“Илк нур” тажрибаси

   

“ИЛК НУР” НИНГ ИЛК ҚАДАМЛАРИ

Аъзам ака беихтиёр масъулиятли бир ишни бўйнимизга юклаб қўйдилар. Бир мақолаларида ижодий жамоа тузиш ҳақида батафсил сўз кетади. Буни ўқидим-да, ўзларига хабар жўнатдим. Ака, сиз айтган барча жараёнлар бошимиздан ўтган, шунақа жамоа тузганмиз деб. У киши мақолага бўлган муносабатдан руҳланиб, телеграм саҳифаларидаги яна бир постларида жамоамиз тарихи ҳақида бир пост қўйишларини айтганлар. Постни ўқиб, гап мен ҳақимда эканини билиб шошиб қолдим. Ахир, Аъзам ака аввал постни саҳифага қўйиб, сўнг менга узатганлар. Ахир, биз у ишларни беминнат, аср бошидаги миллатпарвар зиёлиларимиз йўлини давом эттириш учун қилгандик, дедим ичимда.

Шу инсоннинг бир гаплари жуда мен боп. Яъни: Кетмангиз! Шу Ватан бағрида кучларни бирлаштирингиз! Кичик-катта ижодий лойиҳаларни бошлангиз!

Мактаб ва лицейни битирдик. Олий таълимга борай десак имкониятлар кам. Ўзимиз тенгилар ота-онасини соясида ҳали мактаб, ҳали бир ташкилотда ишлаб юришибди. Қолганлари чет элларга бориш умидида. Ҳеч қачон чет элда ишлаш ниятим бўлмаган.

Ўша кезлар йигирма ёшда эдим. 2011 йил йилнинг ёзи. Вилоят миқёсидаги ёш ижодкорлар танловида биринчи иштирок этишим. Катта синф хонаси шеърият йўналишидаги иштирокчилар билан тўлган, ёшлар бир-бир ҳакамлар суҳбатидан ўтишарди. Бир иштирокчи баланд овозда шеър ўқиб берди ва бу ҳолат эътиборимни тортди. Бироз олдин ўзим ҳам савол-жавобдан ўтган бўлсам-да, шеър ўқиб бермаганимдан ўкиндим. Суҳбатлар якунланай деганда ҳакамларга қараб: “Ахир кўпчилик шеър ўқиди. Мен эса йўқ. Ҳаммага бир кўз билан қаранглар-да”, деганим эсимда.

Ҳақамлар Бобур Бобомурод, Бобоқанд Умаров менга кулиб қараб: “Энг яхши шеърингизни ўқинг, қани”, дейишди. Бир жуфт ўқидим. Бобур ака эътироф этиб ўтдилар. Хуллас, танлов суҳбати якунланди. Хонадан юрагимиз орзиқиб чиқаётганда танлов иштирокчиларидан бир қиз кўзида ёш билан тошкентлик ҳакамга мурожаат қилаётган эди. Бобур Бобомурод: “Қизим, кўпроқ ўқинг, изланинг, тўгаракларга боринг, устоз кўринг…”, дерди қизни юпатган бўлиб. Қиз эса “Ахир бизда Сиз айтган бирорта тўгарак йўқ. Мен кимдан ўрганай?” дея кафтлари билан юзини беркитганича жойига бориб ўтирди. Бу қиз нуроталик бўлгани учун ҳам ҳолатни кузатиб туриб таъсирландим. Унинг гаплари рост эди. Тақдирлашу минбарларда манаман бўлган ҳам назм, ҳам насрни тушунган ҳеч бир киши биз кабилар билан шуғулланмасди. Мен ҳам қирқтача шеърни қўлтиқлаб тўғри танловга келган эдим. Тўгаракларга бормаганмиз, устоз кўрмаганмиз. Мен танловда иштирок этишни муҳим, деб билгандим.

