Алишер Навоий таваллуд санасига бағишлаб ўзбек-британ онлайн-форуми ўтказилди

ЛОНДОН, 9 февраль./«Дунё» АА/. Кеча буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган Ўзбекистон-Буюк Британия онлайн-форуми ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган анжуман Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Британия-Ўзбекистон дўстлик жамияти, Британиянинг “Conservative Friends of Eurasia” ташкилоти, “Maximum Exposure”, “Thoburns Belgrave” компаниялари ва “BBC Ўзбек хизмати” кўмагида ўтказилди.
Анжуманда икки мамлакат парламентлари депутатлари, маданият вазирликлари раҳбарияти, олимлар, санъат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, филологлар, адабиётшунослар, журналистлар, блогерлар ҳамда ватандошлар иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шерзод Асадов, Олий Мажлис Сенатининг ёшлар, маданият ва санъат қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ҳамда маданият вазири ўринбосари Камола Акилова маъруза қилди
Шунингдек, Буюк Британия томонидан рақамли технологиялар ва маданият бўйича давлат вазири Кэролайн Дайнеж, парламентнинг юқори палатаси аъзоси лорд Питер Лилли, Лондон ишлари бўйича вазир, бизнес, энергетика ва саноат стратегияси масалалари бўйича вазир ўринбосари Пол Скалли ҳамда «Conservative Friends of Eurasia» ташкилоти раиси Бота Хопкинсон ўз чиқишларида Навоий меросининг бебаҳо аҳамиятини қайд этди.
Ўзбекистонлик иштирокчилар таъкидлаганидек, Алишер Навоий миллатимизнинг фахри, ўзбек миллий адабиётининг тенгсиз вакили. Ўзбек тилига муҳаббат ва эҳтиром бизнинг онгимизга, аввало, Навоий асарлари билан киради. Ҳазрат Алишер Навоий Ўрта аср Уйғониш даврининг бошқа буюк сиймолари сингари инсонпарварлик ғоялари, бадиий-эстетик қарашлари, бетакрор шеърий асарлари билан бутун умри давомида инсон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
Кэролайн Дайнеж Буюк Британия ва Ўзбекистон кўп асрлик тарихий ва маданий алоқаларга эганини таъкидлади. XV асрда инглиз савдогарлари ва саёҳатчилари Буюк ипак йўлининг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби афсонавий шаҳарларига ташриф буюрган. Ушбу алоқалар нафақат савдо-сотиқ, балки турли цивилизациялар вакиллари ўртасида фикр алмашиш ва маданий қадриятларни ривожлантиришга ҳисса қўшган.
Бугунги кунда Буюк Британия музейлари, кутубхоналари ва фондларида буюк ўзбек олимлари томонидан яратилган қўлёзма асарлари тўпламлари ҳамда Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ кўплаб асарлар сақланмоқда. Икки мамлакат олимлари ва мутахассислари ушбу нодир асарларни ўрганиш, уларнинг каталогини, рақамли ва факсимиле нусхаларини яратиш бўйича яқиндан ва самарали иш олиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни, балки икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни, айниқса, таълим, фан ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда “BBC Ўзбек хизмати” томонидан форум учун махсус суратга олинган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ҳужжатли фильмда Ўзбекистон, Афғонистон, Туркия, Россия ва Канада адабиётшунослари Алишер Навоий ижодий мероси ва асарларининг долзарблиги ҳақида сўз юритган. Шунингдек, Британиянинг машҳур сиёсатчилари ва жамоат арбоблари Навоий шеърларини инглиз тилида ўқиб берди.
Форум доирасида британиялик шоир Эндрю Станиланднинг «Янги Девон. Ҳазрат Алишер Навоий» номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Шеърий тўплам ўтган йили шоирнинг Ўзбекистонга сафари давомида Навоий асарларини ўрганиш ва ўзининг шахсий кечинмалари асосида яратилган. Ўз навбатида, ўзбек шоири Аъзам Обид томонидан инглиз тилига таржима қилинган «Сенсиз» номли Навоий ғазаллари тўплами тақдим этилди.
Британия кутубхонаси туркий қўлёзмалар бўлими куратори Майкл Эрдман кутубхонада сақланаётган Навоий қўлёзмалари билан боғлиқ тадқиқот ишлари ҳақида айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мазкур кутубхонада Навоий ижодига оид 40 та қўлёзма мавжуд. Жумладан, «Хамса» достони ва «Девони Фоний» қўлёзмалари Британия кутубхонасида сақланмоқда. Бугунги кунга қадар Британия кутубхонаси шоирнинг 6 та асарини рақамлаштирган, «Мажмуа», «Девони Навоий» ва «Ғаройиб ус-Cиғар» каби асарлар кутубхонанинг расмий вебсайтига жойлаштирилган.
Форум якунида «Мақом мактаби» илмий-тадқиқот маркази қошидаги «Устазода» ансамбли томонидан Навоий ғазалларига басталанган ўзбек мумтоз қўшиқлари жонли ижрода тақдим этилди.
https://dunyo.info/cyrl/site/inner/alisher_navoiy_tavallud_sanasiga_bagishlab_ozbek-britan_onlayn-forumi_otkazildi_-uN8