Турли даврларда, муайян ҳудудларда юзага келган маърифатпарварлик ҳаракати асосида адабиётда реалистик услубнинг устуворлиги ўзига хос аҳамият касб этади.
Миллий адабиётимизнинг ёрқин номояндаларидан бири – Чўлпон ана шундай услуб сирасига мансуб ижодкорлардан эди.
Унинг ижодий мероси реалистик принципга асосланганлиги, ўлмас мавзулар орқали долзарб миллий муаммоларга мурожаат этиши, гўзал бадиий тасвир, бетакрор поэтик образларни ифодалашда айрича хусусиятга эгалиги билан ўзбек адабиёти ва санъати ривожида муносиб ўрин тутади.
Чўлпон шеърларидан намуналарни туркиялик чўлпоншунос олимлар – Иброҳим Ёрқин, Саодат Чиғатой турк тилига, Арслон Субутой шоирнинг «Гўзал Фарғона» («Гўзал Туркистон»), Йоҳаннес Бензинг «Турмушми бу?» шеърларини немис тилига ўгиришган. Англиялик Олаф Кероу, америкалик Эдворт Оллворт ва Жон Маккейнлар Чўлпон шеърларини инглиз тилига таржима қилганлар.
Шоирнинг «Кишан», «Бас энди», «Бузилган ўлкага», «Кўнгил», «Куз» каби шеърлари тоталитар тузум, ҳукмрон мафкура, чексиз хўрлик ва азоблардан чарчаган муаллиф матонатининг энг сўнгги паллаларида яратилгандек, назаримизда. Айнан мана шу ижод намуналарида унинг руҳиятидаги оғир нуқталар очиқ-ойдин намоён бўлган. Хориж чўлпоншунослари тадқиқотларини кузатганимизда, шоирнинг айнан юқорида қайд қилинган шеърларининг тадқиқ ва таржима қилинганлигига гувоҳ бўламиз.
Чўлпон ҳаёти ва ижодининг оловли йўлларида яратилган «Бас энди» шеърининг таржимаси турли миллат олими ва таржимашунослари қаламига мансублиги билан характерлидир. Шеърни илк бор Эдворд Оллворт, кейин турк таржимони Мел Кенне билан биргаликда, шунингдек, ёш ўзбек шоири ва таржимони Аъзам Обидов инглизчага ўгиришган. Ўзбек тилидаги бир шеърни ўзбек, турк ҳамда инглиз таржимонлари томонидан инглизчалаштирилиши ҳозирча кам учрайдиган ҳодиса. Уларни қиёсан таҳлил қилиш эса, муайян назарий ва амалий хулосалар чиқаришга асос бўлади.
Эдворд Оллворт ушбу шеърни тўлиқ эмас, муаллиф дард-аламларининг кульминацион нуқтаси акс эттирилган қисмларни инглизчага ўгирган. «Муайян оригинал шеърнинг маълум бир қисмининг таржима қилиниши… аниқ таржима талабларини қасддан бузиш демакдир, бундай ҳолатда таржимон асарнинг яратилиш ибтидосида иштирок этмайди ва натижада таржима асар шунчаки яратилиш воқеасигина бўлиб қолаверади», деб ёзади словак олими ва таржимашуноси Диониз Дюришин. О’Брайен Жасти эса, «таржимон фақат ўзига маъқул бўлган, таъсирланган бадиий асар намуналарини бир тилдан бошқа тилга таржима қилиши керак», деб таъкидлайди. Таъсирнинг махсулидан яратилган муайян таржима асар унинг (таржиманинг) бирламчи шарти, аммо, шунингдек, таржима амалга оширилаётган давр шарт-шароитлари ва эҳтиёжлари ҳам ўгирма манбаини танлашга таъсир этиши мумкин. Америкалик олимнинг шеърдан таъсирланганини инкор этмаган ҳолда, у амалга оширган таржима вариантининг яратилиш эҳтиёжини бадиий таржиманинг иккиламчи шарти билан изоҳлаймиз. Аниқроқ қилиб айтганда, Эдворд Оллворт ўгирмаси фақат индивидуал фикр исботи учун хизмат қилган.