Хонадан чиқаётганда Бобоқанд Умаров танлов ғолиблигига даъвогарлардан бўлган ёш шоир Ифтихорга мени вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси билан учраштиришни, “Дўрмон” семинарида қатнашиш бўйича тавсия этишни тайинлаётганларини эшитдим. Ифтихор жараёнлар давомида камтар, самимий бўлиб мен билан киришиб кетди. Танлов жавоби эртага эълон қилинишини эшитиб мени ва яна бир хатирчилик йигитни уйига таклиф қилди. Бир кеча Ифтихорларникида бўлдик. Эртасига уюшма вилоят бўлими раҳбари билан учрашдик. Суҳбат давомида устоз адабий билимларимни текшириб, А.Навоийдан ёдлаган ғазалларни айттирдилар, қоғозга ёздирдилар ҳам. Туман газетаси таҳририятига бориб, у ерда иш ўрганишим кераклигини тавсия бердилар.

У ердан чиқиб танлов натижасини суриштирдик иккимизга ҳам ғолиблик насиб қилмади. Тавсияга мувофиқ биринчи бор туман “Нурнома” газетаси таҳририятида олти ой иш ўргандим. Ҳа, бировдан сабоқ олганим йўқ. Ўзим ўргандим. Жараёнларга аралашолмасдим лекин ҳар бир ҳаракатни ўргандим. Илк шеърим, мақолам ва ҳикояларим ҳам шу гезетада чоп этила бошланди.

Бу даврда вилоят гезеталарида ҳам ижодий машқларим билан чиқа бошладим. Вилоят, Республика миқёсидаги ижодий танловлар, фестивалларда совриндор бўлиб қайтардик. Шу орада танловларга қатнашар эканман, яна туманимиз ёшларининг имкониятлари ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда етарли эмаслигини сезиб қийналар эдим. Ахир, ўзим ҳам шу ёшлар қаторида эдим.

Туманимиздаги соҳа вакилларидан самарали фойдаланишни ўйлаб, бир ижодий клуб, тўгаракка ўхшаш жамоа тузиш кераклигини истадим. Лойиҳа туздим. Мақсади, вазифаси, туман адабий муҳитидаги ўрин ва ўзига хос ном ҳам топдим. Бу ном “Илк нур” бўлди. “Илк” сўзи-адабиётга, бадиий ижодга энди кириб келаётган ёшларга тааллуқли бўлса, “нур” эса- жажжи юрагида катта бир жасорат билан адабиётга дахлдор пок ва нурли ижодий асарлар тимсол қилиб олинди.

Ташаббусим ўша пайтдаги ёшлар ташкилоти манфаатларига мос келгани учун қўллаб-қувватланди. Тўгарак шу ташкилот қошида ташкил этиладиган бўлди. 2013 йил 31 январь куни икки юздан зиёд туман ёшлари ҳамда адабиёт, матбуот, таълим тизими вакиллари иштирокида тантанали очилди. Устозлар томонидан тўгарак раҳбарлигига мен тавсия этилдим. Менинг ниятим туман, вилоят, Республикадаги ижод намояндалари томонидан туманимиз ёш ижодкорларига дарслар ташкил этиш эди. Ўзим ҳам бу дарсларда тингловчи бўлишни астаган эдим. Аммо 1 февралдан ёш жамоага раҳбарлик қилишни бошладим. Жамоа тузиш ҳақидаги таклифим менинг беминнат бу даврага вақт ажратишим сабабидан қўллаб қувватланганди. Яъни, моддий манфаатдорликсиз ҳар шанба асосий ишимдан ташқари шу жамоам билан шуғулланардим.

Назм, наср, бадиий публицистика йўналишларини адабиётларда ўргандим, жаҳон адабиёти тажрибаларини ўзлаштириш йўлида изландим ва бу билимларимни туманимиз ижодкорлари билан бўлишдим. Шу тариқ маҳаллий ижодкорлар билан катта мақсадларни кўзлаб бирлашдик.

Дастлаб ўттизга яқин ёшлар ўз фикр-мулоҳазалари билан тенгдошларининг ижодини баҳолашда, тузатиш ва қўшимча киритишда иштирок этишди. Ижодкорларни янада рағбатлантириш, ижод намуналарининг матбуотда ёритилишига эришиш ҳамда туман таҳририяти тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида 2015 йилдан жамоамиз “Нурнома” газетаси қошида фаолиятини давом эттира бошлади.

