Тавба, бу юртда ўлигингни ҳам, тиригингни ҳам қадри йўқ экан-да, шўринг қурсин, дейин десам, энди қурийдиган шўрингнинг ўзи қолмаган, бола пақир… Сал мундайроқ инсоф билан муомала қилишса бўларди барибир. Ўнг келса терс қилиб, алламбало ашқол-дашқолларнинг орасига тепиб-тепиб киргизишганига бирам ичим ачиди-ей. Яна ўраб-чирмаб ташлаган латталарининг ҳидига кўнгил айнийди, ё икки кундаёқ ўзимдан нохуш ис чиқа бошладимикин? Автобуснинг юкхонаси кетар манзилим бўлди-я ўлган пайтимда!
Шеригим ҳайдовчини аранг кўндирди. Қайси бирига учрама, ўликни олиб кетолмайман, дейди, ахири ўтган сафар ҳам ўзимга ўхшаганлардан бирини юкхонага олишга рози бўлган биттаси инсоф қилиб кўзлари йиғидан шишиб кетган, ҳалиям бўлса ҳўнграб беришга тайёр турган, аммо йигитлик ори ҳадеб йўл бермаётган, шунга қарамай, аччиқ-аччиқ ёшлари ичига оқаётган шеригимга раҳми келдими, иложсизликдан “ҳа майли, аммо юкнинг эмас, одатдаги йўловчининг пулини тўлайсан!” дея мени олиб кетишга кўнди барака топгур. Йўқса, ўзим хору сарсон бўлганим устига ўлигим ҳам чириб-сасиб кетарди шу ўлкаларда.
Ўтган умримни эслайман. Қандай бахтиёр ёшлик чоғларни кечиб ўтгандим! Тўйимизнинг илк йиллари… Пахтадан қора кеч тушса ҳам қайтмаган аёлимнинг рўмолини искаб ётганларим пайтлар… Кекса қайната-қайнамнинг ҳолидан хабардор бўлиб туриш, қолаверса, деҳқончилик қилишга қулай бўлгани учун ёш оилам билан кўчиб ўтганим чекка қишлоқда остидаги сувўтлари кўриниб турган муздай сувли анҳорнинг кенгроққина жойида шаҳардан таътилга келган хотинимнинг миттигина жияни билан мириқиб-мириқиб чўмилганларимиз саратон фасли…
Автобус ғизиллаб учиб боради. Аҳён-аҳёнда юкхона эшиги очилиб, чегара посбонларининг фонуслари кўзимга тушади. Қимир-қимирда юзим очилиб қолган. Бирдан ёнгинамдаги банан қутининг қимирлаганини сезаман. Қутининг устида яна каттакон бир тугун, ичидаги нарса нималигини англаб бўлмайди, аммо роса оғир нарсага ўхшайди. Банан қутиси жаҳд билан қимирлатилгани туфайли зил-замбил тугун сал нарига сурилгандай бўлади. Қутидан кимнингдир калла кўтарганини илғайман. Бу юкхонада аранг букчайиб ўтирган ҳолда кетиш мумкин, ё мен каби ўликларни бир амаллаб олиб кетса бўлар аслида, аммо ҳозиргина бош кўтарган нарса чамаси 12-13 ёшли болакай эканини милициянинг бу галги “текшир-текшири” пайтида фонус ёруғида кўраман. У юкхона очилганда, кўринмаслик учун бир ҳаракат билан алламбало этакка ўраниб ётиб олади. Чамамда, ёруғлик кирганда бола мени кўрди… Бу юртларга ишлагани келиб, бири икки бўлмай, ақалли автобусга пули етмасдан, “юк” бўлишга ҳам рози бўлганга ўхшайди у. Унинг совуқдан дир-дир қалтираганини илғайман. Ё қўрқувданмикин? Лекин кимдир ёнида эканидан сал хотиржам сезгандай ўзини. Аммо… аммо у менга томон суриларкан, юзимдан силамоқчи бўлади, пайпаслаб мўйлабларимни тортқилайди, қотиб қолган мўйлабларимни! Тош қотган баданим! Ўликлигимни сезиб, бирдан аъзойи-бадани сесканиб кетади, “Дод!” дея бақиради, яхшики шовқинда ҳеч ким уни эшитмайди, балки автобус салонида ўтирган мудроқ, маст-аласт, совуқ қотган баъзи йўловчиларнинг қулоғига аллақандай қичқириқ чалингандир ҳам, ким билсин. Икки букчайиб келаётган бола, мендай тараша қотган мурда билан ёнма-ён кетаркан, тириклигига шукрона айтиб келаётир балки, аммо наилож, етгунча чидаб кетмаса ҳам бўлмайди, ахир оз қолди манзилга, ахир 3 кундан буён йўл юряпмиз-ку. Боласи тушмагур чўнтагига қотган буханка нонни тўлдириб олган шекил, гоҳ-гоҳ қитир-қитир овозни эшитиб келавердим мен ҳам…
Яна хаёлим бўлинади. Қизларим! Оилага ёрдам бўлсин учун арзимас пулни деб кечки сменаларда қора терга ботиб ишлаётган маликаларим менинг! Дадангиз ишлашга, қўйнида бир халта пул олиб келишга кетган эди-я, қай аҳволда кутиб оласиз мени, қорамағизларим?! Ўғлим бўлганда, шу кунларни кўрмасмидимми ё? Ўлигимни ҳам бегона кўтариб кетар бўлди, қизларим-а…
Автобус тўхтади. Радиодан таниш ўзбекча овозлар кела бошлади. “Жаннатдан хабарлар! Иш ўринлари яратилди. Ёшу қари мамлакатимиз раҳбарининг олиб бораётган одил сиёсатидан мингдан-минг рози!..” Хабарлар қўшиқ ва куйларга уланиб кетади: Яллама ёрим ялло-ла, яллола-шайлик, яллола-шайлик! Учтами тўртта бўлволишиб ҳасратла-шайлик!!!
Уч юз километр нарида жойлашган чекка қишлоққа бир илож қилиб олиб кетишади ҳўнг-ҳўнг йиғлаган биродарларим довон оша-оша.
Аёлим Самирам, Сағирага дўнган Самирам менинг! Кўзларингнинг ёшидан сенинг, сени шунча соғингандимки…
Юзларингдан силайман дейман, қирмоч мисол қўлларингни ўпиб-ўпиб олгим келади, сезяпсанми сен ҳам? Лабларим қимирлай олмайди фақат, қотиб-қотиб қолган даҳаним, кўкка ўрмалайди бадбўй ис!
Яхшики қор ёғди бугун ҳам, ҳаво анча совуқ. Аммо ҳалиям газ ўлгур йўқ, ғассол ўчоқда қайнаган сувда мени ювар бўлди. Майлига, ўчоқдаги сув ширин бўлади-ку, шундайми? Ширингина сувда чўмилиб олай, оппоқ матоларни ўраб олайин…
Қор ўйнаб-ўйнаб оппоқ кафанимга тушмоқда, йиғлаб-йиғлаб барқут ёпқичга тушмоқда. Мен эса энди совқотмайман. Лабларим кўкариб ҳам кетмайди ортиқ. Сени соғинаман холос, Самирам! Сени соғинаман! Қиёматда кўрар бўлдик дийдоримизни, Самирам!
Аъзам Обидов