Эҳ, мукофотпараст халқим-а!
Сентябрь яқинлашар экан, Ўзбекистонда яна урра-урра Мукофот Фасли бошланади, тақдирлаш куйи авжига чиқади. Дунёда бизчалик мукофотпараст, иззат-эътиборталаб халқ йўқ! Ҳукумат ҳар байрамда (энди ҳар ой десаям бўлади) ўзининг юқори, ўрта ва қуйи тизимларида ўзига юкланган ишни сал-пал эплаб ё ими-жимида бажарганларнинг кўксига турли-туман медаль ё орден тақишдан, ёрлиқлар улашишдан ҳечам чарчамайдур.
Ҳар йили мукофот олмаган ҳеч ким қолмади-ку, деб ўйлайман, аммо рўйхат тобора аччиқ ичакдай чўзилиб бораверадур. Ҳеч ким бу мукофот ўзи нимага берилади-ю уни ким илиб кетди, деб қизиқмайди. Аксинча, мукофотланганлар янада хурсанд бўлиб, ош-пошга эриши учун бўлса керак, “мўробўсин”лашдан толмаймиз. Ҳозир айниқса ижтимоий тармоқларда мукофот тортиқ қилувчилар жуда кўпайган, ўшаларгаям лаққа тушиб юраверамиз. Зўр халқмиз-а!
Энди бошқа тарафда ҳукумат мукофотчилари рўйхатига тушмай қолганлар ўзининг қўлбола мукофотларини эълон қилиши урфга кирди. Бизни рағбатлантиришмаётган экан, ўзимизни ўзимиз мукофотлайдиган бўлдик! Чет эллардан турли-туман мукофотлар оладиганлар сафи кенгайиб бошлади: фалон каромат учун сохта олтин медалдан тортиб оддийгина тадбирда иштироки учун учбурчак муҳрли ялтироқ дипломагача! Фейсбукда баъзи фикри очиқ ёшлар ундайларнинг устидан боплаб мазах қилиб чиқа бошлади. Яхшиям бир-биримизнинг юзимизга кўзгу тутадиганлари бор халқмиз-а!
Куни кеча орамиздан ҳатто “Турон халқ ёзувчиси” унвонини олганлар, олтин медалли ғалати академиклар, фахрий аъзолар кўкрак кериб чиқиб келди! Ҳамма нарсага кўр-кўрона ишониб кетаверадиган оригинал халқмиз-да!
Масалан, МЧЖ шаклида очилган “Турон фанлар акадамеси”нинг мақсадини қаранг: “мақсад ташкилотлар ва аҳолига турли хизмат фаолияти орқали, ҳар хил йўналишдаги фирмаларни ташкил қилиш йўли билан, ҳамда ташкилотлар талабини қониқтириш ва фойда олиш” (иқтибос тугади)!
Ушбу АКАДЕМИЯ исталган соҳа вакилларига – ўқитувчидан тадбикоргача, фармацевтдан табибгача, ёзувчи-ю рассомгача – Академик, Фахрий академик, Фан доктори, Фахрий фан доктори, Профессор, Фахрий профессор, доцент, аъзо, фахрий аъзо каби унвонларни шартта бериб юбораверар экан! Фақат, бунинг учун Турон ФА банк ҳисоб рақамига энг кам иш ҳақининг 5 баробар миқдоридан 100 баробар миқдоригача пул ўтказиб қўйилса бас!
Ва ё икки-уч йил аввал Америка-ю “Амазон”да китобларини чиқариб, довруғим оламни тутди, деб юрганлар негадир кўринмай қолди-я; китобларини биров ўқидими ё сотиб олдими, сўрайдиган киши йўқ. Ўзи ўзбек ижодкори орасидан бирор хорижий тилни яхшироқ ўрганиб, чет эл саҳналарида ўқувчи ва жамоатчилик билан юзма-юз мулоқот қилиш тугул, онлайн тадбирлардаям ўзини йўқотиб қўймайдиган битта-яримтани топиб бўлмайди-ку! Эҳ, сизларни кўринглар!
Эй онажон халқим, илоё ҳар бир ватандошингнинг кўксида ҳамиша тилла медаль, йўғ-э, закийлик, инсонийлик, камтаринлик, беғуборлик ялтираб турсин!
P.S. Аллақандай мукофотлар илинжида кимгадир ялтоқланган одам эмасман; очиқ, шаффоф, жиддий танловга асосланмаган бўлса, бирор мукофот таклиф қилишса ҳам олмайман. Самимий совға олишдаям “манфаатлар тўқнашуви” деган қоидага амал қилишни ўрганганман. Мисол учун, Ёзувчилар уюшмаси ўтган йили бир онлайн тадбирдаги иштироким учун юборган қимматроқ телефонини дарҳол ўзларига қайтарганман, ишонмасангизр, Ботиржон Эргашевдан сўранг. Хўш, ўзинг ҳеч мукофот олмаганмисан, дерсиз. Олганман. Мукофот нега берилишини чуқур англаган, бетараф ҳакамлари бор, бирор сўмниям беҳуда сарфламайдиган ўнга яқин чет мамлакатдан турли кўринишдаги мукофотларни олганман. Энди бу бошқа мавзу, дўстларим.
Аъзам Обид