“Вой-бўй, намунча!

Кеча шоира Halima Axmad ва ёзувчи Мурод Карим билан олима ва таржимон Хуршида Маматова уйларига бориб, боғчаларидан ўрик ва тут териб едик. Мазза!
Ҳалима опа умр ғизиллаб ўтиб бораётгани, ижодкорлар қўшни бўла туриб ҳам бир-биридан ҳол сўрамаётгани, анчадан буён ўзини тадбирларга чақиришмаётганини гапирди, аммо асло нолимади, кўзларида нур ялтиради! Сочларини қорага бўяб олган Хуршида опага қарата “Сиз ҳали балеринадай ёшсиз!” деди.
Албатта, гурунг асосан Рауф Парфи ҳақида бўлди. Бир куни Рауф ака ишга кетатуриб, “Бону, каттароқ ҳалта беринг, бугун мен сизга намунча олибкеламан!” дебдилар. Хуршида опа гапларига тушунмаганларини кўриб: “Мен кўп нарса олиб келаман. Сиз эса “Вой-бўй, намунча!” дейсиз, деган эканлар шоир.
Яна Санъат музейидан бир муддат йўқолиб қолган Рауф Парфи бъюсти ҳақида эслаб кулишдик. Мурод Човуш “бъюстни ўшанда музейдан Хуршида Мамат ўғирлаб кетгандир-да!” дея кулдирибди.
Алалхусус, яқинларингиз, дўстларингиздан баъзан-баъзан уйларига, ишхоналарига бориб, хабар олиб туринг, умрингиз узаяди.
Тез-тез хабар олинг деёлмайман, чунки ҳозир ҳамма интернетда банд, вақт жуда оз, ҳатто виртуал гуруҳларга аъзо бўлса-да, ҳеч нарса ёзмайдиган, фақат кузатув мақомидагиларнинг кўпчилиги кузатишдан чарчаб, гуруҳларни тарк этиб қўя қоладиган замонда яшамоқдамиз!