Яна бир ишқий кун…

3Яна бир ишқий кун ўртайди руҳим,

Юрак мушаклари ёнар жизғанак,

Тошдай ҳаётимга чўкар андуҳим,

Бахтим бағрингизга кириб қизғанар.

Кошки биз дунёга келмаган бўлсак,

Икки ёнга кетсак, бўлур талош ким?

Бизни севмаганга бўлмасак эрмак,

Бизни суйганники бўлолсак кошки!

Яна бир ишқий кун…

 

 

 

Зиёратгоҳда

 

Қабрлар оралаб тентийсан хомуш,

Намозшомга азон айтади майса.

Бир кун очилгайдир сенга бу оғуш,

Керилиб ётволгинг келар жилмайса…

Тупроқнинг устида топмайсан ҳузур,

Руҳни парчалаган нокас зулмими?

Ўргатгандай бўлар, оҳ, аҳли қубур

Лаҳадга кирволиш илмини…

 

 

Ҳеч денг…

 

Сизни кўп қўрқитдим,

мазлума хоним,

қушдай питирлайди қалб қанотлари,

дилними қийнаган севги гумони

ва аллакимларнинг илтифотлари?

Қочасиз,

Тилингиз қилар сотқинлик,

тутқун гўзаллардай топмайсиз қўним,

Бизни дўст дейишга сўзингиз йўқ, лек

Мудом ортимиздан илжаяр ғаним.

Менга нима керак?! –

Битта илиқ сўз,

Келинг-кетинг, дебон куюнган, интиқ,

Олдидаги бахтни кўргувчи бир кўз,

Меҳримиз бегона қилмаган дўндиқ!

Менга бир ким керак:

Ишқ фасли қучиб,

Бағримга нур мисол киролган одам,

Ортимда бир умр туриб бергучим,

Битта ўлигимга тутгувчи мотам!

Мендан қўрқимангиз,

мазлума хоним,

Эркин ёйиб ташланг дил қанотини,

Кимсага бермангиз, менсиз тўлғонинг,

Ҳеч, денг бу дунёнинг илтифотини!

 

 

****

 

Ёнингда турибман бир сўз деёлмай,

Юрагим жўшқирар вулқон сингари

Қани кўзларингга боқсам уёлмай,

Мулойимгинамас, бўлиб жангари –

Шаҳдам туролсайдим изҳори дилга,

Қўлларингдан тутиб, силасам сочинг,

Бағримда бир нафас баҳринг очилгай,

Бахтинг қучмоқликка етмас қулочинг!

Аммо, бир гап чиқмас сўз эшигидан,

Тошиб чиқаверар қалбим вулқони,

Муҳаббатга тўлиқ қалб қўшиғидай,

Қачон кишанингни ечасан, жоним?!

 

 

****

 

Ҳар кун,

Юрагимда инжа интиқлик,

Бўйнимга осилар соғинч қўллари,

Ҳорғин боғчаларда унар тиниқлик,

Кутиб сарғаяди умрим йўллари.

Кўзимга инади баҳорий анвор,

Бағримни тўлдирар ойдин тазарру.

Бунчалар лазиздир олами асрор,

Ҳаёт қандоқ азиз, умр – табаррук!

Ҳар кун,

Бир илиқлик туғилар дилда,

Самони қучмоқчи бўлар имконим,

Келишинг муқаррар эканин билгач

Минг йил кутмоққа ҳам розиман, жоним!

 

 

***

Рухсат беринг,

Очилсин кўзим,

Мўрт тилимга қайтсин ёруғ сўз,

Юрагимга кийдиринг тўзим,

Руҳ устига илинг ёмғирпўш,

Рухсат беринг,

Нафасим ичга

Тушиб кетган

Олайин тортиб,

Қўлларимни қайтаринг кучга,

Қадамларим бўлсин ботартиб.