Шу ўринда Эдворд Оллворт таржимаси вариантидаги яна бир кемтиклик хусусида.
Америкалик олим-таржимон Чўлпоннинг «Бас энди» шеърининг иккинчи ва тўртинчи мисраларини таржимада чалкаштирган ёки юқорида таъкидланганидек фикр исботи учун шеърнинг энг муҳим қаторларини танлаб, икки устун бирлигидан ўз она тилида янги бир тўртликни ҳосил қилган. Америкалик олим-таржимон аслиятдаги, тартибга риоя қилмаганлиги сабаб, унинг айнан қайси мисрани инглизчалаштирганлигини фарқлашда чалкашасан, киши.
Бундай ҳолатлар таржимашунослар таъкидлаган услубдан-услубга кўчиш ҳодисасининг бир кўриниши сифатида ёки олим – таржимоннинг ўзига хос услуби, тадқиқотлари, йўналишларидан келиб чиқиб баҳоланса, Эдворд Оллворт тутган йўлга эътирозимиз йўқдек, лекин таржима талаблари ва тамойилларига кўра аслият муаллифининг табиатини теранроқ англаш ва англатиш учун бундай йўл ўзини ҳеч қачон оқламайди. Ваҳоланки, ижоднинг ҳар қандай йўналишида ҳам бадииятнинг асосини ташкил қилувчи элементлардан бири услубдир. Рус танқидчиси Белинский услубнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, шундай фикрни билдирган: «Услуб – бу иқтидорнинг ўзи, услуб – бу фикрнинг ойдинлиги, сезгирлиги. Услуб мудом шахсият, характер каби оригинал».
Турк таржимони ва Мел Кенне, шунингдек, Аъзам Обидов қаламига мансуб ушбу шеър таржимаси эса тўлиқ ва мукаммаллиги, ҳеч қандай мақсадга асосланмаганлиги, энг асосийси, таржиманинг таржимон руҳий олами муштараклиги замирида юзага келганлиги билан қимматлидир.
Мазкур таржималарни тадқиқ қилиш жараёнида шеърнинг мазмун, моҳияти ва шоирнинг руҳий кайфияти ҳар учала таржимада тўлалигача намоён топганлигини сўзларда учраши мумкин бўлган қусурлар деярли мавжуд эмаслигини айтиб ўтиш лозим.
Эдворд Оллворт ўз таржимасини тушунарли ва содда тилда беришга интилади. Бадиий асарни содда, халқ тушунадиган тилда ифодалаш давр адабиётининг энг муҳим жиҳати эканлигини ҳам инкор этмаймиз. Лекин, назмни насрдан фарқ қилдириб турадиган услубий воситалар, айниқса сўз қудратининг шеърдаги инъикоси таржимада ифода этилмаса, бадиий фикр ўз хусусиятини йўқотса, унда шеърни оддий гапдан фарқи қолмайди. Қолаверса, Чўлпон шеъриятининг бетакрорлигини таъминлайдиган асосий унсур, исталган мавзуда – хоҳ у ижтимоий, хоҳ сиёсий ёки хоҳ у муҳаббат мавзуда бўлсин сўз қудратининг чексиз ифодаси, руҳий оғриқнинг шоир сатрларида жонли суръатда акс эттирилганлиги билан характерланади.
Эдворд Оллворт таржима қилган вариантда юқорида таъкид этилган Чўлпон шеърларига хос хусусиятлар тўлиқ ифода этилмаган.
Чўлпоннинг мазкур шеъри таржимасида шоир руҳиятидаги исён, мустамлакачилик зулмига қарши ҳайқириқ, шоирнинг аламли шиддати турк таржимони ва Аъзам Обидов ўгирмаларида бирмунча чуқурроқ ифодаланган. Лекин, шеър бадииятини таржимада сақлаб қолиш, Чўлпон шеъридаги ҳар бир сўз, хусусан, лисоний жилоланишлардаги изчилликни атрофлича ўрганиб, инглиз ўқувчисига ҳам шеър аслиятдагидек таъсир қилишини таъминлаш Турк таржимони вариантида яққолроқ кўзга ташланади.
