Бир обуначим сўраяпти: “Менга сизнинг ҳаёт йўлингиз ва шахсиятингиз қизиқ. Шунча давлатга бориб ҳам бирортасида нега муқим қолиб кетмагансиз? Ёки келажакда Ўзбекистондан бошқа ерга бориб яшаш ниятингиз борми?”
Қисқа жавобим мана бу: Бунга сабабларим ва баҳоналарим етарли. Ҳали бирор чет мамлакат бутунлай кўчиб кетиб яшашим учун фокус нуқтаси бўлмади мен учун. Туғилган еридаги зерикарли ҳаёт тарзи, оғир яшаш шароити, ишсизлик ва бошқа қийинчиликлар, эмин-эркинроқ яшаш истаги ва ҳоказо омиллар кишини бошқа юртга кўчишга мажбур қилиши мумкин.
Мен эса шу ерда яхши таълим олдим, интизом ва ҳаракатчанлигим ортидан халқаро ташкилотларда яхши ишли бўлдим, жамоат фаоли сифатида ўқувчилик йилларидаёқ халқаро ёшлар оромгоҳига юборишди, кейин гоҳ иш жойим орқали, гоҳ ижодим туфайли чет элларга бордим, сафар қилиш одатим бўлди, ҳозиргача ҳали кўрмаганим турли ўлкаларга таклиф этиб туришади.
Агар ўқишим аввалдан хорижда бўлганда, масалан, АҚШ ё Европада, магистратура ё докторлик иши йўқлагач ўзимга ёқадиган иш топиб, аксар ватандошлар сингари қолиб кетардим балки. Лекин энди ёш эмасман ва қаергадир ҳижрат қилишим, айниқса болаларим вояга етган паллада Ватанни тарк этишим ҳеч инсофдан бўлмайди. Қолаверса, бутун умр қонуний, ҳалол яшашга интилдим. Чет элга саёҳатни баҳона қилиб, ноқонуний тарзда қаердадир қолиб кетиш, беркиниб яшаш менга эмас, асло.
Худо билади, озроқ фаоллигим, очиқ ва эркин гапиришим ортидан тобора ёпиқлик сари кетаётган Ўзбекистонда кун бермай қўйишса, қаёққадир чиқиб туришга мажбур бўларман. Лекин ҳозир катта халқаро ижодий тажрибамни шу ерлик қоракўзларим билан бўлишишим, билим ва иқтидоримни шу юртни кўтаришга ҳисса қўшишга йўналтиришим шарт деб ҳисоблайман.