Эрка эрким турар ўксиниб,

Қараб турар менга мўлтираб,

Парча-парча этиб кўксини

Рухсат беринг, ўзим ўлдирай!

 

*****

 

Ёмғир эмас, устимдан

Раҳмат ёғар томчилаб.

Балки гуноҳ қасдидан

Тушаётир қамчилар.

 

Бу не, пана қилмоқдан

Соябонми ёпганинг?

Во дариғо, қийноқдан

Қутқарарми чопганинг?

 

Бир кун азоб фаслида

Ёғар пушмон томчиси,

Ҳеч нарсамас аслида

Бу дунёнинг қамчиси!

 

 

****

 

Руҳим қақшар, жониммас,

Қаҳрингни ол, Худойим!

Бандам, дея ёниммас

Меҳрингни ол, Худойим!

 

Оҳ, суямиз, севгимиз

Суянч топмай зору зор,

Бот куямиз, кулгимиз

Бўғзимизда тору мор.

 

Оддийгина кунни бер,

Меҳрингни ол, Худойим!

Қаҳрингни бер, мунгни бер!

Сеҳрингни ол, Худойим!

 

***

 

Озор надир, бўлурмиз зор-зор,

Фироқ надир, йироқ-йироқ йўл,

Бу дунёси бизга келур тор,

Кетажакмиз севгига мўл-кўл.

 

Оҳ орқали топурмиз паноҳ,

Юрак зил-зил, сохта хандалар,

Бу шундайин бебақо фано –

Ишқдан ўлар ишқсиз бандалар!

 

 

Кеча

 

Уйинг тўлиб қолар: дўстлар қадами,

Нигоҳи, гуноҳи, ҳислари ила,

Шеърга никоҳланган, ўтли қаламли,

Тошкентнинг энг гўзал қизлари ила.

Сўфи дўппингга ҳеч қилмаслар парво,

Ҳирқа кийиб кел, деб қиларлар кулгу,

Шукур, дейсан, ҳали эмассан танҳо,

Деразадан чиқиб кетади қайғу.

Мусиқа ҳавода ҳилпирайди бот,

Тамаки тутуни ёқади нафсга,

Руҳинг кўтармоқчи бўлару ғазот,

Ногоҳ тушиб кетар шўх-шодон рақсга.

Сўнг, уйинг бўшайди, чиқишар сармаст,

Елкага ташлашар энгилни.

Из қолар, биронта қиз қолмас бирпас

Тўлдириб тургани кўнгилни.

 

 

 

Ҳаной

 

Гўзалларни кўриб чиқаман ўздан,

Руҳимда ўрмалар Ҳаной баҳори!

Наҳотки дилдорим чиқади эсдан,

Наҳот тўкилади ишқим оҳори?!

Ҳаной!

Мен ҳам бир бандаман юраги зада,

Баҳор юртимда ҳам мени изларми?

Ахир мен ҳам гоҳи пана-панада

Бағрида исингим келар қизларни!

Ҳаной!

 

 

Меники эмассан, юрагим…

 

Юрагим,

Меники эмассан бошқа,

Энди бегонадир тўлишган ақлим,

Бугун тинч, не тушар эртага бошга,

Мен ҳам яшашгами сиз каби ҳақли?

 

Меҳрим,

Кўзларимни очдинг уммондай,

Чўкканинг манзилда таъна, маломат,

Дунё не кўрдики мендай ёмондан,

Кутганим бўлсинми комил ҳаловат?

 

Сабрим,

Сизиб киргил тафаккуримга,

Жонимни қақшатган ҳислар чекинса!

Кошки ўзим топган рангсиз нуримга

Чап бериб, бир зумга дилдан ўкинсам!..

 

Оҳим,

Рутубатни қўмсаган хаёл,

Икки дунёсини тутар ҳасратим,

Айтинг, ҳали бор-ку топишга завол,

Қалбхўр шайтонлардан асранг, ҳазратим!

