Мендан ҳам ижод қиляпсанми, деб сўрашяпти гоҳ-гоҳ. Ҳа, озроқ ёзиб, кўпроқ кузатяпман, ўрганяпман, бўлишяпман, деб жавоб қиляпман. Шу каналим борлигини бу ерда ҳам билишади, нималар ҳақида пост қўяётганим, қандай саволлар сўраётганингизни айтиб турибман.
Ҳозир Ўзбекистон ва унинг ижод аҳли учун менинг шеърим ё ҳикоямдан кўра, илғор адабий-маданий лойиҳаларни қандай йўлга қўйиш, қандай қилиб чет элларга ижодий саёҳатга чиқиш, турли халқаро дастурлар ҳақида маълумот улашиш, “халқаро ижодкор”га айланишни аста тушунтириб бориш мен учун муҳимроқдир. Англаган бўлсангиз, Ўзбекистонда бу ишни қиладиган мендан бошқа одам йўқ.
Бу ерда на мумтоз Навоийни, на замонамизнинг бирор ёзувчи ё шоирини биров билади. Кеча ямайкалик Алишиа Маккензи “ўзбекистонлик шоирни умримда биринчи кўришим” деб хурсанд бўлиб кетди. Халқ ёзувчиси ё шоиридан, ё истаган бошқа ижодкордан чет элга чиқишни истайсизми, деб сўранг, йўқ дермикин?
Сиз-чи? Халқаро фестиваллар, резиденциялар, симпозиумларга боришни, ўзингизни жаҳон адабиёти саҳналарида замонамиз илғор ижодкорлари билан бир сафда кўришни хоҳлайсизми?
Гоҳ мулойим чаён, гоҳ йўлбарс,
Гоҳ ошёним, гоҳ сайрдаман,
Тилим бутун, жон кетмаган дарз!
Ай юмшоқ дил,
Мен қаердаман?
Масалан, халқ пулига чиқариладиган “Жаҳон адабиёти” нега миллат адабиётини тизимли таржима қилиш, миллат ижодкорини дунёга олиб чиқиш йўллари ҳақида туркум мақолалар, суҳбатлар, танқидий материаллар ёз(ол)майди? Каналимнинг ўзида қанчадан-қанча янги ғоялар, илғор ташаббусларни илгари суряпман, амалда кўрсатяпман. Адабий нашрга ёзадиган бирор мухбир савол ҳам сўрагани йўқ шунча пайтдан бери. Нега? Чунки Ўзбекистонда адабиёт, ижод одамиман деган борки зўрға нафас оляпти. Эркинроқ адабиёт яратаётганларга расмий минбар йўқ, эркинроқ ташаббуслар учун расмий платформа мавжуд эмас! Оғизлар ёпилган, миялар қотган, маддоҳлик урчиган! Ёлғон дея оласизми?
Зина бўйлаб довоннинг баланд нуқтасигача кўтарилдик, мушоира қилдик, яйрадик. Ҳув нарида мавжланиб сув, кемалар ва яна бошқа ороллар кўринади, булутлар орасида сузиб юргандай бўласиз. Тоғлар устида турли кўнгилочар масканлар барпо этган ҳонгконгликларга балли!
2024 йил март, Ҳонгконг (давоми бор)