“Эгиз кунлар”, “Саёҳат илинжида”, “Малҳам”, “Икки юракли одам”, “Эзгу мақсадлар” каби 10 дан ортиқ шеърий ва болаларга атаб ёзилган китоб муаллифи. Пьесалари Швейцария ва АҚШ театрларида саҳналаштирилган. Ана комикс китобларга оид кўргазмалар ташкил қилган, олима сифатида чет элларда дарс берган.
Ана Мерино Адонаис, Фрай Луис де Лион, “Diario de Avisos”, “Carmen de Burgos” мукофотлари соҳиби. У хушчақчақ аёл, оила бекаси, тиним билмас саёҳатчи ҳамдир. Турмуш ўртоғи Мануэл Вилас замонавий испан адабиётидаги энг яхши ёзувчилардан бири. Ананинг отаси ҳам катта ёзувчи.
Испан ёзувчиси Ана Мерино ранг-баранг откриткалар сотиб олиб, қўлда дил изҳорлари ва соғинчли саломларини ёзиб, дунёнинг турли бурчагидаги яқинлари, дўстларига юборишни жуда яхши кўраркан. Бахтига ҳар борган жойимизда почтахона учраб турибди!
Эсингиздами, 80-йилларда биз ҳам бир-биримизга мактуб йўллаб, гўзал откриткалар юборар эдик. Бу анъанани ҳали ҳам ривожланган мамлакатларда давом эттираётганлар кўп!
Сиз қачон охирги марта кимгадир откритка юборгандингиз?
Ана Мерино шеъри
Муаллим кундалиги
Улар ҳуснихатни қиладилар машқ
Унли товушларни орзуга қўшиб,
Маъсум хаёлларга бўлишади ғарқ
Токи катта қоғоз расмга тўлсин,
Беғубор ваъдалар сочишар жўшиб:
“Онажонлар куни муборак бўлсин!”
Чиройли ёзишга тиришурлар бот
Мурғаккина, тоза хаёлларида
Ҳамма истаклари, бари орзулар
Гўёки амалга ошгай умрбод:
“Хоҳлайман, бўлса бир поездим учқур;
Қўғирчоғим учун бўлсайди уйча;
Рангли бўёқлардан таралсайди нур.” –
Ҳар бири бетакрор, ўзгача ғунча…
Тинимсиз ёзишни қиладурлар машқ,
Луғатга кўз ташлаб, бўлурлар ҳайрон.
Бу не янги сўзлар очилмишдир барқ:
Чексизлик, имконсиз, ўлмас, бепоён.
Ёзишни яхшилаб ўрганар улар,
Кутмай жавоб хати битарми деб ким,
Саҳифага кўчар нафис туйғулар:
“Бу йил анчагина келишди қўлим.”
Билмаслар,
Бўғизга тунлар урмиш тиғ,
Уйқу қочган кеча бир хатга интиқ:
Майли, шу гўдаклар мисоли қийшиқ
Калтакесак ва ё кабутарга лиқ…
Билмаслар…
танаффус этган чоғлари
Нафрат ғазабланиб кутмайди алҳол.
Бузилмас хотира ўйинчоқлари…
Билмаганлари ҳам яхши, эҳтимол.