Ўтган йиллар давомида “Илк нур” ижодий жамоаси юзга яқин ёшларга адабий-бадиий сабоқ берди, ўн нафар соҳа вакиллари билан хусусан, вилоят Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Баҳриддин Садриддинов, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шаҳрати” ордени соҳиби Шарбат Мухторова, туманимиз тажрибали ижодкорларидан Раҳмон Асатов, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби Чаман Жонузоқова, “Юрт келажаги” танлови ғолиби Ифтихор Хонхўжаев ва бошқа фидоий зиёлилар иштирокида учрашувлар, бадиий кечалар ўтказилди. Тиконли, Сиртсулув, Қадоқ, Чашма, Ғозғон, Қўшработ туманидаги Қўрғон қишлоқларида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Икки нафар ижодкоримизнинг шахсий биринчи китоби чоп этилди, икки ижодкоримиз “Юрт келажаги” танлови республика босқичида, яна тўрт нафари эса ёш ижодкорларнинг “Истеъдод мактаби” минтақавий симинарида фаол қатнашди. Республика, вилоят, туман матбуот нашрлари саҳифаларида юздан ортиқ тўгарак аъзоларининг ижод намуналари чоп этилди.

Албатта ташаббусларимиз, тарғибот ишларимиз мазмун-моҳиятини англаб, таклифларимизни кўллаб-қувватлаган туман ҳокимимиз Қ.Турсуновга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Юқоридаги сўзлар жамоамизнинг илк сайланма “Ёшлик сатрлари” китобидаги менинг “Нур бўлиб ёздик…” мақоламдан бир парча. Китоб 2016 йил май ойида “Янги аср авлоди” нашриётида беш юз нусхада чоп этилди. Жамоамиз ташкил бўлганлигининг уч йиллиги муносабати билан чиқарилган китобимиз тақдимотида олти юздан ортиқ катта-кичик инсонлар иштирок этишди. Тақдимотда мана шу мўжаз, туман тарихидаги илк ижодкорлар китобини молиялаштиришда бош бўлган туман ҳокими Қобул Турсунов ҳам шахсан қатнашдилар, нутқ сўзладилар (Меҳнат жамоалари миллий байрамлар, касб байрамлари муносабати билан ташкил этган тадбирларида туман ҳокимини кўришни исташарди. Бизни тақдимотимизга келганларининг ўзи шаҳримизда анча эътироф этиб ўтилган). Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Раҳим Қодиров эса меҳмон сифатида келиб илк китобимизга баҳоловчи маъруза қилдилар. Филология фанлари доктори, профессор Абдуҳамид Холмуродов эса сўз боши ёзиб берган эдилар.

Барча китоблар туман тадбирларида фаол ёшларга, сиёсий жараёнларда биринчи сайловчиларга тарқатилди. “Илк нур” китоби орқали, ахборот воситаларда лавҳалар, суҳбатлар орқали маҳаллий халқ орасига кириб борганидан хурсанд бўлгандик.

2016 йил сўнгги ойларида туманимизни ижтимоий қатламини ривожлантириш мақсадида каттагина маблағ ташлаб берилган. Ўша маблағнинг бир қисмидан уч нафар ижодкор қизимизнинг илк китоблари чоп этилди. Жамоамиз аста секин илм муваффақиятларга эришаётганидан, бу марралар мақсад қилингани ва амалга ошганидан завқланардик. Кунларнинг бирида 2017 йил августда мен ўқишга кирдим ва тўгарагимиз фаолияти тўхтаб қолди.

Энди, мана шу беш йиллик даврдаги мураккаб вазиятларга алоқадор мулоҳазаларимни бўлишсам. Эссемизни мана шу қисми Аъзам аканинг қарашларига мос келса ажабмас.

