Бизнинг миллат…

110 йил аввал Абдулҳамид Чўлпон ёзганидек,
“Биздан бошқа миллатларга кўз солсак кўрамизки, аларнинг олти ёшдан олтмиш яшар қариларина қадар адабиётдан бир лаззат олуб охир умрига қадар адабиёт ўқуб эшитмакни вазифаи миллиясидан ҳисоб қилур. Мана шунинг учундирки, Оврўпонинг ҳар шаҳар ва қишлоқларида ҳар кун, ҳар ҳафта адабиёт кечалари қилинур, адабиёт ўқилур, нутқ сўйлануб халқ кўб кируб таъсирланурлар…
Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдирур.
Бизни уламо ва эшонларимиз тўн киймакдан, авомларимиз чойхоналарга чиқуб чой ичмакдан ва зиёлиларимиз эса Оврупо кийумликларидан ва қийматлик папирўсларидан лаззат олурларки, «адабиёт нима?» десанг, жавобида юқорида айтилганча «яъни, масалан»дан бошқа жавоблари йўқдир.
Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, «адабиёт кечалари» ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук.”
#####
Чўлпон ноласидан шунча йил ўтгач, юраги қон бўлиб Аъзам Обид айтадики:
Афсуски, бизнинг миллатимиз забардаст, довюрак адиблар етиштира, ижодкорларимиз таъсирли адабиёт ёза билмайдур. Жаҳон адабиётини таржима қилиб пайдар-пай босадур, аммо ўз миллатидан кимни, қандай дунёга беришни асло хаёлига ҳам келтирмайдур.
Бизнинг раҳбарлар адибларга имтиёзли ва (халқ пулидан) бепул квартиралар совға қилиб, атрофларига ўз ҳукмронликларини ўлгунга қадар давом эттиришларини қўлловчи ва ёқловчи маддоҳ овозларни йиғиб борадурлар холос.
Биздан бошқа миллатлар дунёга очилиб, ҳар йили бутун дунёдан ижодкорларни йиғиб, ўз миллатини илғор фикрлар ва ғоялар билан суғормоқда, бизникилар эса “бизга халқаро адабиёт фестивали керак эмас” дея ғилоф бандаси мисол бурчак-бурчакларга қочиб кириб кетган.
Бизнинг миллат ижодкорлари бир-бирининг оёғидан тортишдан, тагига сув қуйишдан бўшамайдур, тил ўрганиб, халқаро адабий муносабатларни йўлга қўймайдур, асарим Россиядаги онлайн журналда инглиз тилида чоп этилди, китобим “Амазон”да босилди дея мақтанишдан нарига ўтолмайдур.
Бизнинг миллатнинг нафақат илгари қўрқитиб қўйилган катталари, ҳатто ҳали ниҳолдай энди бўй чўзишга шайланган ёш ижодкорлари ҳам дадил, эркин гап айтишдан чўчийдур, сал дунёга чиқа бошлаган шеригига қаттиқ ҳасад қиладур, кўролмайдур.
Бизнинг миллат ҳатто интернет ва очиқлик даврида ҳам ҳиссиётдан, фикрдан маҳрум қолиб, ҳанузгача инқирозда эканини англамайдур.
Бизнинг миллат ижодкорлари на миллат адабиёти ҳақида соғлом танқидий гап айтиб юрган саноқли кишиларни қўллайдур, на “Митти кўприк” каби каналда ёзилган постларни газет ё журналида чоп этишга юраги бетлайдур, на улашишга ўзида куч топадур.
Қайтанга, қўли қалтираб, юраги бўшашиб, “бир кор-ҳол бўлмасун тағин” дея пичирлаб, лабига учуқ тошганча дарҳол ундан чиқиб кетадур”.