Совға
“Илтимос, олинг, бу сизга” – Биринчи январь куни Муслима туғруқхонадан келинлик уйига тушаркан, қўлидаги чақалоғини атиги икки йилгина турмуш қуриб, туғмаслик тамғаси билан ҳайдаб юборилган, жовдираб турган қайинсинглисига узатди.
Орзу
Азон овозини эшитиши ҳамоно савдосини тўхтатиб, масжидга ошиқадиган ҳов анави қорамағиз келишган йигит меники бўлсайди, дея ҳар куни юраги орзиқади оқ баданлар ўлкасида тўнғиз гўшти сотувчи малласоч қизнинг.
Қўшничилик
Чўнқайганча подъезд йўлаклари-ю зиналарни содали ва хлорли сув билан яхшилаб ишқаб юваётган “Жип” ҳайдовчи қўшни амаки лой ғилдиракларга кўзи тушаркан, митти ён қўшнига ялинади: “Велосипедингни кўтаришиб қўйсам майлими, болажон?”