Ҳонгконгда ижодий резиденция (2-қисм)

Ҳонгконгда бугунги мушоира ва ижодий кечадан лавҳалар. Ўтган йили Айова дастурида қатнашган Эвани учратдим, ёзувчи ва адабиёт ўқитувчилари билан гурунглашдим. Бадиий ижод соҳасида ўқиётган қозоғистонлик талаба қизлар билан танишдим. Саволларга кўмиб таглашди!
Ҳонгконг кўчалари ва паркларидаги скамейкаларнинг ҳаммаси шундай: тирсагингизни қўйиб ё суяниб бемалол ўтирасиз. Ҳаммаёқ ям-яшил ва хушбўй гул-у дарахтларга тўлгани устига тирик гуллардан мана бундай яшил деворлар ҳам қилишаркан. Бўлмабди. Бизга ўхшаб кесиб-чопиб ташлашмайдими ҳар ўсувчи нарсани?!

Мева растасидан узум олмоқчи бўлдим. Бир бош узумни қутидан чиқариб, ичидаги 4-5 салгина эзилганга ўхшаган доналарни териб ташлаб, сўнг тарозига қўйди. Бу ҳонгконглик сотувчига ҳалоллик ва мўминликни ким ўргатган экан?

Уч йилдан буён Ҳонгконгда яшаётган ҳинд шоири ва ёзувчиси Ажай МК билан анча йил аввал онлайн танишган эдим, бугун илк бор қадрдонлардай қучоқлашиб кўришдик. Ҳонгконг бўйлаб сайр қилдирди, ижоди, оиласи, австралиялик адабий агенти ҳақида гурунглашдик. Ажай туфайли Ҳонгконгни беш қўлдай ўрганиб олдим, десам ҳам бўлади! Дўстларимни дунё бўйлаб сочиб юборган Аллоҳга минг-минг шукур!

Шаҳарсозлик, транспорт, яшиллик, гўзаллик, қулайлик учун ҳонгконгликларга тасанно! Бу гапларни, афсуски, Ўзбекистондаги бирорта шаҳар ҳақида 100 йилдан кейин ҳам айтилмаса керак.

Ҳонгконг ёмғири Вьетнамдаги Ҳаной ва Ҳалонг кўрфазидаги майин, нафис ёмғирни эслатади: тушгани билан уст-эгнингизни ҳўл этмайди.

Ёмғир эмас, устимдан
Раҳмат ёғар томчилаб.
Балки гуноҳ қасдидан
Тушаётир қамчилар.

Бу не, пана қилмоқдан
Соябонми ёпганинг?
Во дариғо, қийноқдан
Қутқарарми чопганинг?

Бир кун азоб фаслида
Ёғар пушмон томчиси,
Ҳеч нарсамас аслида
Бу дунёнинг қамчиси!

Нима ичиб, нима еб юрибсан, деб сўраётганларга: Овқатланиш учун кўчага чиқмаганимда, егулигим тахминан шундай.

Ўзи катта шаҳарларда ҳеч оч қолинмайди. Тўғри, ўзбек палови, ёғ-гўштли таомлари, шўрваларини топиш осонмас, аммо ҳеч йўқ дунёнинг исталган ерида турк таомлари бор. Сут маҳсулотлари, сархил мевалар эса ҳамма жойда. Ҳонгконгда денгиз маҳсулотлари хилма-хил, балиқ, майда-йирик қисқичбақадан тортиб китгача. Ҳали тошбақа ё илоншўрвани татиб кўрмадим лекин.

Тошкентдаги ҳамма музейларни айланиб чиққан талаба қиз Гулсанам бу дарахтнинг отини сўраганди. “Сакурами?” Йўқ, Сакура Япония ва Кореяда ўсади асосан. Китоб ўқишга қадрдон бўлиб қолаётган ўша хиёбонга чиқиб, ўзим ҳам билволдим унинг отини. Танаси нимани эслатяпти? Шундай, туяникига ўхшагани учун “туяоёқ” деб аталаркан!

Тошкентда осма такси эмас, Ҳонгконгдаги каби мана бунақа эко-тоза трамвай йўлга қўйиш керак.

Бугун икки қаватли автобусда Британия қироличаси шарафига номланган Виктория чўққисига чиқдик. Баландлиги 552 метр, бутун шаҳар кафтдагидай кўринади. Чиққунча хушбўй яшиллик, саройлар, уйлар, боғлар, жилғалар, ибодатхоналар, қабристон (бу ҳақда кейинги пост) кўзга ташланади. Чўққига чиқиш-чун 1888 йилдан буён алоҳида трамвай ҳам йўлга қўйилган. Қайтишда замонавийлаштирилган сўқмоқ бўйлаб пиёда пастга индик, йўл-йўлакай шеър ўқиб, ҳикоя тўқиб келдик.

Бугун халқаро Ҳонгконг адабиёт фестивали бошланди. 10 мартгача давом этади. Эҳ, қачон Ўзбекистоннинг шундай фестивали бўларкин?