 

 

Умрим, ҳаққинг йўқ ҳеч сўнишга шамдай,

Суя, ўз қадрингни кўтар, иродам!

Оҳ, қандоқ бахтлидир ёруғ оламда

Айтиб йиғламоққа дўсти бор одам!

 

*****

 

Юрагимнинг тожи, дўстгинам маним,

Бир қошиқ қонимдан ўтоласанми?

Қайтиб келаётир аразлаганим…

Мендан рози-рози кетоласанми?

Истайман: муаллақ осилмаса қўл,

Билмам, бизни айро қилгучи шаънми?

Бепарволик томон солиб узун йўл,

Мендан рози-рози кетоласанми?

Қошимга келади абадий йиғи!

Ким билар, ишқ завқи бўлди кўпми, кам?

Мен рози, девона қалбимни бўғиб

Ўлдир, кўзларингга кўмгил, дўстгинам!

Юрагимнинг тожи, дўстгинам маним,

Бир қошиқ қонимдан ўтоласанми?

Қайтиб келаётир аразлаганим…

Мендан рози-рози кетоласанми?

****

 

Ҳар кеч кипригимга илашар юлдуз,

Қошларим ортидан ой чиқар дилхун.

Қалбим дарбозасин чертибон, маъюс,

Ишқли қароғимга меҳмон бўлар тун.

 

Ҳар кеч, кечолмасман, кўксимни эзиб,

Самога тортқилар покиза қушлар.

Сиз йўқсиз, ўзимиз учолмасмиз, деб,

Тўлғониб чиқади бокира тушлар.

*****

Мен севсам, шоҳ бўлиб севаман, эркам,

Ҳеч ким бўлолмайди мендек асир ҳам.

Юрагим, кел, ишққа тож бўлгил кўркам,

Вужуд бор, лозиммас нурли қаср ҳам.

Мен севсам, кўксимда абадий оғриқ,

Ўзимни қайга ҳам олиб қочарман.

Азобнинг илкида сўзсиз, бедовруқ,

Бош олиб яланғоч мунгни қучарман.

Мен севсам, Бахтга бир ини бўларман,

Жаллод лаҳзалардан дил тилим-тилим.

Мен севиб, севгининг хуни бўларман,

Фақат сиз севмангиз мени, севгилим!

 

*****

 

Бу кеч юрагингга солганим олов

Шакар лабларингга ўтиб қизартсин,

Кўксимни ғарч тишла, тиллаш беаёв,

Мужгонларинг маржон теримни артсин,

Сочу соқолимга ўрлаган майин

Оқлик руҳимизга кўчса муфассал,

Ва бир нафасимдан туғилса қани

Сен кутганинг ойчеҳра, гўзал!

 

********

 

 

Англадим: кўр бўлмиш сиздаги қароқ,

Ё менинг ишқона бошим айниган.

Сизгами ниқобсиз суратмас, бироқ

Фурсатим керакдир беролмайдиган.

Кибр устунининг нақшисиз гулдор,

На бир жон, на жонсиз қилур ҳимоя,

Мафтун эттиргувчи сизда нима бор,

Нимангиз дилимга қилур кифоя?!

Йўқ, энди севмасман ғам билан, лоҳас,

Тамом юз ўгириб кетмоғим тайин!

Охирги сўровим, бу сафар менмас,

Сиз менга вақт беринг: ўлиб олайин!

 

*******

 

Буюк Тутун сари…

 

Юрагимдан кўчдинг, вулқон туйғулар

Азмидан руҳимни тутоласанми?

Аллалаб, йўлланма берса уйқулар

Буюк Тутун сари кетоласанми?

Минг йиллик Қуббаси бизга интизор,

Тегизиб ўтса, дер қанотларини.

Меҳримиз ҳар ённи этиб ихтиёр

Нурлатса милёнлар ҳаётларини.

Киприк қоқмай боқса Лондон Қароғи,

Мезбондай бағрини очса Альберт Ҳолл.