Мактаб, лицейдан сўнг илк катта мутолаани жадид адабиётидан бошлаганман. “Истиқлол қаҳрамонлари” рукнида чоп этилган бир қанча маърифатпарвар зиёлилар асарлари жамланган китобларни маҳаллалар кутубхоналаридан топиб олиб ўқирдим. 2012-йиллар китобхонлик кенг тарғиботга эга бўлиб ривожланмаганди. Хозирги вазиятни ана шу пайтлар орзу қилиб, бир ўзим шаҳарда якка у ердан китоб олиб, бу ердан журнал сўраб юрганим эсимда. Вақт ўтиб илм ва адолатпарвар жадидларни таъсири ҳаётимда билинди, албатта. Биринчидан, ҳар қандай шароитда ҳам фикримни ўзбек тилида ифодалашга интилганимдир. Мен яшаган шаҳарчада бу жуда катта ўзгариш эди. Иккинчидан, мен мактаб бўлмаса-да, бадиий клуб, тўгарак очишга киришдим ва буни расмий бир ташкилот қошида қилиб амалга оширдик. Дастлаб,  “Камолот” ёшлар ташкилоти қошида бу ишга оқ йўл беришди. Вақт ўтиб, биз ўз натижаларимиз, тарғиботларимиз билан туманда анча танилдик.

Тўпламимиз чиқиши арафасида ташкилот раҳбари мени чақириб, тўпламда тўгарагимиз номи – “Илк нур” деган сўз бўлмаслигини, китобга сўз бошини кимё фани ўқитувчиси бўлишига қарамай ўзи ёзишини айтди. Бунга рози бўлмадим. Ахир, болалар “Илк нур” атрофига бирлашишган, дедим. Кўнмади. Болалар билан маслаҳат қилдик, улар ҳам асабийлашишди. Бир икки ҳафта ўтиб, яна, бир икки фаол ижодкорлар билан раҳбарнинг кабинетига кирдик. Яна савдомиз пишмади. Биз шу сўз бўлмаса китобни тан олмаймиз десак, у мен айтган бўлади, деб турарди. Охири, тўгарак у раҳбар ташкилот ортидан мавжудлигини, аслида ҳеч бир жиддий ваколат мени қўлимда йўқлигини айтиб майдалашиб гапирди.

Мени адолатсизлик бўрондек уйғотишини ўша пайтлар ҳатто ўзим ҳам билмасдим. Қаердан куч келиб, ўнг қўлим кафти билан унинг иш столига зарб билан урдим-да, ўрнимдан туриб жиддий, оғир маъноли сўзларни балантлатиб айтдим. (Виждоним олдида ҳам шунчаки, кўримсиз, дағал маънода ўзбек тилида сўз айтолмайман. Ўшанда, анча сўз бойлигимдан фойдаланганим, ўша худбин раҳбарни шаҳдини сўндирганим аниқлашди. Биз шарта туман ҳокимлиги муассислигидаги газета қошида фаолиятни давом эттирдик). Тўгарак  ташаббусини маош олиш учун қилмагандим. Менга сиёсий партиядаги беш кунлик ишим учун берилаётган маош албатта етар эди. Шанба дам олиш кунимни “Илк нур” тўгарагига бағишлардим. Бошқаларга қилаётган ишим, фойда олмаётганим учун ғалати, истиқболсиздек туюларди назаримда. Ахир, жадидчилардан илҳомланганимни ҳеч кимга тушунтириб беролмасдим. Бегали Қосимовнинг жадидчилар тарихига бағишланган асарлари чанг босиб ётарди кутубхоналарда. Уларни топиб ўқишда қийналганман.

Шу зайл бизга қасд илинжида уларнинг компьютерларида ёзилган шеърлар, ҳикояларни ола билмадик. Улар ўзлари уларга бўй сунадиган, яқин қариндошлари бўлган, мактаб кўрмаган бир қанча ғўр ёшларни ижодларини жамлаш ва ҳоким бободан ўзларининг китобларига моддий ёрдам берилишига ишонишарди.

Биз жамоамизни танланганлардан тузганмиз. Вақт, иқтидор керак бўлганларга жавобларини берган эдик. Ҳоким бобога ҳам тортишувимиз етиб борган экан. Мендан бу ҳақда сўрадилар. Бор гапни айтдим. У киши мен томон бўлдилар. Ва яна айтишим мумкинки, ўша кезлар ёшлар ташкилотини бошқарган раислар хоҳ вилоят, хоҳ туман бўлсин ёш ижодкорларни китобларини чиқардик, деган ҳийлалар билан ўзлари ёзмаган сўз бошиларини китобга қўшиб очко олишга интилишар эди. Бизнинг туманда мана шу ҳийла амалга ошмади. Бизга ҳатто битта китоб ҳам тақдим этмаган, очилиш тадбиримизда жамоамиз истиқболига ишонмай битта тадбир бўлди, деган илинж билангина ўн минут ўтирган ташкилот қандай қилиб бу жамоа ташкилот қошида деган важ билан ёшларни ҳиссиётларини ўзининг манфаатларига бўй сундириши мумкин. Бунга йўл қўймадик.

