#Адабиёт ва санъат мустақилиги
Ва ёки, айтайлик, сиз ўқишни битиргансиз. Албатта мактаб, лицей, газета-журнал, нашриёт таҳририяти, радио ё телевидение каби иш берувчиларни излаб юришингиз шартмас. Сиз ўзингиз ИШ БЕРУВЧИга айланинг! Қандай қилиб, дейсизми?
Дейлик, сиз шоир, ёзувчи, таржимон ва ё рассом сифатида нега, масалан, Фарғона ё Хивада Адабий агентлик ва ёки Шаҳрисабз ё Наманганда Санъат галереяси очмайсиз? Ва ё энг баҳаво жойлардаги болалар оромгоҳининг бир бурчини Халқаро ижод уйига айлантирсангиз қандоқ бўларкин?
Мен бирданига қандайдир йирик уюшмалар очинг, демайман, балки ҳаракатни кичик-кичик ижодий жамоалар меҳнат қиладиган митти уюшмалар тузиш ва уларни оёққа турғизишдан бошланса, бир кун улар йирик бирлашмалар учун асос бўлади.
Албатта, маслаҳат бериш осон! “Ахир миттигина бир янги иш очишнинг ўзи бўладими? Унинг юридик мақоми, шакли қандай бўлади? Ким бунга маблағ берарди?” каби саволлар бўлиши табиий. Бироқ, бу иш жуда қийинмас, маблағ шакллантиришнинг йўллари ҳам ёпиқ эмас, имкони бор, ахир қўлингизда қоғозга туширилган, яхши асослаб берилган, бюджети аниқ-тиниқ кўрсатилган зўр ижодий ғоя-таклиф турибди!
- Ўзингиз, оилангиз ва дўстларингизнинг беғараз ёрдамига суянинг – буни ўзингиз ҳам яхши биласиз;
- Маҳаллий ҳокимиятнинг адабиёт ва санъат учун ажратадиган бюджети мавжуд, улар билан ғоянгизни бўлишинг, бемалол ёрдам сўранг. Ҳукуматнинг ўз маблағи йўқ, балки у халқ тўлаган солиқлар ва бошқа тушумлар ҳисобига бюджет тузади, яъни сиз адабиёт ва санъат учун ҳокимиятдан маблағ сўрар экансиз, у пул кимнингдир шахсий чўнтагидан чиқмайди, бу халқ пулининг арзимас бир қисми халқ адабиёти ва санъати учун йўналтирилишини англатади;
- Нодавлат нотижорат ташкилотларни (ННТ) қўллаб-қувватлаш жамғармаси мавжуд, улар ҳар йили ННТлар учун танлов ўтказиб, энг яхши лойиҳалар учун пул беради;
- Халқаро ташкилотлар (Ўзбекистондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Япония Халқаро Тараққиёт Агентлиги (JICA), Корея Халқаро Тараққиёт Агентлиги (KOICA), АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва ҳоказо) беғараз грантлари;
- Ўзбекистондаги Гёте институти, Швейцария ҳамкорлик агентлиги, Британия Кенгаши (British Council), Виктор Гюго номли француз маданияти маркази каби ташкилотлар билан ҳамкорлик дастурлари тузиш;
- Ўзбекистон ва чет элдаги филантроплар, саховатли шахслар ёрдами – Бу нарса бир кун келиб, биздаям йўлга қўйилиши керак. Илғор мамлакатларда хусусий шахслар ўзларининг йирик моддий ва маънавий ресурсларини адабиёт ва санъат ташкилотларига, адабиёт музейларига мерос-ҳадя қилиб қолдиришади. Шу боис адабиёт ва санъат мустақил ва ривожланган.
Бугунча шу; бу мавзуда ҳали кўп керакли маълумотларни ўртоқлашаман, инша Аллоҳ! Ёзганларимдан хулоса чиқариб, ҳозирдан ўзингизнинг лойиҳангизни очишни ўйланг, ёрдам-маслаҳат керак бўлса, менга тортинмай айтиб туринг, ижодкор дўстим!