Тиббиётчи олим Маҳмуджон Шарапов билан адабиёт ҳақида суҳбат

Маҳмуджон Шарапов: Бир дақиқа фараз қилинг. Сиз элчихонада эмас, Наманган газетасида ишлайсиз. Тилни биласиз. Талантингиз бор, анча таниқлисиз. Хўш, сиздаги хозирги имкониятлар борми ўша талантли адабиётчида? Элчихона туфайли чет элга борасиз-ку. Маҳаллий адиблар нима қилсин, бечора-ку улар?
Аъзам Обид: Фараз қилдим: Сиз айтгандай вилоятлик ижодкорман, дейлик. Замонавий дунёда ижодкор қандай бўлиши кераклиги ҳақида аввалроқ пост қилгандим, кўзингиз тушдими? Энг аввало, ўша хислатларни ўзимда жамлаб бошлардим. Биринчи ўринда тил ўрганардим. Намангандами, бошқа жойдами, ҳозир тил ўрганиш учун пулим йўқ дейиш баҳона холос, чунки бепул тил курслари, клубларни топиш қийинмас. Қолаверса, Ютубда миллионта бепул курс бор.
Кейин ижтимоий тармоқда фаолроқ бўлардим, чет эллик ижодкорлар билан танишардим ва ҳоказо. Яъни, ўзингизни ривожлантириш учун имкониятлар ҳамма учун бор, энг муҳими, ўша имкониятлардан фойдаланиш учун ўзингизда куч ва ғайрат топиш. Биз ҳозир Тошкентда фақат шоир ва ёзувчилар учун бепул 10 ойлик курс қиляпмиз, аммо курсимизда атиги 10 га яқин иштирокчи бор холос, ваҳоланки бу курслар ҳақида ҳамма ижодкорлар орасида бонг уриб келяпмиз. Бундай имкониятдан фойдаланмаётган ижодкордами айб, ё кимда? Ёки яқинда икки нафар талантли ўзбек ижодкорни Гёте институти Германияга бир ҳафталик сафарга олиб борди. Аммо ўша талантлилар немисча тугул, сал-пал инглизча гапиришни уддасидан чиқмайди. Ҳатто Германиядай адабиёт марказига бориш ҳам уларни тил ўрганиш ижодкор учун қанчалик муҳимлигига ишонтира билмаган кўринади. Қисқаси, талантли ижодкор бўлиш дегани фақат яхши ёзиш дегани эмас мен учун.

Элчихонага келсак: мен элчихона билан боғлиқ сафарларни ижодий сафарлар билан иложи борича боғламасликка уринаман. Гоҳида шундай бўладики, элчихона билан боғлиқ тренингда ҳамкасбларимнинг ўзи шоир ё ёзувчи бўлиб чиқади, шундай ҳолда сал-пал бу ҳақда нимадир айта оламан холос. Манфаатлар тўқнашуви деган нарса мен учун муҳим.

Бироқ, биринчи йирик ижодий сафарим 2004 йили АҚШдан бошланган (ундан аввал Қрим) ва биринчи ўзбек шоири сифатида Айова халқаро ижод дастурида қатнашганман. У маҳал мен элчихонада ишламас эдим. Айова мен учун катта уфқларни очиб берган.

Мен учун иккита сафар тушунчаси бор: иш билан боғлиқ ва ижодий. Мана бу сафарларим асло элчихона билан боғлиқ эмас:

– Ҳиндистондаги бир нечта йирик фестивал ва анжуманда иштироким;
– Германиядаги резиденция дастури ва китоб ҳафталигидаги иштироким
– Нидерландиядаги бир нечта халқаро маданият ва адабиёт форумларидаги иштироким
– Швециядаги биринчи ёзувчи ва таржимонлар форуми
– Колумбиядаги шеърият фестивалидаги иштироким
– Вьетнамдаги иккита катта халқаро фестивалдаги иштироким
– Қозоғистондаги форумлардаги иштироким
– Татаристондаги туркий давлат шоирлари анжуманидаги иштироким
– Еревандаги ёзувчи ва таржимонлар форумидаги иштироким
– Россиядаги конференциялардаги иштироким
– бутун Европа бўйлаб автобус ва поездда саёҳатларим
ва ҳоказо.