Фикримизни далиллашга ҳаракат қиламиз:
Қўлимда сўнгги тош қолди, Ёвумга отмак истаймен. Кўзимда сўнгги ёш қолди, Амалга етмак истаймен… The last stone left in my hand, I want to fling at my enemy; The last wish left in my heart, I want to reach the goаl.Қайд қилинган сатрларда шоирнинг «ёв»ига қарата айтган, нафратга йўғрилган аламли хитоби, руҳиятидаги тушкун кайфияти акс этган. Мазмунга шакл, халқона оҳанг ҳамоҳанг. Шеър кескин ижтимоий фикр билан йўғрилган. Мазкур сатрлар шоирнинг «фикр ва туйғуси» муштараклигида яралганлиги сабаб ўзига хос таъсир кучига эга.
Аслиятдаги «ёвумга отмак истаймен» мисрасидаги «истамоқ» феълини турк таржимони «long», Эдворд Оллворт ва Аъзам Обидов «want» шаклида ифодалаган. Ҳақиқатдан бу сўзларнинг луғавий маъноси «истамоқ». Лекин, бу сўзлар маъно товланишига кўра фарқланади. «Long» хоҳишнинг энг юқори даражасини (жуда, астойдил) акс эттириш учун қўлланса, «want»да бундай хусусият йўқ. Шу сабабли Турк таржимони таржимасидаги «long» Чўлпон қалбидаги «истак»ни тўлалигича намоён қилиш билан бирга, шоир руҳиятидаги ҳолатни ва шеърдаги пафосни аниқ кўрсатиб бера олган дейиш мумкин.
Қуйидаги мисоллар турк таржимони таржимасининг Аъзам Обидов, Эдворд Оллворт ўгирмаларига нисбатан мукаммалроқ эканлигини яна бир бор исботлайди.
Турк таржимони «Амалга етмак истаймен» сатрини «I long to shed for my lifelong aims» деб инглизчалаштирган бўлса, Аъзам Обидов «And I wish to have high rank», Эдворд Оллворт эса «I want to reach the goal» шаклида берган. Кўринадики, турк таржимони вариантида «Бас энди» шеъридаги бадиий тил ва нутқ аслиятга муқобил бўлиши билан бирга Чўлпон руҳий олами ҳасратларига яқин ифодаланган.
«Бас энди» шеъридаги шоир руҳий олами, бадиий маҳорати ва эстетик принципи, шунингдек, поэтик ифодавийлик яхлитлиги асосида юзага келган шакл ва мазмун бирлигини бошқа таржимонларга нисбатан тўлиқроқ сақлаб қолиш ҳам турк таржимони вариантига хос эканлигини қуйидаги мисол яна бир бор исботлайди:
Етар бас, чекдан ошгандир Бу қарғиш, бу ҳақоратлар! Тўлиқдир, балки тошгандир Тубанлик ҳам сафолатлар! That’s enough! There is finally a limit That will do, enough, no limit, To all these insults, this humiliation! This reviling and damnation. The edge that’s arrived at bit by bit May be full or flowed out, Is only self-doubt and deprivation! Baseness with low-down action.Аслиятдаги «Бу қарғиш, бу ҳақоратлар!» сатрини «To all these insults, this humiliation!», деб инглизчага ўгирган Турк таржимони «қарғиш» ва «ҳақорат» сўзларини аслиятга муқобил беришга ҳаракат қилган. Маълумки, бир сўзнинг бир неча маънога эга бўлиши бошқа тиллар қаторида инглиз тилида ҳам мавжуд. Одатда сўзларнинг луғатдаги тартибланишига кўра унинг доминанти ҳар доим биринчи рақам билан белгиланади. Бизнингча, таржимон маълум бир сўзга маъно юклатишдан олдин унинг қўлланилиш доираси билан бирга ифода чегарасига ҳам аҳамият берса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки, бадиий таржимада сўзнинг маъно ўринлари ҳам муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз. Шунга кўра «insults», «humiliation» кабилар «қарғиш», «хўрлаш ва ҳақорат» каби маъноларни англатишда инглиз тилидаги доминант сўзлар ҳисобланади. Турк таржимони шеърни сўз маъноларининг тилдаги ўрни, маъно чегарасига эътибор берган ҳолатда инглизчалаштиришга ҳаракат қилган. Сўзларнинг моҳият доирасидан четлашмаган тарзда таржима қилингани боис, муаллиф фикри аниқ ва чуқур очиб берилган.
