Сервантес даврида ёстиқдай-ёстиқдай асарлар ёзиларди. Ҳозирги замон ўқувчиси қисқа матнларни кўпроқ ўқийди. Ўзимизда илгари кенг тарқалган достон жанрида ижод қилаётган, узун достонлар ёзаётган шоирни ҳозир жуда кам учратамиз. Шаклда ҳам қанча ўзгаришлар бор: масалан, модерн шеърият, оқ шеърларга кўника бошланди.
2000-йиллар бошида америкалик адабиётчилардан шоирлар нега оқ шеър ёзишга ўтиб кетди, деб сўраганимда, бунга сабаблардан бири сифатида “қофияли шеър ёзишга эриниш”ни ҳам санаб ўтишганди. Ўша йиллар европаликлар кекиришда чиқадиган овозни “янгича шеърий жанр” деб тақдим этган ўринларни ҳам кўрганман. Умуман, ёзувчи-шоир ҳам, ўқувчи ҳам ялқов бўлиб бораётгани бор гап.
Ҳозир “инсташеърият” фақатгина Инстаграм ижтимоий тармоғида эмас, Twitter, Tumblr, TikTok да ҳам кенг тарқалмоқда. Бундан ташқари Twiction (Twitter ва Fiction сўзларидан), Twitterature (Twitter ва Literature сўзларидан) каби атамалар ҳам урфга кира бошлади ва улар фақат қисқагина шеърий эмас, насрий асарларни ҳам қамраб олмоқда.
Назаримда, “инсташеърият”нинг яхши томони унинг қисқалиги ва “шеъриятга қизиқиш ва унинг йўқолиб боришига йўл қўймаслик”ка ҳисса қўшаётганида. Ғалати томони эса, ҳозир Ўзбекистонда яқиндагина қўлига қалам олган ҳаваскор шоир ё ёзувчининг қайсидир онлайн нашр ё блогда бир туркум шеъри ё ҳикояси босилгани ортидан дарров “юлдуз”га айланиб, ҳаволаниб кетаётганида бўлса бордир. Ажнабий тилда нима деб ёзилганини ўзи ҳам англамаган сертификат, диплом ва мукофотлар олгани ҳақидаги постлар улашаётганлар бунга мисол.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қаламкаш учун кўпроқ ва кенгроқ “онлайн танилиш”дан кўра китобхонлар даврасига юзма-юз учрашувларга бориш, ижодий сафарларга чиқишни муҳимроқ, фойдалироқ ва завқлироқ деб биламан. Дунё бўйлаб юз миллионлаб кишилар ҳалиям сиёҳ ҳиди келиб турган газета ва китобларни ўқишдан воз кечган эмас, миллионлаб кишилар Инстаграм ё Твиттерни ўқимайди, умуман ижтимоий тармоқда ўтирмайдиганлар сон саноқсиз.
Ҳозирча адабиёт соҳасидаги Нобель, Букер, Пюлицер ва ҳоказо йирик мукофотлар муаллифларга Инстаграм, Твиттер, Фейсбукдаги фаоллиги учун берилаётгани йўқ.
Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам: замонавий дунёда ижодкор “олтин ўрталик”ни ушлаган маъқул. 50 ни қоралаётган каминага ҳеч йўқ бирорта ижтимоий тармоқда бўлиш ва ижод намуналаридан улашиб бориш жуда маъқул ва етарли кўринадур.