#Адабиёт ва санъат мустақилиги
Мен Ўзбекистонда адабиёт ва санъат мустақиллиги учун овоз бериб, фақат уюшмаларга ёпишволмай, альтернатив лойиҳаларга ҳам қўл уринг, ўзингизнинг кичик-кичик ижодий гуруҳларингизни шаклантиринг, деб илҳомлантиришга уринарканман, бунинг қандай фойдали томонлари борлигини мисоллар орқали бир-бир тушунтириб боравераман.
Бир нарсани ҳамиша ёдда тутайлик: ижод аҳли фаол бўлмаган, сиёсий, ижтимоий воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз вақтида фикрини билдирмаган (фақатгина асари орқали эмас), замонавий ахборот оламида ижтимоий тармоқлар ва ё бошқа халққа яқин платформаларда энг илғор иштирокчилар сафида турмаган жамият ривожланиш йўлига тушиши жуда қийин.
Хўш, сиз ёш ё катта ижодкор сифатида Ўзбекистон ривожига қандай амалий ҳисса қўшишингиз мумкин?
Айтайлик, сиз ҳозир филология ё санъат факультети талабасисиз. Ўқишни битириб, нима қилсам, қаерга ишга борсам экан, деб ўйлашингиз табиий. Агар ҳозирча яна шу соҳада магистратурада ўқишни давом эттираман, десангиз, сал шошмай туринг. Бу ниятингиз яхши. Аммо магистратурани чет элда, масалан, Туркия, Германия, Корея, Америкада қилсангиз бўладими? Агар турк ё инглиз тилингиз бўшроқ бўлса, унда зудлик билан тил ўрганишга киришинг!
Мен сизни чет элдаги олийгоҳларга ўқишга киргизиб қўёлмайман, аммо жуда кўп илғор мамлакатлардаги грант асосида ўқишга қабул қиладиган урниверситетлар рўйхати, контактлари, ҳатто ўша мамлакатларга ўқишга юбориш учун Ўзбекистонда алоҳида маслаҳатлар берадиган марказлар ҳақида маълумот бера оламан. Албатта, сизда чет элда ўқиб келиб, Ўзбекистонни ривожлантираман, деган ният бўлиши лоим. Ким қизиқса, менга бемалол мурожаат қилсин.