Сингапурнинг Биринчи Жаноби ва Алишер Навоий

Президент Ҳалима Ёқубнинг турмуш ўртоғи, яъни Сингапурнинг Биринчи Жаноби — Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабши 1954 йили туғилган, ота-боболари араб бўлишган. Сингапур давлат университетида физика йўналишида ўқиган. Ҳалима хоним билан ўша жойда танишиб, 1980 йили никоҳланишган.
Камбағал оиладан чиқишгани учун ижара уйда яшашган, кейинроқ тинимсиз меҳнат қилиб квартира сотиб олишган. Беш нафар фарзанд: 2 ўғил, 3 қизлари бор.
Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабши адабиёт ва санъатни ниҳоятда қадрлайди, тамил тилида жуда чиройли қўшиқлар ҳам куйлайди. Кеча у Тошкентда буюк алломаларимиз, хусусан, Навоий ҳаёти ва ижоди билан қизиқди. Бироқ…
Номи улуғ Навоий халқаро фонди чиқарган 100 томлик ўзбекча (асосан мақолалар ва тадқиқотлар тўплами) китоб хорижлик Биринчи Жанобга асло қизиқми? Йўқ! Унга Навоий ижоди ҳақида бирорта инглизча рисола ва ёки Навоийнинг бирор дона инглиз тилига таржима қилинган китоби қизиқ эди!
Аммо булар қаёқда дейсиз?! Биз Миллий кутубхонага тақдим этган инглизча таржима ҳам сирли равишда йўқолган-ку кўрсатай дейишса! Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабшига Навоий номидаги адабиёт музейи ва ё халқаро (!) Навоий фонди вебсайти линкини ташлаб берай дейишса, сайтнинг ўзи йўқ! Ҳатто бор деб тасаввур қилганимиздаям, масалан, Ёзувчилар уюшмасиники, сайтларнинг инглизча варианти бўлмаса, Сингапурнинг Биринчи Жанобига ўзбекчаними ўргатишарди Навоий ижоди билан таништириш учун?!
Муҳтарам Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабши жаноблари, ҳазрат Навоий ғазаллари ва достонининг жудаям кичик бир таржимони сифатида, Сиздан чин дилдан узр сўрайман! Биз мақтанчоқлар бирорта буюк шоиримизни, ақалли Навоийни ҳалигача дунёга муносиб таништира билмадик!
Ўзбекистонда иқтидорли таржимонларни ўлдиришган! Ўзбекистонда ижодкорлар қафас тўрига биқиниб олган! Ўзбекистонда танқидий овозлар маҳв этилмоқда!
Ўзбекистонда ижодкорларни дадилроқ, фаолроқ бўлишга чақирувчиларни, инглиз ва бошқа муҳим хорижий тилларни ўрганинг, адабиётга мустақиллик беринг, халқаро ижод уйлари барпо этайлик, буюк шоир ва ёзувчиларимиз асарларини таржима қилайлик, ўзимиз ҳам чет элларга чиқайлик, катта саҳналарда инглиз тилида баралла сўзимизни айтайлик, ўзимизнинг халқаро адабиёт фестивалимизни , чет элларда Навоий институтимизни очайлик дегувчиларни чеккага суриб ташлаш пайида бўлишмоқда!
Муҳаммад Абдуллоҳ Алҳабши жаноблари, Сиз Президент хонимдан ўзбек ижодкорлари учун Сингапурга, Австралияга, Японияга махсус адабий алмашув дастурларини йўлга қўйишни, халқаро резиденциялар очишни сўраб беринг, илтимос!
Бизга савдо ва иқтисод соҳасидаги инвестицияларингиздан кўра, зиёлиларимиз, шоир, ёзувчи, таржимонларимизнинг билими, тажрибаси, замонавийлигини оширишга йўналтирадиган инвестициянгиз муҳимроқ!
Бир неча йил аввал камина Вьетнамдаги халқаро фестивалда сингапурлик бир гуруҳ ажойиб шоирлар билан танишгандим, улар инглизча шеърларимни Сингапурда босилган китобга киритиб, мени шод этишганди. Биз эса Сизга ўзингиз алоҳида қизиққан Навоийни ҳам таништириб, хурсанд қилолмаган ношудлармиз! Кечиринг!
Мен қачондирам Сингапурда биринчи Навоий институти очилишини орзу қиламан! Ўша кунларни кўриш ва Сиз билан Сингапурда учрашишни ният қилиб,
Аъзам Обид
Сурат Интернетдан олинди