Шоир ва публицист, йирик жамоат арбоби Фернандо Рендон 1951 йилда Колумбиянинг Меделлин шаҳрида туғилган. Эркпарвар шоир “Прометео” номли адабий журналга асос солган ва ушбу журналга муҳаррирлик қилган. Айни пайтда Фернандо Меделлин Халқаро Шеърият Фестивалининг директори вазифасида самарали фаолият олиб бормоқда. Бу шеърият анжумани дунёдаги энг йирик ва нуфузли шеърият байрамларидан бири саналади. У 1991 йилда Жанубий Америкада жойлашган Колумбия мамлакатининг Меделлин шаҳри ер куррасидаги энг хавфли ва даҳшатли шаҳарга айланган бир даврда ташкил этилган. “Санъат ва Прометеода шеърият” деб номланган ташкилот раҳбари сифатида Фернандо Рендон “Гулливер лойиҳаси” ҳамда болалар учун шеърий маҳорат мактабини ҳам бошқаради. У талабалар, ўқувчилар ва кенг жамоатчилик учун кўплаб адабий ўқув курслари, анжуманлар, маъруза ва симпозиумлар ўтказган. Қолаверса, у Лотин Америкаси Шеърият Фестивали Тармоғини ташкил қилган. Унинг шеърлари ўзбек тилида ўқувчилар эътиборига илк бора ҳавола этилмоқда.
* * *
Бир лаҳзада сароб тош каби қотди. Кундузнинг энг охирги нурига чулғанган одам ўз тобутида тўртта кишининг оғирлигига тенг бўлиб қолди. У ўз-ўзини ишғол қилиб, ўз қоронғулиги ила йўл очмиш бир навдаги замин мисол устимизга ўрлади.
Бизни қоқ туш остида қапиштирувчи тортишиш кучи бирор кимса тикланишидан умид қилмаган тақиқланмиш афсонанинг юз томонидир. Аммо бошқа харсанглар айни шу осмоннинг остида Милет қаландарининг товушига кетди айланиб.
Алмисоқдан қолган денгиз қумлоқ соҳилга айланган маҳал сувнинг шартли овози-ла қурамиз суҳбат, сўнг тутқич бермас модда қурийди қумда, эт ҳамда сертола, ўзгарувчан ҳаётнинг суюқ хаёлига айланар.
Ўлиб қайта тирилувчи бу абадий шувоқ коинот суюқликда йўқотади моҳиятини ёхуд ўз ўчоғи ичига кирар, негаки у билмайди ё ҳар доим қарши туролмас енгиб бўлмас вақтнинг измига. Дерлар-ку, шайтон чидаганда юз йил азоб чекиш унча осонмас. Ҳаво, бир қисм қаро тупроқ ва оловдан сўзлар ясалади, улар шамол ва ё ҳали ўлим ўчоғига ёриб киролмаган ифодасиз каттакон лой оҳанрабодай ўзига тортган қум кукунларидир. Сўзлар яна бирданига улоқтирилган қояларга ўхшаб зил-замбил ёки хотирага тўлиқ заминда жипслашган чанг-тўзон мисол.
Аммо биз бир кун қайта нурга айланувчи тошнинг тилида ҳам сўзламоғимиз даркор. Келажак алмисоқдан қолган тошнинг устига ёзилади. Қайта туғилиш ана шу тошдан ўзимизнинг ялтироқ табиатимизга қайтиш демакдир.
ФРАНЦИСКО ДЕ АСИС ФЕРНАНДЕС
Шоир ва маданият тарғиботчиси ФРАНЦИСКО ДЕ АСИС ФЕРНАНДЕС 1945 йилда Никарагуада туғилган. “Шеърият, муҳаббат ва ўлим”, “Ҳаёт дарахти”, “Санъаткор ўйлари”, “Тинмай оқиб турар қон” каби ўнга яқин китобларнинг муаллифи. Асарлари бир неча тилларга таржима қилинган. Франциско кўплаб халқаро адабий ташкилотларнинг аъзоси ва шеърият байрамларининг фахрий иштирокчисидир. Айни пайтда у Марказий Америкада жойлашган Никарагуанинг Гранада шаҳрида йирик шеърият анжуманини бошқаради.
ШОИР ИЛА КЎЗГУ
Бир инсон бор мудом кўзгумда яшар,
менга боққан ондан олгувчи баҳра,
истаркан гўёки ўз ёши учун
инжиқ ва беҳаё хаёлим асрар.
Аввалроқ ҳаммаси ўзгача эди,
уни ўзгартирди вақт деганлари,
энди у раддия берар ҳар нега,
ёшлик, гўзаллиги чекинди нари.
Гўёки изғирин у яшар жойда
ёмғир ҳам бошлаган унда бемалол.
Кўзгудаги одам сирли ва ўйчан
сўзимни қайтарар гунг садо мисол.
Афсус, унинг шавқи дўнмиш ажинга
ёлғизлик ва мунгдан теккандай қарғиш
териси бужмайиб кетибди, э воҳ,
оёқлар қийшайган, кўз – чуқур гардиш.
Танбеҳнамо нигоҳ этади таъқиб,
шодлигу ёлғонга шерикмас асло.
Вужудини чирмаб оларкан хаёл
эшитмас созимдан чиққанда садо.
Кундан кунга ўхшаб борар отамга
унда ғамга ботган отам чеҳраси.
Иш ва кунларимдан қониқмайди ул,
истар кўпроқ бўлса садоқат саси
уйимда ва ёрқин орзуларимда.
Акслардан иборат ўз дунёсин ҳам
солиштириб кўрар меники билан:
Ўлчови йўқ дунём, на қувонч, на ғам,
на ҳақ ва на ёлғон, на наср, на шеър,
тошлоқ ва тиканзор аро адашган
буғу боласига кўп ўхшайсан дер.