Бир ўзим Ўзбекистонда амалга оширган 5 та катта-кичик резиденция дастури/фестивалда элчихонанинг ҳеч қандай ҳиссаси йўқ. Юқоридаги фестиваль ва анжуманларнинг кўпчилигидаги иштироким учун сафар харажатлари 100 фоиз гоҳ ташкилотчилар, гоҳ донор ташкилотлар томонидан қопланган. Йўқса, масалан, 3000 доллар сарфлаб Колумбияга бориш қайда?!

Тўғри, элчихона оз-моз сафар қилишим учун етарли ойлик тўлайди. Бу ижодкор сифатида мен учун жуда катта имконият, албатта. Ҳамма ижодий сафарларим ортида бир катта нарса турибди: озроқ тил билганим.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: Сиз айтаётган талантли тошкентлик ё наманганлик ижодкорга кучлироқ ижодкорга айланиши учун нима ё ким тўсқинлик қилмоқда? Ҳатто ўзим борган фестиваль ва анжуманларга ҳам бирор тил биладиган ижодкор тавсия қилолмай юраман кўпинча, чунки тил билмайди. Сал-пал биладиганларини Айова, Вьетнам каби жойларга тавсия этганман, бориб ҳам келишди, аммо яна ўша эски ковушни кийиб, ҳовуздан чиқолмай юраверишади. Хўш, айб кимда?

“Митти кўприк” каналини нега юритаётганимни энди янада яхши англагандирсиз? Шу ижодкорлар учун ҳаммаси. Шулар қолиб кетмасин, кучлироқ бўлсин, деб ёзяпман, бўлишяпман-ку ҳаммасини. Тасаввур қилинг: энди мен ҳам шу озроқ тажрибамни бўлишмасам, каналимни ёпсам. Аввало, писмиқ бўлиб, билганинг яхши имкониятларни бошқалар билан бўлишмаслик, бахиллик менинг ижодкорлик принципим эмас.

Қолаверса, бўлишишда катта ҳаётий ҳикмат бор: қанча тажриба бўлишсам, ўзим учун янада кўпроқ имконият очилмоқдалигини ўз ҳаётимда сезяпман. Сиз савол бериб, жуда тўғри қилдингиз, Маҳмуджон ака. Ишончим комилки, бошқа жуда кўпчилик муваффақиятларимнинг (агар шундай дейиш мумкин бўлса) ортида элчихонани кўради. Аслида, ундай эмас. Ҳеч йўқ сизни шунга ишонтира олдимми бу ёзганларим билан?
Маҳмуджон Шарапов: Раҳмат жавобингиз учун. 1) Тушунишим, аксарият четга чиқиш спонсорлар тарафдан бўлган. Спонсор топиш механизмини, йўл-йўриғини тушунтириш керак маҳаллий, жуда кам бўлса-да, чет тилини биладиган адибларга; 2) қолган тил билмайдиганлар четга соқов ва кар қулоқ бўлиб бориши заррача уларга фойда бўлмайди (шоппингдан ташқари). Фурсат келди айтиб қолай – ҳадеб Навоийни чоп этинг деявермасдан, у даҳонинг конкрет асаридан ҳозирги замонга мос келадиган, тиқилиб – қалашиб кетган жамият муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берадиган ёки шу ҳаётий масалаларнинг мағзини, моҳиятини, илдизини тушунишга туртки бўладиган фикрлари, 4 қатор шеьрлари бўлса, уни оммага кўрсатиб, чуқур тахлил қилиш айни муддао бўлармиди, дейман. Нима дейсиз?

Аъзам Обид: Спонсорлар топиш ҳақида, фестивалларга қатнашиш ҳақида ҳам ёзганман, яна улашиб боравераман. Чет тилини биладиганлар буни билишади.