Ҳонгконг ҳақидаги қизиқ фактларнинг бири шуки, бу ерда қабристон деярли қолмаган. Ерга дафн этиш ўта қиммат, тахминан 200-230 минг доллар. Бу ҳолат ер танқис бўлган бошқа мамлакатлар, жумладан Сингапур, АҚШда ҳам шундай. Арзонроқ вариант: Майитни крематорийда куйдиргач (кремация), кулини махсус кўзачага солиб, мозор ё алоҳида ҳудуддаги колумбарий (кичик токча)га қўйилади. Бу ҳам пулли жой. Баъзи кишилар кўзачани уйларида (масалан, камин устида) сақлашади. Ҳозир “яшил дафн” урф бўлмоқда. Кремациядан сўнг кулни боғларга, уммонга сепилади. Баъзилар гултуваклар тагига солиб, яшнатиб чечаклар ундиради.

Сафарда юрганда ҳар учраган таниш сўздан завқланади одам! Ўтган куни “Қодирий”га ўхшаш кўча номини учратиб, кулиб ўтгандим.

Бугун метрода китоб ўқиш учун Кенннеди (Ҳонг Конгнинг 7-ҳокими Артур Эдвард Кеннеди шарафига қўйилган) шаҳарчасидаги соҳилбўйига бордим. Ҳонг Конгда жамоатчилик транспорти ўта замонавий ва қулай, шу боис кўпчиликда машина йўқ. Э, бўлмабди! 8 миллион аҳоли 2-3 тадан мошна олиб, шаҳарни тутунларга тўлдирвормайдими-а!

Метросида 10 та линия бор, вагонлари жуда узун, тахминан 300 метрдан ошиқ, ичида махсус бизнес вагон ҳам бор, узоқроққа кетувчилар озроқ қўшимча пул тўлашса, қулай креслоларда ястаниб кетишса бўлади. Одамлар метро келгунча бир чизиқда саф бўлиб кутиб туришади, жуда маданиятли. Қариялар кўп, аравачадагилар бор – ҳаммаларига юриш ва тушиш учун шароит қилинган.


Динг-донг деб ном олган, кенглиги атиги 1 метрдан сал ошиқроқ мана бундай трамвайлар эса 1904 йилдан буён беқиёс транспорт воситасига айланган!

Танишинг: бу Мерседес Ҳаттон, 2015 йили очилган инглиз тилидаги “Hong Kong Free Press” онлайн янгиликлар сайти журналисти ва муҳаррири. Британияда туғилган Мерседес 2012 йили Ҳонгконгга келиб ўрнашган. Экология, иқлим ўзгариши, маданий мерос, туризм, адабиёт соҳаларини ёритади. “Guardian”ва “BBC”га ҳам ёзиб туради.

Бугун у билан соҳилбўйидаги “Little Cove” таомхонасида якшанба куни Ҳонгконг халқаро адабиёт фестивали доирасида бўладиган ижодий учрашувимиз ҳақида гаплашиб олдик. Унда Ўзбекистон адабиёти ривожига тушов бўлиб турган масалалар, жумладан, халқаро адабиёт фестивали, резиденциялар йўқлиги, “ҳовуздан нарини кўрмаган, бошини қумга тиққан ижодкор” ва бошқа мавзуларни кўтарамиз.

Бугун Ҳонгконгда “Янги ҳудудлар” деган тарафга, уммон бўйига бордим. Ёзда бу жойлар ўта гавжум бўлади, ҳозирча битта-яримта балиқчи ё адашган сайёҳ юрибди холос. Бир гал Флоридадаги уммон соҳилига яқин қалин чакалакзорга кириб қолиб, аллақандай пашшаларга ем бўлишимизга оз қолгани эсга тушди.

Ҳонгконгда кўрфазлар бошқача: шовқин кам, аммо шу яқин атрофда осмонўпар уйлар қурилмоқда. Озроқ чиғаноқ тердим. Сув бўйидаги ҳарсангтошда санъат асари ҳосил бўлибди.

Кечқурун адабиёт фестивали доирасида маҳаллий ёзувчи-шоирларнинг “Lost in Transition” номли антологияси тақдимоти бўлди. Муаллифлар асарларидан парчалар ўқишди. Ажойиб ижодкорлар, адабий агентлар билан танишдим.

Бу қандайдир галереядаги кўргазма эмас, шунчаки метродан чиқиб, кўприк орқали нариги тарафга ўтиш йўлаги холос. Эҳ, чет мамлакатлардан ўрганадиган нарсаларимиз шунчалик кўпки, энди ўзимизда тадбиқ эта бошлаганимизда, улар яна икки карра ортиқ ривожланиб кетган бўлади!

Фақат, илтимос, “чет эл тажрибасини ўрганишга” ландовур ёлғончи кишилардан гуруҳлар тузиб, халқ пулини беҳуда совуриб, хорижга жўнатмайлик! Улардан фойда йўқ! Мана бизга ўхшаганлар ўзлари тушунган соҳада чет эл тажрибасининг энг керакларини давлатдан бир тийин олмай ёритиб, улашиб бормоқда! Қўлларидан келса, оммалаштиришсин!

Февраль-март 2024 йил, Ҳонгконг
(Давоми бор)