Фикримизча, Аъзам Обидовнинг илк таржималарига хос мазкур вариантда таржимон танлаган инглизча сўзлар аслиятдаги маънони тўлиқ бера олмаган. Шеърдаги шакл ва мазмун яхлитлиги муваффақиятли чиқмаган.
Таржимашунос олим Комилжон Жўраев таржимачилик хусусида шундай фикр билдиради: «Таржимачилик иши миллий адабиётларни ўзаро айирбошлаш, бирида учрайдиган миллий биқиқлик ва камчиликни иккинчисида бартараф қилишга имкон берувчи энг ишончли воситалардан бири. Таржимон эса шу ижодий жараённи амалга оширувчи адиб. Унинг фаолияти фақат тил билиш ёки истеъдод билан, ёинки таржимачилик ишига зўр иштиёқи билангина белгиланмайди. Шоирона дид, нафосат, зеҳн, зийраклик, уқувга эга бўлмаса, ундай таржимондан ҳақиқий санъат асари кутиш амри маҳол».
Юқоридаги ўгирмаларни қиёсий таҳлил қилиш натижасида, турк таржимони фойдаланган сўзлар Аъзам Обидов ва Эдворд Оллвортникига нисбатан аслиятга маъно жиҳатидан анча яқин, шоир руҳиятига мос талқин қилинганлиги намоён бўлади. Лекин, бу ерда асосий гап сўзнинг аслиятдаги маънога яқинлигидагина эмас, балки, ўша сўзда ифода топган маъно ва у юзага келтирувчи ҳис- ҳаяжоннинг асар руҳиятига уйғун ва мутаносиб эканлигидадир. Турк таржимони ва Мел Кенне таржималарида бундай жиҳатлар кўп учрайди.
Чўлпоннинг «Кўнгил» шеърини ҳам уч таржимон уч хил йўл билан инглизчага ўгирган. Улардаги услубнинг ўзига хослиги, бирининг иккинчисига ўхшамаслиги, бир томондан, уларнинг таржима соҳасида индивидуал таржима услубига эга эканлигини кўрсатса, иккинчи томондан Чўлпон шеърининг уч хил кўринишда инглизчалаштирилиши шоирнинг ўз давридаги изтиробини, оғир руҳий ҳолатини, ички дунёсини, замондошлари қалбида алангаланган, лекин очиқ айта олмаган дарду аламларини янада теранроқ англаш имконини беради.
Ҳар учала таржимон шеърнинг асосий мазмунини сақлаган. Сатрлардаги моҳиятни ўз маҳорати, тушунчасига мос ўгирган ва ҳар қайси таржимада ўзига хос ютуқлар, шунингдек, камчиликлар ҳам мавжуд. Лекин мисраларга юклатилган маънони таъсирчан ифодалаш мақсадида, танланган сўз эквивалентлари, улардаги мазмуннинг ёритилиш доираси ва бадиий эстетик таъсири, образли табиати, энг муҳими, бадиий бўёқдорлиги, аслиятдаги маънони тўлиқ бериш, шеърдаги шакл ва мазмун бирлигини сақлаб қолишга интилиш таржималар ўртасидаги умумийлик билан бирга, муайян фарқни юзага келтирган.