 Машғулотларни ҳар шанба кунлари ташкил этардим. Асосий дарсимиз соат 14:00 да коллеж фаол ёшлар хонасида бошланарди. Мана шу хона биз учун қадрли. Коллеж директори ва ёшлар етакчиси бизга шу хонани беминнат фойдаланишда имкон беришган. Эрталаб эса мактабларга бориб, тўпланиб турган ёш истеъдодлар билан ишлаб келардим. Қанча иқтидорларни кузатдим. Улар сўзларингизни жим тинглаб туради ва вазифаларингизни, берилган ҳолатларга тасвирларингизга чиройли ҳикоя, шеър ёзиб келиб яна жимгина ўтиришлари, мана шу менинг ишимга бўлган муҳаббатимни оширарди. Ҳеч қандай манфаатларсиз, таъмаларсиз кечарди ҳаракатларимиз. Улар мени ҳайратлантирар эдилар, мен уларни ўз ўғлим, қизимдек авайлаб гапирардим. Ўн ёшлисини ҳам сизлардим.  Бу жараёнлардаги мураккабликлар нимада эди. Мактабларда баъзида бўш хона тополмас эдик. Асосий машғулотлар ўтадиган коллеж биноси болаларга узоқлик қиларди ёки бўш вақтлари тўғри келмасди.

 Туман гезетаси қошига ўтганимиз ҳам ҳеч қандай бизга кўмак кўрсатмасди. Онада-сонда болаларнинг шеърлари чоп этилиб турарди. Менга газеталарга чиқиш қизиқ эмасди. Менга жараён қизиқ эди. Ривожланиб бориш муҳим эди. Ёшларга эса албатта матбуотда чиқиш орзу эканлигини яхши англамай қолганман гоҳида. Зўр бир нарса ёзишса ҳам таҳлилини қилиб, тавсиялар бериб, тўплам китобимизга ёзиб қўйинглар, деб яна бошқа машғулотларга шўнғиб кетар эканман. Бир давр бир қисм болаларни мана шу тадбирсизлигимиз туфайли бой берганмиз. Ахир, биз доим газеталарга бир қанча шеърларни бериб турганмиз. Бироқ, тўгарагимиз номи кўрсатилмай чиқарди. Ҳа, майли муҳими чиқди деб қўйсак, болаларга бу маъқул келмас эди. Улар жамоамиз номига жуда ихлос қилишганди. Туманда ҳам бу ном анча тилга олинадиган бўлганди. Бу икки сўз аслида туркча исм эканлигини кимдир биларди, кимдир йўқ.

Бир кун денг, бир хилликдан зекиришган шекилли хонага киришим билан болалар олдимга масала қўйишди. Ака жамоамизни ёпамиз. Бу фикр катта ёшлилардан чиқаётган эди. (Улар машғулотга келишдан ташқари ёшлар ташкилоти тадбирларида ҳам қайсидир ўринларда иштирок этиб юришарди. Ўша ердагилардан кимдир орамизга парокандаликни солиб, жамоани ўзларида ташкил этишмоқчи бўлишган.) Нега? Шунга. Аниқ сабаб ҳеч ким айтолмайди. Ичимда кулиб қўяман. Уларни тинчлантириб, бир ҳафта ўтиб дарсга “Бизнинг империя”, деган таъсирли бир эссе ёзиб келдим. Албатта, таъсир қилди. (Ўша эссени топа олмадим. Илова қилолмаганимдан афсусдаман)

Биз Нуротанинг қаерларига бормадик. Эргаш Жумамбул ўғли яшаган Қўрғонларни зиёрат этдик, Оқ тов, Қора тов этакларида тоза ҳаволарни симирдик, шарқироқ сойларидан сув ичдик, муаттар лолалар тердик. Минглаб ёшлар билан суҳбат қуриб, уларни ўзимизни мақсадларимизга ишонтирдик. Қишлоқларда биздек жамоалар бўлишини, ташкил қилиб кетишимизни исташарди. Ўнга яқин аъзомиз ҳатто узоқ йўлга қарамай ҳар шанба куни машғулотларга келиб кетишарди.    