Чекинурми озроқ қутлуғ азобинг,

Бирпас бўлурмисан масруру хушҳол?

Эби кўчасида ёнур чироқлар

Ёзги Ўйинларга сени чорласа,

Ифорин таратган гулу гиёҳлар

Пойингга тўшалиб бахтиёрласа.

Қалбинг сирин очсам бўлиб Шерлок Ҳолмс,

Қайта жон берсанг эт-суякларимга,

Абадий қўноққа этибон қиёс

Қайтиб қўнармисан юракларимга?

 

****

 

 

Ёмғир эмас, устимдан

Раҳмат ёғар томчилаб.

Балки гуноҳ қасдидан

Тушаётир қамчилар.

 

Бу не, пана қилмоқдан

Соябонми ёпганинг?

Во дариғо, қийноқдан

Қутқарарми чопганинг?

 

Бир кун азоб фаслида

Ёғар пушмон томчиси,

Ҳеч нарсамас аслида

Бу дунёнинг қамчиси!

 

 

****

 

Руҳим қақшар, жониммас,

Қаҳрингни ол, Худойим!

Бандам, дея ёниммас

Меҳрингни ол, Худойим!

 

Оҳ, суямиз, севгимиз

Суянч топмай зору зор,

Бот куямиз, кулгимиз

Бўғзимизда тору мор.

 

Оддийгина кунни бер,

Меҳрингни ол, Худойим!

Қаҳрингни бер, мунгни бер!

Сеҳрингни ол, Худойим!

 

 

 

 

***

 

Озор надир, бўлурмиз зор-зор,

Фироқ надир, йироқ-йироқ йўл,

Бу дунёси бизга келур тор,

Кетажакмиз севгига мўл-кўл.

 

Оҳ орқали топурмиз паноҳ,

Юрак зил-зил, сохта хандалар,

Бу шундайин бебақо фано –

Ишқдан ўлар ишқсиз бандалар!

 

 

 

********

 

Зиёратгоҳда

 

Қабрлар оралаб тентийсан хомуш,

Намозшомга азон айтади майса.

Бир кун очилгайдир сенга бу оғуш,

Керилиб ётволгинг келар жилмайса…

Тупроқнинг устида топмайсан ҳузур,

Руҳни парчалаган нокас зулмими?

Ўргатгандай бўлар, оҳ, аҳли қубур

Лаҳадга кирволиш илмини…

 

****

 

Сен на душман ва на дўстимсан,

На бир жоним олгучи дилдор,

На чуқур жар, на-да устунсан,

Хунукмас, ҳам эмассан дилдор.

 

Юрмагайман сенга талпиниб

Лекин ёруғ кўнглимда борсан,

Сен умримда турган қалқиниқ,

Ҳаётимда узрхоҳ орсан.

 

Неча йилки кетгансан йироқ,

Қўёлмайман елкангга бошим.

Сендан кечай дейман-у, бироқ

Шунча бирга бўлдинг дилдошим.

 

Қийналаман гоҳо жон аро,

Айб қўяман фурсат бўйнгиа,

Оҳ, негайин бунча мен қаро,

Ҳеч бир нарса сиғмайс қўйнига.

 

Бугун сенга суйкалидм қайта,

Ўздан чиқди бот фаросатим.

Сен – шунчаки бир сўзим – майда,

Сен – шунчаки бир аросатим…

 

 

Дўстижон

(Саидага)

 

Асли ҳақ гап – биз дунёга сиғинди,

Гўё дунё бизга қарши йиғилди,

Бошимизга шунча ғавғо ёғилди,

Худо бизни синаётир, дўстижон!

 

Эзғин-эзғин юракларда қотар қон,

Ёшга тўлиб ёстиғимда отар тонг,

Майли айбли бўлайлик биз, етар, жон,

Худо бизни синаётир, дўстижон!

