Аууу, АОКА!

Аууу, АОКА!
Гўзал ва камтарин бир таржимон опамиз таржималаримизни чет элларда нашр эттирсак бўладими, деб сўраяптилар.
Албатта, бўлади! Фақат бу ишни Сиз ва биз ўз кучимиз билан амалга оширсак, нари борса қилган ишимизни ЎзА дан тортиб Кун.узгача ёритади, аммо натижали ҳеч иш бўлмайди.
Яъни, масалан, Навоий ғазаллари ва унга шарҳларни Америкада ё Ҳиндистонда чоп эттирдик, дейлик. Бу бир муддат, яъни февраль ойидагина урра-урра, шов-шув бўлади, холос. Тузукроқ бошқа иш қилганларни топа олишмагани учун Сизни радио, ТВга олиб чиқишлари, ҳайкал олдида митти нутқ ирод этишга чақиришлари мумкин. Тамом! Аслида Сиз ўзи нима қилганингиз билан ҳеч ким жиддий қизиқмайди, ўша таржима асар қани, деб ҳеч ким сўрамайди ҳам, уни кўпроқ нусхада бошқа инглиззабон мамлакатларда чоп этиш, тарғиб этиш каби масалалар бировнинг тушигаям кирмайди.
Кейин аллакимларнинг кўксига медаллар тақилади, кимлардир диплом ва совғалар олади, лавозими оширилади ва ҳоказо.
Агар ҳукумат камина ўзбек адабиёти ва санъати тарғиботи йўлида қилаётган арзир-арзимас ишларим учун бирор мукофот таклиф этса, қабул қилсам ўлай агар! Агар мажбурлаб тиқиштиришса ҳам, ўша мукофотларини совуқда дилдираётган, оч-юпун энг муҳтож оилаларга ҳадя этардим!
Хўш, ўзи Ўзбекистонда адабиётимизни чет элда тарғиб қилишга масъул бирор ташкилот борми?
На Ёзувчилар уюшмаси, на Навоий номини олган институт, ё университет, музей, жамғарма, ижод мактаблари ва на бошқа муассасалар “бу бизнинг асосий вазифамиз”, деб тан олади. Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихона ва ваколатхоналари (Ташқи ишлар вазирлиги) эса бу ишга ҳеч қачон жиддий қараган эмас.
Бу иш илгари силжимаётганига, албатта, ёзувчи, шоир ва таржимонлар ҳам айбдор. Уларда фаоллик умуман етишмайди. Чет элларга энди-энди чиқишни ўрганаётган, асарларини таржима қилдириб, китобларини нашр эттиришга эришаётган, хорижий бирор тилни яхшироқ ўзлаштираётган жуда кам сонли ижодкорларимиз ўз билгича ҳаракат қилиб ётибди холос.
Мана бунга алоҳида эътибор қаратинг:
“Хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш;
хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
ўзбек адабиётини тарғиб қилиш, халқаро бозорларда миллий адабиёт ва китоб маҳсулотларининг нуфузини оширишда иштирок этиш;
миллий адабиётимизнинг энг сара асарларини чет тилларга таржима қилиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқишни амалга ошириш, чет эл адабиётини ўзбек тилига таржима қилишни ташкиллаштириш, уларни молиялаштириш, сифатли чоп этиш ва тарқатиш тизимини йўлга қўйиш;
ўзбек адабиётини хорижда оммалаштиришга қаратилган халқаро фестиваль ва байрамларни ташкиллаштириш масалаларида халқаро ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, маҳаллий нашриётларга ўз маҳсулотларини халқаро китоб бозорида илгари суришга ёрдамлашиш”.
Булар, сизнингча, Аъзам Обид ўз олдига қўйган вазифаларми?
Баракалла! Бу ахир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг энг асосий вазифаларидан бири!
АОКАдаги дўстлар, бормисиз, омонмисиз?!
Мен, тўғриси, нафақат АОКАда, балки бутун Ўзбекистонда бу ишларни қойиллатиб амалга ошираётган ва ё умуман қилишни уддалай оладиган одамлар ё жамоалар борлигига шубҳаланаман. Агар адашаётган бўлсам, бу борада ҳозиргача нима ишлар қилишгани, қанча маблағ ажратилганини кенг жамоатчиликка эълон қилишсин, илтимос.
Хўш, нима таклиф қиласан, дерсиз? Камина анчадан буён адабиётни (ва санъатни ҳам) мустақил ривожланиш ўзанига буриб юбориш ва адабий тарғиботни мустақил ташкилотлар амалга ошириши учун йўл очишни таклиф этиб келмоқдаман.
Ўзимча АОКА адабий таржима, адабиёт тарғиботи учун давлат бюджетидан етарли маблағ олганини тахмин қиламан. Ўша маблағни, мисол учун, мустақил ва эркин фаолият юритадиган алоҳида, махсус очилган «Ўзбек адабиётини хорижда тарғиб қилиш жамғармаси»га йўналтириш мумкинми? Ва ё ўзбек ижодкорларини бадиий таржима ва адабиёт тарғиботига қаратилган мустақил катта-кичик лойиҳалар тузишга илҳомлантириб, улар то ўз ишини яхши йўлга қўйиб олгунча, шаффоф танловлар асосида махсус грантлар дастурини йўлга қўйилса-чи?
Тошкентдаги иситиш тизими яхши ишламаётган митти квартирамда ўтирганча, сўзим бошида эслатганим таржимон опага шу ёзганларимнинг кичик бир қисмини телефонда айтар эканман, ислоҳотларнинг тушунарсиз ва совуқ бир даврида адабиёт ва санъатимиз тарғиботига бўлган кўнглимдаги илиқликни йўқотиб қўймайин-да ишқилиб, деб ўйлайман.
Илоҳо, бу борада ҳукуматдаги масъулларнинг кўнгли меникидан ҳам яхшироқ исисин!
Ҳаммага омонлик тилаб,
Аъзам Обид