2016 йил ноябр охири эди. Туман ҳокими Сенат қўмитасига раис этиб тайинланган, туманимиз ҳокими ўзгарган эди. Президентлик сайловларига оз кунлар қолганди. Ўша кезлар ҳокимиятдан менга телефон бўлдики, туманимиздаги ижтимоий қатламни қўллаб-қувватлаш мақсадида катта маблағ ажратилган. Маблағнинг бир қисми 15 млн. сўми тумандаги кам таъминланган ёш ижодкорларнинг китобларини чиқариш учун сарфланиши кўзланган экан. Мендан ёш ижодкорларни тавсия беришим кераклигини сўрашди. Ўнга яқин жамоамиздан фаол ўғил-қизни тавсия бердик. Шундан сўнг янги 2017 йил кириб келди. Номлари рўйхатда бўлган дўстларимизнинг китобларини шакллантиришни бошлаб юбордик.

Январь ойи ўрталарида “Маҳалла” жамғармаси ҳисобчисини кўриб қолдим. Албатта, асосий  иши бўйича. У киши хайрлаша туриб, туман ёш ижодкорларига ажратилган ёрдам пуллари камайиб бораётганини айтиб қолдилар. Пул тушганидан хабаримиз йўқ, дедим. Беш миллиони, қолди дея хайрлашди у киши. Мана адолат, дедим. Янги ҳоким қабулларига кириб, бўлган воқеани сўрадим. Ишнинг миси чиқиб, сенга ким айтдига тушдилар. Ўринбосарларига тушиб, ёрдам сўрашимни айтдилар. У одамни бир ой кутдик, Тошкетдаги ўқувдан келишларини. У киши ҳам ишдан кетиб, бошқа ўринбосар хеч нима билмаслигини ишончсиз айтганидан сўнг қаттиқ хафа бўлдим. Адабиёт учун, мурғак қалблар орзулари учун ажратилган ризқ-насиба қаерга кетганлигидан ҳайрон эдик. Мажбур Президент қабулхонасига бориб масалани ҳал қилишларини сўрадим. Бу кунига телефон бўлди. Китоблар шартномасини олиб келинг деган. Бемақсад сарф бўлган 10 млн. сўмнинг тақдири ҳам менга аён бўлди. Шу тариқ уч нафар ижодкор қизимизнинг 200 ададда китоблари чоп бўлди яна бир катта адабиёт байрами ташкил этиб ғалабамизни нишонладик.       

Ишонч билан айта оламан, ўзимдан тортиб, деярли барча аъзоларимиз ҳозирги кунда олий таълимда ўқиб ўрганишмоқда. Баъзилари битириб ҳам чиқишди. Яна жамоамизни тиклаш умиди билан менга алоқага чиқишмоқда. Ўша кезлари дарсларда доим бир гапим бўларди: “Бу ёзганларингиз ҳеч нимани ҳал қилмайди. Албатта, олийгоҳларга мана шу йўналишда киришни мақсад қилиб, сўнг бу ерга келинг”, дердим. Жамоа раҳбари сифатида барча ишларни охиригача тузиб, режа қилиб чиққаним эсимда. Тўгарагимиз фаолиятини ҳар ким ҳам газетадан кўролмайди, деган хулоса билан ҳар бир мактабда “Илк нур” стенд газетасини йўлга қўйишни ҳам ўйлаб қўйган эдик. Ҳозир эса бу ишларни қилсангиз кулгили бир ҳолдек туюлмоқда. Ҳозирги ёшлар телефондан ортишмайди. Стендга қарашармиди. Мана шунақа гаплар.

 

Жамшид Бўрон,

ёш ёзувчи