Ўзбекистонга истеъдод керакмас

КЕТИНГИЗ!
Жонтемир,
Бу тузум ва тизим кўплаб сермаҳсул катта истеъдодларни ҳам – жумладан, шоир Жамол Камолни ҳануз ТВга чиқаришга юрак бетламаётган, ҳақпараст ёзувчилар Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ва Набижон Бокий
ни ўзича уюшмадан ўчириб қутулган, шоир, журналист, собиқ сенатор Карим Бахриевга бирор лавозим беришдан чўчиб турган – назарга илмаётган аросат бир нарсадир.
Аммо…
Замонавий, биз яшаётган дунёда истеъдод – бу фақатгина энг яхши китобхон бўлиш, энг яхши шеър ё роман ёзиш эмас. Энг ривожланган мамлакатлардаям истеъдодни бевосита давлат атайин қўллаб-қувватламайди. Нормал мамлакатда нормал яшаш, ишлаш ва ижод қилиш учун имконият ҲАММА учун тенг қилиб яратилади. Ўша жамиятдаги истеъдодлар мавжуд имкониятдан кўпроқ ва самаралироқ фойдаланади, холос, ва илгарилаб кетади.
Сизнингча, данғиллама ҳовли, икки-учта квартира, дала ҳовли ва машинали халқ шоиримиз ё ёзувчимиз ўзига тўқлиги учун оммалашиб кетган зўр асарлар ёздими, ё қўлма-қўл ўқиладиган китоблар чиқардими? Ёхуд 700 га яқин уюшма аъзоси ичидан ақалли бир, икки, уч нафари зўр ижодкор сифатида дунёга танилиб кетдими? Яқинда уйли бўлганларнинг ичида истеъдодлиси ё сал мундай ичи бутуни нечта?
Хўш, сиз айтаётган, унча қиммат бўлмаган китобни сотиб ололмаётган истеъдод ким? Мендан сўрасангиз, ҳали ундай кишиларни истеъдодли демай турган бўлардим.
Истеъдод – ўта ночор қолганда ҳам бандасидан бирор нарса кутмайдиган, тамаъ қилмайдиган, умидворликдан қутулган, Аллоҳгагина таваккал қиладиган шахсдир!
Истеъдод – ўз уддасидан ўзи чиқадиган ва атрофдагиларгаям ёрдам қўлини чўзадиган одамдир!
Истеъдод – бошқаларгаям биринчи бўлишда, олдинроққа силжишида елка тутадиган инсондир!
Истеъдод – энг яхши нарсаларни ҳамиша бошқа ижодкор дўстлари билан бўлишишни канда қилмайдиган содда, тозақалб мўминдир!
Агар сиз истеъдодли деганда яхши асарлар битаётган талабалар ва мактаб, олийгоҳ ё бирор таҳририятда ишлаётган ёш йигит-қизларни назарда тутаётган бўлсангиз, уларнинг аксари “дуэлчи”ликдан юқорига кўтарила олмаяпти. Нега?
Менимча, кўпчилигининг мақсади ва матлаби анча примитив, орзулари эса чекланган ва маҳаллийлашган. Улар, нари борса, ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш ва имтиёзлардан фойдаланишни энг катта орзу деб билади.
Айтинг-чи, тенгдош ё талаба дўстларингизнинг ичида неча нафари хорижий тилларни яхши ўзлаштириб, чет элларда таълим олмоқда? Неча нафарининг зўр ғояси бор-у, ўзининг мустақил ижодий лойиҳасини очиб, атрофига ҳаммаслакларини йиғиб, ажойиб жамоа тузган?
Дўстларингизнинг қанчаси, масалан, инглиз тилида халқаро давраларда ўзи, адабиётимиз ва илғор ташаббуслари ҳақида эмин-эркин нутқ сўзлаб, китобхонлар ва аудитория эътиборини ўзига қарата олади? Нечтаси халқаро лойиҳаларга очилган ё иштирок этяпти?
Аксаримиз дипломли бўлгач, ўқитувчилик, муҳаррирлик, журналистлик қилиш билан чекланамиз. Бош муҳаррир ё уюшманинг бирор вилоят бўлими раҳбари бўлиш билан эса ижодий миссиямиз тугайди. Қачон сизлардан элчилар, вазирлар, президентлар чиқади?
Қўрқмангиз! Ижодий соҳада ўқиган бўлсангиз, магистратурангизни бизнес, иқтисод, дастурлаш, туризм соҳаларига ўзгартиринг! Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналари, хусусий сектордан иш изланг! Ўзингиз илғор технологияларни олиб киринг! Энг замонавий компьютер фирмаси менежери, Марсга учадиган ракета ишлаб чиқарувчи завод директори бўлинг! Ижод ва илҳом илоҳий нарса, юққан бўлса, ҳар қандай ҳолатдаям ёзиш, чизишга имкон топса бўлади. Ҳаёт ва истеъдод эса абадий эмас. Юрагингизга боқинг!
Жонтемир, сиз ва дўстларингиз энг илғор мамлакатларга ўқишга кетингиз! Мен илгари “кетмангиз!” деб жар солардим, бу гапим қора ишчиликка кетаётган миллионлаб қора кўзларимиз армияси учун эди. Истеъдодли ижодкорларга қарата, ҳозирча бу ерда қолмангиз, дейман.
Модомики, ўз ижодий лойҳангизни очишга кўзингиз етмаётган экан, танбал ва уйқучи бўлмасангиз, инглиз тилини чуқур ўрганган эсангиз, энг илғор мамлакатларга, ҚАЙТИБ КЕЛИБ, ВАТАННИ РИВОЖЛАНТИРИШ НИЯТИ БИЛАН, кетингиз! “Митти кўприк” каналимни кўринг, хорижда ўқиш, мустақил ижодий лойиҳалар очиш ҳақида жуда кўп имкониятларни улашганман.
Илтимос, ҳозирча, бу ерда қолмангиз! Борди-ю кетгач, келгингиз келмай қолса ҳам, ҳеч нарса ютқизмайсиз! Истеъдодлар курраи заминнинг қаеридалигидан қатъи назар, қанча кўп бўлса ва қанча кўпроқ имкониятлардан фойдаланиб, муваффақиятларга эришса, бутун инсоният учун шунчалик яхши ва фойдалидир!
Билишимча, ҳозирча Ўзбекистонга истеъдодлар умуман керак эмас! Кетингиз, азизим! Кетингиз, истеъдодлилар!
Аъзам Обид
Истеъдодсиз, мустақил ижодкор