Китоби Германияда босилган ўзбек ёзувчиси Боқий Мирзо билан митти суҳбат:
Аъзам Обид: Ака, асарингизнинг немисча таржимаси, Германияда босиш фикри қандай туғилганди?
Боқий Мирзо: Мен ёшлигимдан чет элда, айниқса, Европада китоб чиқаришга қизиқардим. Ўзим немис адабиётини яхши кўраман ва кўп ўқийман. Бунга сабаб отам бўлганлар. Урушдан кейин Берлиндаги комендатурада тўрт йил ишлаганлар, немис тилини ўрганиб, немислар билан яқиндан танишгач, маданияти, маърифати ва ишлаб чиқаришига қойил қолганлар. Урушда бу халқнинг айби йўқлигини билганларидан сўнг кўпчилиги билан ҳатто дўстлашганлар. Мен – мактаб ўқувчиси бу гапларни эшитиб, қўрқардим, чунки мактабда бизга немисларни фашистлар деб ўқитишган, уларни мақтаган одамни сиёсат ёқтирмасди. Анча йиллар ўтгандан кейин ўйлаб дадамга қойил қолганман. Немис адабиётига қаттиқ қизиқиб қолганман. Китобимни немис тилига таржима қилдириш ва у ерда бостириш фикри шу қизиқишнинг ҳосиласи деб ўйлайман. Қолаверса, Зоҳиджон Содиқов аввал И. Нишоновнинг “Афғон шамоли” романини таржима қилиб тажриба орттиргани менга қўл келди шекилли.
А.О.: Германиядаги нашриёт билан қандай қилиб боғландингиз ва ё улар Сизни топишдими?
Б.М.: 2014 йилда таржима битгач, Зоҳиджон билан фикрлашдик. Исоқжон Нишоновнинг китобини босган “Шлоссер”нашриёти билан алоқага чиқишдан олдин Берлинда ва бошқа шаҳарлардаги нашриётлар билан боғландик. Аммо қизиқарли жавоб ололмадик.
Ниҳоят, Франфуркт нашриётига романнинг қисқача мазмунини жўнатсак, сюжетига қизиқиб қолди. Бир неча ойдан сўнг таржиманинг тўла матнини юбордик. Уларга роман маъқул келди. Аммо нашриёт хорижий муаллифлар билан шартнома асосида ишлашга ўтгани муносабати билан биздан 25000 евро сўради. Улар кўп минг нусхада босишни режалаштирганлари учун бу пул китоб учун сарфланадиган маблағнинг ҳаммаси эмас, муаллиф ҳиссаси экан.
Тўғриси, бошимиз қотди. Менда китобга тикадиган бунча пул йўқ, ҳатто дўстларимда ҳам топилмасди. Лекин романни Германияда бостириш азалий орзум бўлгани учун ундан воз кечолмасдим. Шунинг учун Якуб Таубе билан маслаҳатлашиб, “Шлоссер” нашриётига чиқдик. Улар нашр учун арзимаган сумма таклиф қилишгач, иш юришиб кетди. Шундай қувондимки, орзулар остонасидаги болага ўхшардим.
Мени немис адабиёти ва маърифатига қизиқтирган отам китобим шу тилда ва мамлакатда босилишини жуда хоҳлаганлар, мен ҳам орзу қилардим, аммо отам анча аввал вафот этдилар. Отам китобни кўролмай армонда кетганларидек, мен уларга суюнчилай олмай армонда қолдим…
Ҳа айтгандай, Франкфурт нашриётида китобим босилмаган бўлса ҳам, у мени унутмади. Тўрт йил давомида Европада ўтказилалдиган халқаро китоб фестивалига таклиф қилди. Афсус, мен иш билан банд бўлганим учун боролмадим. Вақтим бўлганда эса таклиф тўхтаган, мен эса Америкага кетган эдим.
А.О.: Инша Аллоҳ, ҳали Германига кўп борасиз, ўқувчиларингиз билан учрашувлар қиласиз!
Якоб Таубе билан учрашганмисиз ва ё хабарлашиб турасизми? Асарингиз таҳрири жараёнида иштирок этганмисиз?
Б.М.: Якуб Таубе (уни Ёқубжон деймиз) билан учрашмаганман, аммо таҳрир жараёнида кўп гаплашдик, айрим сўзларнинг маъносини изоҳлаб беришимизни, ибораларни тушунтиришимизни сўраган. Зоҳиджон билан саволларига батафсил жавоб қайтарганмиз. У миннатдор бўлган.
Нашр жараёни бошлангач, муқова дизайни масаласида фикр сўрашди. Мен интернетга кириб кўкка қараб улиётган бўри суратини топдим, шуни қўйиш мумкинлигини Якубга айтсам, нашрёт ҳам уни танлаган экан. Бунга сабаб немис адабиётини кўп ўқиб, улардай фиклашга одатланганим бўлса керак деб ўйлайман!
Якуб инсон сифатида эътиборли. Туғилган кунларида уни ўзбек тилида табриклаб тураман.
А.О.: Китобингиз Германия китоб дўконларида сотувда борми? Немислар ўқияптими, хабарингиз борми?
Б.М.: Китоб босилганига беш йил, шартномамиз тугаганига уч йил бўлди. Ҳозир сотувда борми-йўқми аниқ айтолмайман. Немисларнинг энг китобхон, маърифатли миллатлигини ҳисобга олсак, китобга бефарқ бўлишмаса керак.
Тўрт йил олдин интернетга кириб, китоб ҳақида билишга қизиқдим. Интернет дўконида бор экан, анчагина одам танишган, фикрлар ҳам бор. Аммо немисча ва инглизча бўлгани учун мазмунини тушунмаганман. Унда мен бошқа асарлар иштиёқида бўлганим учун эътиборсиз бўлганман шекилли…