 

Болам десам, отам менга куядир,

Мен боламни, онам мени суядир,

Ҳаёт шудир: умр тетапоядир,

Худо бизни синаётир, дўстижон!

 

Шукур, ҳали сўнган эмас тафтимиз,

Чидаб-чидаб яшамоқлик аҳдимиз,

Биз ўлганда қутуларми жуфтимиз?!

Худо бизни синаётир, дўстижон!

 

Майли, лойиқ кўришсинлар жазога,

Кимни суйса, дард солармиш арога,

Қолдирмайин бизни бахти қарога,

Худо бизни севаётир, дўстижон!

 

Бордир ахир айтганимиз Худога!

Худо бизни севаётир, дўстижон!

 

 

****

 

Бир янги ҳаётга ошиқар руҳим,

Дилдан соғинганим ёруғ туйғулар.

Ҳали сўниб қолмай меҳримнинг чўғи,

Ҳали тортмасидан абад уйқулар,

Ўзиники қилиб оларми кимса?

Юрак деворига исмим ўярми?

Излаб бормасам ҳам келарми қўмсаб,

Бутунлигим дерму, дермикин ярмим?

Йиғиб биларми мен кетганда тўзиб,

Ёлғон дил тутганга тушмасми лаққа?

Демасми: кимсанинг учмайди кўзи

Ёлғиз аёл кўрган ҳолсиз юракка?

Ажабо, қақшаган ҳил-ҳил қалбимни

Бирор ким тоабад қилурми қамал?

Майли, достон қилсин бори айбимни,

Фақат сотмасликка тайёрми ақал?!

Ошиқмаса янги ҳаётга руҳим,

Дилдан соғинмаса ёруғ туйғулар.

Сўнсин, сўнавресин меҳримнинг чўғи,

Майли, тортиб кетсин абад уйқулар!

 

 

Интиқ

 

Гўзал кутиш бўлса насибам

Милён йил ҳам бўлардим рози.

Воҳ, мен бунда жуда ғарибман,

Зорман сенга етолмай, мозий…

 

Юрак ичра талотўп, тиқ-тиқ,

Ланг очилгай туйнук-дарича.

Томга чиқиб олару интиқ

Муҳаммадни кутар Хадича…

 

Ул зот келар… Бўлолмас бу жон

Бир чечак, тош йўл, ё хушхабар…

Кўзни юмдим, айтингиз, қачон

Тушларимга кирар пайғамбар?

 

 

Айблиман…

 

Кимдан шубҳаландим,

Ким мени чақди,

Елкамга зил-замбил тушди қаноат,

Меҳрим бор будича эшилиб оқди,

Юракда эзилиб пишди ҳарорат,

Сочганим ҳавога кетдими, ё раб,

Мендан терганингиз бир зулммиди?

Умидларингизни қилдимми ғорат,

Сизни хуноб этган ёт феълиммиди?

«Севармикан?»  учун жой қолмади, ҳай,

Неки сизга қилдим – дилдан, самимий,

Майли, сиз айтганча ниқобли бўлай,

Фақат мен абадий сизга ҳабибий.

Кўнинг, энди мен ҳам сизни унутгум,

Бошқа малҳам келур дил яросига…

Айбим: сизга бори севгимни тутдим,

Зарра қолдирмайин у дунёсига!

 

Айблиман…

 

***
Сен мени изладинг, —

Мен сени топтим,

Жоним илкингдаги жонимга туташ,

Илиқ қучоғингда исинар тафтим,

Бесўнақай ўсган оғочинг бўлай,

Жило бер, қуриган шохимни буташ…

Бешикмиз… Оила бизни тебратар,

Юрак чандиқлари сақланар бутун,

Сен ҳам яшаб кўргин мендан бехатар,

Милён йил айбласанг арзийди, сени

Ўзимники қилиб олганим учун!

Сен орзу қиласан,

мен қуш бўламан…

Ҳузурингга келсам, кетасан ишга,

Қўйворингиз, дема, беҳуш бўламан,

Истамаганингда қайтиб келишим,

Кузатиб

қўярми

эдинг

Парижга?

