Ёзувчи дўстларимга

Ёзувчи дўстларим!

www.Ijod.uz сайтига виртуал саёҳат қиларканман, ижодкорлар учун муҳим деб санаган баъзи мулоҳазаларимни сиз билан ўртоқлашгим келди. Бир қарашда сайт бинойидек, етарли қизиқ бўлимлари бор, янги материал қўйиш цикли ҳам дуруст. Аммо, менимча, агар шу сайтнинг “Фейсбук”даги манзилини очилса (бу жудаям осон) ва тадбирлар, таклифлар, эълонларни оммавий эълон қилиб борилса, унинг ўқувчилари ҳам, қизиқувчилари ҳам кўпаярди. Агар бундан чўчийдиган, бунга тўсқинлик қиладиган давралар ё кишилар бўлса, бундан буён айтадиган таклифларим ҳам ҳозирча ҳеч бўлиб қолади, холос.

Сайтни ривожлантиришга оид конкрет қуйидаги таклифларим бор:

–       Рус ва инглиз тилидаги вариантини тузиш ва тегишли материаллар билан бойитиш

–       Умумий кўринишини соддароқ, тушунарлироқ ҳолга келтириш

–       Эскирган материалларни олиб ташлаш (масалан, Дўрмон боғи ҳақидаги материал 2010 йилдаги маълумот билангина турибди, унда тилга олинган кишилар ҳозир вазир ва бошқа лавозимга кўтарилган)

–       Илғор давлат ва нодавлат ташкилотлар сайтларининг энг яхши тажрибаларини қўллаш

–       Ziyouz.com, kh-davron.uz каби шахсий вебсайт эгалари сайтларига ҳаволалар бериш, айниқса ўзбек адабиётининг минглаб намуналари жамланаётган ziyouz.com ва электрон бадиий китоблар сайтини назардан қочирмаслик.

Албатта, бу ишларни амалга оширадиган мустақил, эркин, ижодий фикрловчи, тил ва дил биладиган координатор/модератор/веб устаси керак, ёки борини шу йўсинда тарбияламоқ фойдали бўлади.

Яна баъзи эскирган фикрларимни қайтадан такрорламоқчиман:

Шоиру ёзувчи дўстларим, ўтаётган йилда таржима, ўзбек адабиётини дунёга чиқариш деган мавзуларда “Адабиёт ва санъат” ва бошқа газеталарда ўнлаб яхши мақолаларга, фикрларга кўзим тушди. Балки ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқишнинг минг бир йўли бордир, бироқ, мен айтаётган қуйидаги йўлдан осони йўқ:

– зудлик билан шоир ва ёзувчилар учун бепул чет тили курслари ташкил этиш, уларга дунё тилларини ўргатиш  (“Ижод”дай ўн миллионлаб маблағли жамғарма ёзувчилар уюшмаси қошида чет тили курслари ташкил этолмайдими?)

– бошқа тилда асар ёзиш тажрибасини йўлга қўйиш, ўз асарларини таржима қилиш амалиётини бошлаш

– ёзувчиларни виртуал олам билан (Интернет, имейл, ижтимоий тармоқ каби) яқиндан таништириш ва фойдаланишни ўргатиш

– юртимиздаги Есенин музейи, рус ва бошқа халқлар маданияти марказлари, элчихоналар, русийзабон ижодкорлар билан самимий, дўстона ҳамкорликда ишлаш

‑ чет элдаги дастурлар, тадбирларда тажриба орттирган ёзувчиларнинг илғор фикрларини оммалаштириш

– чет элдаги фойдали ижодий дастурларда иштирок этиш имкониятини бошқаларга ҳам бериш

– ёзувчи-ёзувчига алоқаларини кучайтириш ва ҳ.

 

Шоиру ёзувчи дўстларим, хусусан, ёзувчилар уюшмасидаги масъул ўртоқлар,

Адабиётни тарғиб  қилиш учун чет элдан ё юртимиздан таржимон излаш, улар ёрдамига кўз тикишдан аввал ўз потенциалимизга, иқтидоримизга, кучимизга ишонайлик, бирор тилни билмаслигимиз айбмас, аммо ўзимиз ва омма учун керак экан, уни ўрганмаслигимиз айб. Устимизни қоплаб турган дангасалик, эринчоқлик, ишончсизлик пардаларини очиб, бир силкиниб олайлик-да, янги марралар сари олға қадам ташлайлик! (Қип-қизил советча шиорга ўхшади шу охирги гапим! J)

Илтимос, шу фикрларимни юқорида ўтириб, миллат учун нимадир яхши нарса қила оладиганларга ҳам етказинг.

Самимий-самимий дуолар қилиб,

Аъзамжон