Кеча украина-америкалик шоира ва таржимон Нина Мюррей “ижодда/ижодий тадбиркорлик” мавзусида семинар ўтказди. Ўзбекистонда бу мавзу ҳақида кам гапирилади ё умуман тилга олинмайди. Аммо, ижод қалб иши бўлгани ҳолда, ҳар бир қаламкаш шеър, ҳикоя, мақола ёзиш ва таржима учун қадрли ВАҚТини сарфлаши бор гап. Ўша вақтни сиз аслида бошқа фойдалироқ, аниқроқ айтсам, моддий фойда келтирувчи ё ҳақ тўланувчи бошқа юмушгаям сарфлашингиз мумкин эди-ку. Семинарда бир ёзувчи дўстимиз ўзбек тили дарслари учун соатига 20 доллар ҳақ олишини гапирди. Кўпинча, тил ўрганишни истаганлар ундан “хизматингиз нега қиммат, ўзбек тили учун шунчами?” деб сўрашаркан. Ёзувчимизнинг жавоби эса мана: “Ўзбек тилининг инглиз тилидан кам жойи борми?!”
Бизда фақат бадиий таржима ва ё фақат ижод билан шуғулланиб, оила боқувчи, кун кўрувчи ижодкорни мен билмайман. Бироқ, шундай қилиш ва шундай ижодкор бўлиш имкони бор! Бунинг учун таржима асар ё умуман китобингизни босадиган нашриёт ва таҳририят билан, сизни учрашув ё тадбирга чақираётган ташкилот билан мажбуриятлар, (жумладан молиявий) аниқ-тиниқ белгиланган шартнома тузиб олиш шарт. Кўпинча бизни ижодий учрашувга таклиф этишса, чақирганлари учун ҳам жон деб борамиз, ваҳоланки, ярим кунимиз ё бир кунимиз ўша учрашувга сарф бўлади, такси кира қиламиз, кўчада овқатланишимиз бор ва ҳоказо.
Бундан буён биз ҳам “ижодий тадбиркорлик” тушунчасини тўғри қабул қилсак, хизматимиз деймизми, ёрдамимиз ё ҳиссамиз деймизми, турли учрашувларда асосий спикер ё меҳмон сифатидаги иштирокимиз учун ҳақ сўрасак қандоқ бўларкин? Одатда, таржимон бўлиб хизмат кўрсатсак, бу иш осонроқ амалга ошади: ёзма таржимами, синхрон ё кетма-кет таржимами, буюртмачи билан олдиндан шартнома тузиб олиш, келишиш имкони бор. Буюртмачидан “бюджетингиз қанақа, соатига неча сўм ёзилган каби саволларни беришимиз; истаганимиздан озроқ бўлса ва айни пайтда бошқа буюртмаларимиз йўқ бўлса, ўша суммага рози бўлишимиз имкони ҳам бор. Аммо, ижодий учрашувларга таклиф қилишса, уни қандай баҳоласак бўлади?
Масалан, ҳеч йўқ такси харажатимни қоплаб беринг, ҳеч йўқ 10-15 та китобимни сотиб олинг, дея оламизми? Менимча, демаётган бўлсак, шундай қилишни ҳеч истҳола қилмай бошлашимиз лозим. Шунда, балки, доимий ижод қилувчи, доимий бадиий таржима билан шуғуланувчи ижодкорларимиз гуруҳи шаклланар! Агар сизни ижодий учрашувга ва ё таржимонликка таклиф этаётган ташкилот нодавлат/хусусий ташкилот бўлса, одатда, улар сизга молиявий келишувни олдиндан айтишади.
Мабодо давлат ташкилотлари, масалан, ҳокимиятлар ташкиллаштираётган тадбирлар бўлса, қўрқмай ҳақингизни олдиндан келишиб олсангиз жудаям тўғри бўлади! Эсингизда бўлсин: ҳозир Ўзбекистонда адабиёт ва ижод соҳасини қўллаб-қувватлашга биринчи галда давлат масъулдир ва бу соҳага бюджетдан, яъни халқ пулидан етарлича маблағ ажратилади. Демак, ҳар хил ташкилотлар ижодкор хизматидан фойдаланаётган бўлса, тегишли ҳақ, гонорар тўлашни аввалдан тадбир бюджетига киритишни сўрашингиз нотўғри талқин қилинмаслиги лозим.
Ҳали бошда эслатганим ёзувчи синглим каби, “таклифингиз учун раҳмат, аммо хизматимиз фалон пул бўлади, шунга рози бўлсангиз, тадбирингизни гуллатиб келаман” дея олишга куч топайлик. Фақат, бундан аввал бир муҳим саволни ўзимизга бериб кўрайлик: камина борадиганим даврага мос ва фойдали нимадир янги гап айтиб кела, иштирокчилар қалбига нур ва илҳом бера оламанми ўзи? Ўша даврадигиларни эркинроқ ва кучлироқ инсон бўлишга, билмаган ё тушунмаган нарсаси ҳақида, уялиб ўтирмай, дангал-дадил савол беришга ўргата оламанми? Асарларини таржима қилдиришмоқчи бўлишса, тил соҳиби ўқиганда “зўр таржима бўлибди!” дейдиган даражада таржима қилишга кучим етадими? Агар жавобингиз “ҳа” бўлса, унда олға! Омад тилайман!