асосий харажатларга тайёр бўлинг (доллар ҳисобида):

–          Паспорт олиш (тахминан $20)
–          Виза (тахминан $50)
–          Билет (тахминан $500)
–          Меҳмонхона (тахминан $150)
–          Маҳаллий транспорт, озиқ-овқат, совға-салом ($130)
Ўртача 800-900 доллар. Албатта, бу нархларнинг ҳаммаси тахминий, бундан камроқ ё кўпроқ бўлиши мумкин. Ишлаб, яхши ойлик олиб турган ижодкор дўстлар бу суммани йиғиб-тежаб топишлари имконли бўлса керак, деб умид қиламан. Ёш ижодкор ўқувчилар учун эса, балки ижод мактабларида танлов ўтказилиб, энг иқтидорлиларни саралаб олиш ва рағбатлантириш йўли билан, имкон яратилса, зўр иш бўларди!
Хайрли сафарлар тилайман!
Яна нималарнидир билгингиз келаётган бўлса, менга бемалол хабар қилинг: azamjon1974@gmail.com