Ўзи бир мартагина чет элга ижодий саёҳатга чиқиб, катта уфқларни очиш имкони бор. Контактлар контактларга уланади. Халқаро тадбирларда қайсидир мамлакат вакили сизни ўз тадбирига таклиф этади, ҳаммаси ўзингизга боғлиқ, яъни қанчалик бу сафардан натижали фойдалана оласиз. Агар, айтайлик, чет элга бирор таржимон билан бориб келсангиз, кейин нима қилишни билмай юрасиз. Агар ўзингиз борсангиз, яхши дўстлар орттирасиз, қайтиб келгач, улар билан муносабат ўрнатасиз, асарини таржима қилиб таништирасиз, Ўзбекистонга таклиф этасиз, ўзингиз борасиз ва ҳоказо. Чет элдаги ижодий анжуманларнинг жиддийлари ҳамма харажатни кўтаришади, одатда. Аммо ўша даражага кўтарилган ижодкор бўлиш ҳам керак.

Навоий билан Ўзбекистонда шуғулланмаган ижодкор ё адабиётчи ё олим йўқ. Деярли ҳамма сиз айтган мавзуларни қамраб олади, ёзади, чиқаради.

Аммо менинг мақсадим Навоийни чет эл ўқувчиларига таништиришни тарғиб қилиш. Ҳеч ким айтмаган ё қилмаган ишни қилиш менинг асосий миссиям.

Яна ким айтяпти Навойини таржима қилайлик, дунё билмайди деб? Ҳеч ким! Ёзувчилар уюшмаси ҳам, Навоий халқаро жамғармаси ҳам примитив ишлар билан банд бу борада. Ҳеч йўқ мен уларни ва шу ишга масъулларни турткилаб турсам майлими? Ё мен ҳам жим юравераймикин?

Ўзинг нима қилдинг бу борада деб сўрашга ҳақлисиз. Навоий ҳақида ва у учун мана бу ерда нима қилганимни батафсил кўрсангиз бўлади: http://azamabidov.uz/?s=%D0%9D%D0%B0%D0%B2%D0%BE%D0%B8%D0%B9

Аммо мен ким бўлибман? Ҳеч ким? Бир оддий ижодкорман холос. Оғзимга кучим етади холос!
Яна саволларингизни бемалол ёзиб туринг, ака. Адабиётчилар, ижодкорларнинг кўпи ҳатто савол беришни ҳам билмайди. Баъзилари уялиб бир нарсалар почтамга ёзади, аммо жавоб бермайди бу одам деб ўйлайди. Шунинг учун кечаги постимда “мен оддий одамман, бемалол ёзинглар, қўнғироқ қилинглар, кўришинглар” дедим.
Маҳмуджон Шарапов: Ташаккур, ижодингизга ривож, саломатлик тилайман. Сизнинг ноёб ижодингиз чет эллик адабиетсеварларни Навоий ижоди билан таништириш. Бу тушунд:арли. Баьзилар минбардан туриб “ҳаммамизга маьлумки…”, деб нутқини бошлайди. Ваҳоланки, омма аксарияти аввал эшитмаган. Кўп адиблар Навоий ҳақида ёзган, дедингиз. Мен ҳам навоийшунос, марҳум ф.ф.д Абдурашид Абдуғафуров яшаган эски маҳаладанман. Бироқ у нима қилган , нима ёзган, билмайман. Мен истардимки, Навоийни тил, ижод, одамийлик, ҳаёт, Ватан, муҳаббат, мардлик, ҳалоллик, маданият ва бошқа кўп инсоний фазилатлар ва инсоннинг иллатларини фош этувчи фикрлари ёритилган битиклари бўлса, уларни қайта кайта, оммабоп қилиб ўзбекка ва, колаверса, чет халкларга ҳам, кўрсатиб берилса, демоқчиман.
Аъзам Обид: ИншаАлоҳ, шундай ниятимиз бор. Соғ бўлинг, Маҳмуджон ака!
###