Америкалик шоир ва таржимон Жек Ҳиршман 1933 йили Нью-Йоркда туғилиб, Нью-Йорк Сити коллежи ва Индиана университетида ўқиган. Болалигида “Ассошиэйтид Пресс” нашрида ишларкан, ихчам асарлар ёза бошлаган. 19 ёшида у бир ҳикоясини Эрнест Ҳемингуэйга юборади. Таниқли ёзувчи унга “Кошки сенга ёрдам беролсам, болажон. Сен мен 19 ёшимда ёзганимдан кўра анча яхши ёзар экансан. Аммо, афсуски, сенинг ҳам ёзганларинг меникига менгзайди. Албатта, бу айб эмас, фақат бунақада узоққа бориш ҳам осонмас” дея жавоб қайтарган экан.
70-йилларда Жек Сан-Францискога кўчиб ўтади. У ерда “кўча шоирлари” уюшмасига қўшилади, кўча-кўйда шеърий варақалар тарқатиб юради. Жек Ҳиршманнинг биринчи китоби 1960 йили босилган. У “Қора алифлар”, “Олов ичра Лос-Анжелес”, “Барглар суҳбати”, “Эҳтирос, иғво ва башорат”, “Тилсимлар” каби ўнлаб шеърий китоблар муаллифи ҳамда Сан-Франциско халқаро шеърият фестивали асосчисидир. У немис, испан, итальян, француз ва бошқа халқ шоирлари қаторида рус шоирлари Маяковский ва Рождественский асарларини ҳам инглизчага таржима қилиб, нашр эттирган. Замонамиз шоирлари Жекни “шеъриятнинг энг самарали ва изчил овозларидан бири” дея таърифлашади. Умрининг охиригача у шеърнинг сирли-сеҳрли кучига бўлган ишончига содиқ қолди. Жек Ҳиршман 2021 йил 22 август куни вафот этди.
Камина (Аъзам Обид) Жек Ҳиршман ҳамда унинг рафиқаси, шоира ва рассом Агнета Фолк билан 2009 йили Колумбиянинг Меделлин шаҳридаги халқаро шеърият анжуманида танишганман. Улар билан катта саҳналарда шеърларимиздан ўқиганмиз. Ўшанда бу жуфтлик мендан Ўзбекистондаги вазият ҳақида қизиқиб сўраганди. Агнета Фолкнинг “ундай ҳолатда сен кактус сўзини кўпроқ ишлатишингга тўғри келаркан-да” дегани эсимда қолган.
Чекимизга тушгани
Жек Ҳиршман шеъри
Бу ёруғ оламда
Бизга қолгани –
Куба, Венесуэла, Боливия ё
Хитой, Япония, Қўшма Штатлар,
Яқин Шарқ, Африка ва ё Оврўпо –
Қаршилик кўрсатса тиш-тирноқ билан
Қатъи назар турфа рад этишлардан
Ҳаммалари якдил бўлса-да, асло
Бул ўлим маршига кела олмас бас,
Нечунки,
Оламдаги жаъми ҳақгўйларни ҳам
Тизганда уларнинг қаторларига,
Исён, мухолифлик, барча нарсанинг
Баҳридан ўтишга қарамай, бари
Шу сўнгги юришнинг иштирокчиси.
Коммунист ва тараққийпарвар,
Нацист, фашист, реакционер,
Сионист-у турфа анархист –
Ҳаммаси бор бу намойишда,
Қутулолмас ҳеч ким бу маршдан.
Бир маршки,
Унда йўқ ўроқ ва болға,
Свастика ёхуд ватан байроғи.
Бу бир марш –
Урушлар унгадир таслим.
Лекин қачон бўлур якдил ҳайқириқ?!
Қачондир бўлурми бу чиндан аён?
Агар ўлим асли бўлса ҳаловат,
Айтингиз, мен ростдан ўламан қачон?
Ҳечам билолмассиз, англайсиз балки
Қотган аллақачон шуурингизда
Тириклик – йўлингиз сиз истаганча
Муҳаббатин тутган ҳокимиятга
Иззат-икром бажо келтирмоқ учун
Умрингизга қўймоқ қасдида нуқта
Ва ёлғиз қолдирган сизни атайин
Мангулик таъми-ла лабларингизда.
Ҳеч сирли нарса йўқ: на Исо Масиҳ,
Аллоҳ, Жаҳвеҳ ёхуд шай турган Будда.
Ҳатто ётган ҳолда кетиб борурсиз.
Бу шеърим ҳаёдан эмасдир йироқ
Бадбин ё даҳрий ҳам эмас, шубҳасиз.
Шунчаки ўлимга эш бўлинг, етар,
Қориштириб олинг ҳаётингизга,
Ноғора сасига қилмайин муқом
Давом эттирасиз тирикчиликни.
Қадам ташламоқ йўқ, марш йўқдир асло.
Ҳаммаси ҳаммага яхши бўлажак.
Вассалом.
(Инглиз тилидан Аъзам Обид таржима қилди)
Суратлар Интернетдан олинди.