Қўлин тароқ қилиб сочин тараркан,
Ўхшашлигимизнинг илдизин тортиб
Ўзи чекингани ёлғиз узлатнинг
Завқини дафъатан бузмоқчи бўлган
Дунёвий қиёфам истамас ортиқ!
ГЛОРИЯ ГАБУАРДИ
Шоира ва адиба Глория Габарди 1945 йилда Марказий Америкада жойлашган Никарагуа мамлакати пойтахти Манагуада туғилган. Шу шаҳардаги Марказий Америка Университетида докторлик унвонини олган. 1974-1979 йилларда у Мексикада яшаган. Кейинчалик она юртига қайтиб, жамоат ишларида фаол иштирок этиш билан бирга бадиий ижодга катта эътибор қаратади. Бир нечта китоблар муаллифи саналган Глориянинг асарлари немис, итальян ва румин тилларига таржима қилинган. У 1982 йилда йирик адабий мукофот соҳиби бўлган. 2004 йилдан буён Гранада шеърият анжумани координатори вазифасида фаолият олиб бормоқда. Глория Габуарди шеърлари ўзбек тилига илк бор таржима қилинмоқда.
СЎЗ САЛТАНАТИ
Бир макон истарам – сўз салтанати,
Каломлар наҳрига кўнгил илҳақдир.
Инсоний дардларни ювиб ташлолсам,
Илдизин руҳимга қадаса тақдир.
Кимга ўхшар эдим – тилла изловчи,
Хомхаёл баҳрида сузган бир шоввоз
Ва ё ҳурриятни севувчи жонбоз.
Калом салтанати
Қанотли дўстлар
Шохдан шохга қўнса ўйноқлаб, нафис,
Юлдузнинг туси-ю шамол таъмини
Йигит эҳтиросин самимийлигин
Қила олсам ҳис.
Инсонни борича англашга,
Денгиз ва юлдуздан ўргулиб,
Руҳу тан билан ул баробар
Жонимга фароғат бергулик.
Руҳга сўз дунёси истарам,
Қалбимнинг хоҳиши кенг юртдай
Барча эл излаган ноқарам
Инжулар тизмаси мисоли
Юртимнинг қоронғу шомида
Тилимдан ташқари отилмиш
Бир дунё – каломлар жомида,
Қирғоғидан ошган
Дарё – сўз баҳри,
Олдидан не чиқса этар зумда ғарқ,
Алдагувчи умид сузар оғзимда,
Тирик орзуларни ўлдиргувчи шавқ.
Лабларимни куйдирмоқ учун
Тасаввур калитин,
Амбония, Банда, Тернат ва Тидор
Оролларин ранги ва нордон таъмин
Йўллари, фожиа, саргузашти ла
Веспуччи ва Магелланнинг оҳ дарёсида
Тақдим этмоқ учун менга бус-бутун
Қаршимда сўнгги бор тўхтамоғи-чун
Биргина кўзингнинг нури деб хорман,
Чайқалишинг орзу остонасида,
Сачрашингга оппоқ саҳфага зорман.
РОДРИГО БЕРДУГО
Родриго Бердуго Писаро 1977 йил 9 январда Чили пойтахти Сантьяго шаҳрида туғилган. Бир неча йилдан буён испан тилида нашр этиладиган “Оқим” ва “Ақиқ лаблар” журналларининг ҳаммуҳаррири вазифасида ишлаб келмоқда. Илк шеърий тўплами “Парда ортидаги яланғочлар” деб номланади. Шеърлари итальян, португал, поляк, араб ва француз тилларига ўгирилиб, турли антологияларда босилган. Родриго “Шеърият дўстлари” номли уюшма ташкил этган танлов ғолиби бўлган. Жаҳон шоирлари уюшмаси аъзоси сифатида у чет мамлакатларда ўтказиладиган шеърият байрамларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шеърлари ўзбек тилига биринчи бор ўгирилмоқда.
У КУНДАН СЎНГ
Душманона саёҳат учун замин мусиқасин чаларкан
Улар нарсаларнинг ўрнин ўзгартди
Денгиз кўтарила бошлади аста,
даҳшатли давралар қолмоқда ортда
Йўлимиз кўзларни излайди, излаюр тошларни бир йўсин.
Қандоқ жўр бўлишни билади улар,
Воқиф ҳар нарсанинг тескарисидан
Бошланди барчаси томчи-томчилаб, яна номма-ном
Уйдирма япроқдек оёқ остида.
Улар яхши билар, ўлган кимсаларни тасвирлашмайди
Етарли дунёнинг нарги томони
қўзғалаии дарахт ва сувларга қарши
Ашёлару ҳаётга ҳамда
Юлдуз жасорати бўлмаган исталган оғриққа қарши.
Улар яхши билар,
Ниманидир тўлаб
Болишлар ичида ёнган қаламларни тутаркан,
хулосалаб тасаввурларни
Шу тариқа келишган эди
Шу тариқа жойлашишганди
томчима-томчи, номма ном
Нарсалар одамлар-ла чекланмасдан аввал
Аммо вақт тош билан, нур билан ўлчанган маҳал
Тош ва қон нурни қоғозга муҳрлашни ўйларди
Гўзаллик дарёларни кавлаган замон
Ва ниҳоят
қўлларида тасодифлар новдасин ушлаб
Парвардигор кутарди бизни.
Инглиз тилидан Аъзам ОБИД таржималари
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 2-сон
Ушбу мақолани сақлаб олиш учун ҳавола: Ҳозирги замон Лотин Америкаси шеърияти