Наманганга келсам, ҳамманинг менда ҳаққи бордай туюлади: ҳамшаҳарлик, биродарлик, дўстлик, мўминлик ҳаққи. Одамларга илиқлик улашсам дейман. Болалигим кўчалари, эски бинолар, кесилиб кетмаган дарахтлар – ҳаммаси ўтмиш йилларни соғинган қалбимни овутади. Кўзимга “олтин авлод” бўлиб кўринган 60, 70 дан ошганларни тўхтатиб, фалон кишилар ё воқеаларни эслайсизми дея сўрайман, жавобларини жон қулоғим билан тинглайман.
Ҳамманинг кайфиятини кўтаргим келади:
Бозорда ёши улуғ сотувчилардан кўпроқ нарса харид қиламан, таксист ё Дамасчидан қайтим олмай, яна озроқ қўшиб бераман, кимгадир йўлкирасини тўлашвораман, беморлардан хабар оламан, иложи борича кўпроқ қариндошимни йўқлайман.
Ўтган куни бир неча манзилимга элтиб қўйган Дамас ҳайдовчи йигитнинг узоқроқ танишларни кўришга борганимни кўриб ҳайрон бўлганидан сездимки, бу шаҳарда ҳам силаи раҳм бироз кўтарилибди. Битта шаҳарда яшаб йиллар бир-бирини учратмаган эски қадрдонлар бор.
Зеҳни баланд ўқувчим, умримизнинг бир қисмини юзма-юз дийдорга бағишласак арзийди. Ўтмиш кунларнинг ҳаммасида юракларимизга тафт, шууримизга тоза нур, эрта учун тиниқ умид бергувчи қайтмас лаҳзалар борлигини унутмасак дейман.