Қўлига қалам олиб, ҳис-туйғулари, қувонч ва армонларини қоғозга туширмаган ўзбегимни топиш қийин бўлса керак. Ҳаммаларининг кўнгилларида эзгу ният, одамларга меҳр ва оқибат улашишдай истак бор. Бир неча йил аввал қўлимга 50 йиллар аввал оқ қоғозга битилиб, ҳамон ёзувларининг ранг-туси ўчмаган самимий шеърлар гулдастаси тушиб қолди. Қоғозлар сарғайган холос, сиёҳлар эмас, туйғулар, кечинмалар тирикдай…
Абдулаҳад Йўлдошев 1920 йили Наманганда таваллуд топиб, 1982 йили оламдан ўтганлар. Турли давлат корхоналарида ишлаганлар, савдо соҳасининг билимдони бўлганлар. Адабиётга алоҳида муҳаббатлари юзасидан кўп бадиий китоб ўқиб, ўзлари ҳам шеърлар қоралаб турганлар. Қуйидаги битиклар ўтмиш йиллардан хотира бўлиб қолди. Сарғайган, ашъор битилган қоғозлар эса эсдалик сифатида рамкаларга солишга, ёш авлодга ўрнак қилиб кўрсатишга арзийди. Абдулаҳад Йўлдошевни Аллоҳ раҳматига олсин! Илоё руҳлари шод бўлсин!
###
Ҳарорат ошса инсонда
Не гап айтган билолмайди
Шошилган бирла дунёда
Муродига етолмайди.
Секин юрганда иш кўпдур
Чекилмайди ёмон йўлда
Шошурлар қанча дунёда
Табиатни ўрганишга
Урушдир аввало тўхта
Ҳунарни ҳам билиб қўйсанг
Ҳануз ёшсан, билолмассан
Кейин тоқат қилолмассан
Жуда кўп ўйладинг бул кун
Яшаш кандайлигин билмай
Бошқаларга назар қилмай
Барибир шундайин ўтдинг
Э, Аҳад кетма куйиб
Турмушингга ташла кўз
Гулзор аро сайраган
Навъи булбулдай бўлиб.
***
Э касаллик Авсаматдан нега кетмайсан ахир
Ўйнаб юрган шу боламни нега тургизмайсан ахир
Доимо ночор қилиб уйқусин ҳам буздинг-у
Чарчаган ҳолсиз боламни кўзларини суздинг-ку
***
Кўриб дунёда кўп ишни билолмай
Илмсизлик армонидан қилолмай
Бир кун етиб қазоси ҳам ўлимга
Пушаймонлар қилиб кетди зулмга
***
Ногоҳ кўриб севганини хавфида
Ижозатлар сўрар унинг васлидан
Жавоб бермай ёндирганинг бўларди
Ночор қараб сўндирганинг бўларди
***
Кел олдима, бардош, ошна бўлайлик
Баҳордаги ғунчалардай тўлайлик
Муҳаббатни бирга ошно этайлик
Ҳурмат қилиб маконимга кетайлик
***
Айланиб топса инсон
Виждонини, қалбини
Не қилур дунёда ул
Гар билмаса қадрини?
###