Мен сени излайин,

Сен мени топгин!

******

Бахтиёр қайғу

 

Юрак саҳросида портлайди туйғу,

Узлатга чекинар руҳоний ҳислар.

Қўлларимни тутар бечора қайғу,

Умримга таралур бегона ислар.

Шукурки, шамс ҳали чиқмоқда шарқдан,

Ҳали ланг очиқдир тавба эшиги,

Мен балки гуноҳи кабирга ғарқман,

Шундан аза каби эсар қўшиғим.

Чорасизлик ичра чиқар бир чора,

Тонгларга уланур тириклик баҳси

Қандоқ ҳам ҳақиру нотавон, ё раб,

Эрта не бўлишин билмаган нафсим!

Дил мудроқ, соз чалиб эркалан, чолғу,

Нарги дунёсига қолдир тушларни,

Шовқинингни кўтар, бахтиёр қайғу,

Уйғотиб юборгил ойдин ҳисларни!

 

 

 

Ўзимга хитоб

 

Шукр, менинг ҳали қадамим шахдам,

Юракни зулматга қарши чўғлагум.

Лойга ботаётган бул миллат ҳақда

Юсуф Жума билан келар йиғлагим.

Бунда судралади чувалчанг мисол

Юввошу чидамли бағри қон ҳоклар,

Биргина овоздан бўлиниб, увол,

Қўрқиб яшаётир милён қўрқоқлар…

Менинг Ватанимда – «ёнаётган йўл»!

Ёнар, йўл ахтариб субутли эрлар,

Ҳали рост сатрлар бўлиб қўлма-қўл

Бу юртни кўтарар Абдулла Шерлар!

Тўхтанг, четга қочманг тили узунлар,

Гарчанд иймон сустдир, жон – парча, ярим,

САДОга дўнасиз қачон бутунлай –

Ҳақ сўз бўлгаймисиз, шоирчаларим?!

 

Ўзбегимсан, қирғизимсан…

 

Ярим ойки юрак тинмай пуркайди зардоб,

Томирларим қақшаётир захил, қонталаш,

Йигирма йил қайтиб кўзин очмишдир гирдоб,

Надоматким, бутун элда бугун жон талаш!..

 

Эй, сен, шайтон илкидаги қўғирчоқ гуруҳ,

Қумурсқадай ёпирилган алвон этакка,

Мен “сарт” бўлай, мени ўлдир, ўтда ёнсин руҳ!

Тегинма лек титраётган маъсум гўдакка!

 

Шон талашиб ким дунёга бўлибди устун?

Ҳар кас ёвуз ё зўр бўлсин, етар ажали…

“Қурол беринг!” деб инграган онанинг бир кун

Кўз ёшига хор-зор чўкиб кетгайсан ҳали…

 

Унут бўлди ул суюкли пайғамбар сўзи:

“Аллоҳ асрар балолардан мўмин бандани,

Қачонки у ўз қавмин еб, ўймаса кўзин,

Гар кетмаса малъун иблис сари алданиб!”

 

Олов ичра қовжираган биродаримдир,

Синглим эди ваҳшийларча зўрлаганинг зот.

Минг-минг ёшу кексаларнинг кўнгли яримдир,

Авлодларга етмасайди машъум хотирот…

 

Йўқ, мен уруш очинг дея қилмасман даъват,

Етар ахир кўпчиб ётган замин дардлари!

Ҳар кимса ҳам бу жаҳонда яшасин пурбахт!

Қуриб битсин ғаламиснинг сиёсатлари!

 

Ўзбегимсан, қирғизимсан, жон томиримсан,

Шунча замон бир-бирининг тотган тузини!

Сен бошимсан, ўртамдирсан ва охиримсан!

Ёдингда тут пайғамбарнинг буюк сўзини!

 

***