Фикримиз исботи учун шеърнинг биринчи тўртлиги таржимасини қиёслаб кўрайлик:
Кўнгил сен бунчалар нега Кишанлар бир-ла дўстлашдинг? На фарёдинг, на додинг бор, Нечун сен бунча сустлашдинг? Oh my heart! Why do you behave So amicably toward these chains? You never weep or writhe in pain, How can you endure your endless silence?Таржимада шеър бадиияти ва мазмунини сақлаб қолишда етакчи бўлган турк таржимони бошқа таржимонларга нисбатан адабий тил меъёрларига кўпроқ риоя қилган. Чўлпон лирикасига хос реал воқеликни бадиий ҳақиқат мезонига сингдиришдек бетакрорликни турк таржимони ушбу шеър таржимасида ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Лекин, сўзлар оҳангдошлиги таржимоннинг бошқа таржималарига нисбатан аслиятдагидек ифодаланмаган. Сўзлардаги бадиийликни, ранг-барангликни сақлаб қолишга интилиш Аъзам Обидов ва Жон Маккейннинг баъзи таржималарига ҳам хос. Аслиятдаги «дўст» сўзини Жон Маккейн ва Аъзам Обидов «friend» «be friend» деб ифодалаган. Турк таржимони эса Мел Кенне ёрдамида «amicably» билан алмаштирадики, айнан шу сўзга хос бўлган бадиий тушунча шеър савиясини сақлаб қолиш билан бирга унинг ихчам ифодаланишини ҳам таъминлаган «Amicably» бадиий сўз ҳисобланиб, кўп ҳолларда шеъриятда қўлланилади. Бундай ўринларни турк таржимони таржимасида кўп учратиш мумкин. Шеърнинг кейинги бандларини Жон Маккейн туркиялик таржимонга яқинроқ услубда инглизчалаштирган. Яъни, танланган сўзлар, уларнинг сатрларда ифодаланиши, қаторлар кетма-кетлиги, шунингдек, предикативликнинг сақланиши каби таржимадаги асосий унсурлар бир-бирини тўлдиради. Жон Маккейн ҳам шеъриятдаги мусиқийликни аслиятдагидек ифодалашга интилган.
Аммо ҳар икки таржимон (турк таржимони, Жон Маккейн) Чўлпоннинг «Кўнгил» шеъридаги оҳангни, ритмни, энг муҳими, шеърнинг асосий бадиий воситаси ҳисобланмиш қофияни таржимада муваффақиятли бера олмаган.
Аъзам Обидов шеърнинг шакл ва мазмун уйғунлигини сақлаб қолишга интилган.
Аъзам Обидов таржимасидаги ижобий жиҳатлардан яна бири, мумтоз адабиётимизга хос хусусият — сўзларни ноўрин такрор қўлламаслик билан муаллиф фикрини айнан беришга ҳаракат қилишдир.
Таржима маълум бир миллат вакилларига нотаниш бўлган иккинчи бир халқнинг маданияти ва менталитетини таништиришда кенг имкониятлар яратиш билан бир қаторда, бадиий асар, маълум маънода «ривожланиш» жараёнини ҳам бошидан кечиради.
Таржима иши кўпчилик ўйлаганидек асл нусхани иккинчи бир тилда шунчаки талқин этишдек осон иш эмас. Айниқса, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тафовутлардан келиб чиққан ҳолда мавжуд бўлган барча соҳалардаги жиҳатлар, яъни, миллий колоритни ташкил этувчи миллий дунёқараш, миллий муҳит ва яшаш шароити ҳам ҳамюртларимиз онгида юз берган ўзгаришлар, давр руҳи, яъни, қарийб етмиш йил аввалги хронотоп билан боғлиқ жиҳатларни таржимада сақлаб қолишдек масъулият бу мураккабликни янада оширади. Таржима халқлар ўртасидаги умумбашарий ғояларнинг тарқалишига хизмат қилиш билан бирга, миллатнинг бадиий санъат дурдоналарини дунёга намоён қилади. Миллатлар, халқлар, элатларни бир-бирига яқинлаштиради. Жаҳон маданияти, айниқса, сўз санъати юксалишига хизмат қилади.
Мазкур кузатувлар қуйидагича хулосалар чиқаришимизга имкон беради:
1. Чўлпон лирикасининг ўзига хос, бетакрор жиҳати ҳаёт ҳақиқатини, ижтимоий турмуш муаммоларини бадиий эстетик меъёр билан, шеърият қонун қоидаларига путур етказмай, китобхон тафаккури кўзгусида жонли суръатда акс эттириши ва шеъриятдаги бадиий янгиланишнинг етакчиси бўлганлиги билан характерланади;
2. Жадид адабиётининг йирик намояндаларидан бири бўлган Чўлпон ижодини ўрганишга, асарларидан намуналар таржима қилишга бўлган талаб ва қизиқиш йилдан-йилга кучайиб бораётгани, хусусан, ўзбек жадид адабиёти, умуман, ўзбек халқи ҳаёти, маданияти, санъатига қизиқиш кенгайиб бораётганини кўрсатади;
3. Чўлпон ижодидаги индивидуал услубнинг ўзига хослиги натижаси ўлароқ, унинг шеърлари нафақат Америка, балки Европа ва қардош халқлар адабиётшуносларининг ҳам диққат марказида бўлган ва шоир шеърлари жуда кўп тилларга таржима қилинган;
4. Чўлпон шеърларини турли даврларда таржима қилган таржимон олимларнинг тафаккур тарзи, макони, ўй-фикрлари, шоирнинг шахсий қарашлари у яшаган даврдан фарқ қилса-да, унинг бадиий-ғоявий мақсадини таржима тилида асосан аслиятдагидек бера олганлар. Чўлпоннинг «Бас энди» шеърини инглизчага ўгирган турк таржимони Эдворд Оллворт ва Аъзам Обидовга нисбатан шоир шеърларидаги нафисликнинг муҳим белгиларини, айниқса, миллий руҳни, асардаги пафосни аслиятдагидек ўгиришга муваффақ бўлганини кўрамиз;
5. Эдворд Оллвортни жадид адабиёти вакиллари ҳаёти ва ижодини кенг миқиёсга олиб чиққан илк америка олими ва таржимони сифатида эътироф этиш жоиз. Лекин, давр адабиётидаги америка таржимони қаламига мансуб шеърий таржималарнинг деярли барчаси, хусусан, «Бас энди» шеъри таржимаси ҳам индивидуал фикр исботи, хукмрон мафкура талаблари учун хизмат қилган. Чўлпон лирикасига хос бадиий эстетик мезонлар Эдворд Оллворт таржималарида ифода этилмаган. Олим услубидаги бундай йўналишни унинг тадқиқотларидаги асосий мақсад-сиёсий-мафкуравий ёндашув билан изоҳлаш мумкин. У жадид адабиётидаги шеърият намуналарининг деярли барчасини сиёсий-ижтимоий маслаклари исботи учун таржима қилган;
6. «Кўнгил» шеърини инглизчага ўгирган турк таржимони (Мел Кенни билан биргаликда), Жон Маккейн, Аъзам Обидов каби таржимонлар шоир бадиий маҳоратини тўғри идрок эта олган ва ҳар бири индивидуал услубга (фарқларга) эга эканини таржимада намоён қилганлар. Уларнинг таржимадаги маҳоратларини ушбу шеър мисолида қиёслаганимизда шакл ва мазмуннинг диалектик бирлигини сақлаб қолиш хусусияти бошқаларга нисбатан Аъзам Обидов таржимасида аслиятга яқинроқ кўринишда мужассам бўлган;
7. Юқорида таъкидланган таржималарда учраши мумкин бўлган кемтикликлар бошқа таржимонлар таржимасига хос бўлса-да, уларнинг бу йўналишдаги меҳнати, эришган муваффақиятлари, ўзбек адабиёти яхлит жаҳон адабиётининг бир қисми эканлигини кўрсатади. Буларнинг барчаси амалга оширилаётган хайрли ишлар қаторида саналмоққа ҳақлидир.
Зулхумор МИРЗАЕВА,
фиология фанлари номзоди
Шарқ юлдузи журнали, 2010 йил, 1-сон
Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Чўлпон шеърлари таржимасининг қиёсий таҳлили