Дунёда ярим миллиардга яқин аҳоли яшовчи 20 дан ортиқ араб мамлакати бор. Шу йил бошидан ўша араб дунёсига ижодий саёҳат кўзладим. Замонамиз араблари орасида дунё тан олган йирик олимлар, ихтирочилар талайгина. Адабиёт соҳасида Нобель олган ёзувчиси ҳам бор. Топинг-чи мен қаерга сафарга отландим? Африка қитъасида жойлашган “Шаҳарлар онаси”, “мингта минорали кент” номи билан машҳур пойтахтга келдим!
Қоҳирадан салом ва дуоларим! Ёнимдагилар Африкадаги энг йирик ҳисобланган Қоҳира халқаро китоб ярмаркаси менежерлари.
Қоҳирада 10 миллиондан ортиқ киши яшайди. Нил дарёси шаҳар ўртасидан оқиб ўтади. Янги Қоҳирада халқаро йирик тадбирлар ўтказиладиган марказлар қурилган, “фестивал сити” номли жойи ҳам бор экан. Шаҳар бўйлаб машинада ё автобусда юраркансиз, жуда катталигини кўрасиз. Айниқса, кечки пайт чироқлар ёғдусида бу кўҳна манзиллар янада сирли тусга киради.
Бу китоб байрами ҳақида менга ҳиндистонлик дўстим Решма Рамеш айтиб берганди. Сумка-сумка китоб сотиб олаётланларни кўриб жуда завқланганини сўзлаганди.
Сара Ҳамид Ҳавасс ва Аҳмад Ал-Шаҳовий таклифнома юборганда, албатта боришим керак дея ҳаракатимни бошлагандим. Алҳамдулиллаҳ, шу ердаман.
Ҳар йили январь охиридан то февраль бошигача ўтказиладиган китоб ярмаркасига 2 миллионга яқин одам келиб, ўзига ёққан китобларни сотиб олади, ёзувчи-шоирлар, ноширлар ва таржимонлар билан учрашувларда қатнашади. Ярмаркага фарзандларини олиб келиб, китобга меҳр қўйишга чорлаганларнинг аксари маъсума оналар экан.
Ёнимдаги суратни қандай номлаган бўлардингиз?
Бугун танишганим ёзувчи ва шоирлар Испания, Чили, Саудия, Того, Сенегалдан келибди. Юз-чеҳраларини эслаб қолинг, Ўзбекистонда кўришиб қолишингиз мумкин! Қоҳира китоб байрамида ўзбек ва қирғизларни ҳам учратдим. Кўплари машҳур Ал-Азҳар университетида ўқишаркан. Илмлари зиёда бўлсин!
Чилилик Теодор ва рафиқаси жуда самимий одамлар экан. Улардан Айовада бирга яшаган дўстимиз Курт Фолчни танийсизми, деб сўрадим. Дарров Куртга бирга тушгна суратимизни юбориб, саломимни етказишди. Кўп жойларда кўрганман: ижодкорлар чет эл сафарига боришса, умр йўлдошларини ҳам олиб боришади, баъзи ҳолларда жуфтликларнинг иккиси ҳам ижодкор бўлади. Ижодкор бўлмаса, жуфти учун ҳамроҳ бўларкан унга фотографлик, видеографлик қилиб юради.
Бу ерда ҳам шаҳар четида кўп уйлар қуриляпти. Жуда оддий. Йўл четида гоҳида қаровсиз қўйлар подасига кўзингиз тушади. Қиш бўлгани учунми, яшиллик, дарахтлар борлиги кўпам сезилмаяпти. Ҳаво ҳарорати тахминан +20 градус. Тошкентдан 3 соат орқада.
Деразам ортидаги Қоҳира бу.
Мушоирада мисрлик шоир Нажм Рафиқ “Шоирнинг дилдори”ни араб тилида ўқиди. Ўша шеърим эсингиздами?
Аннабел ва Хулио билан Қоҳира четроғидаги маҳалла бўйлаб сайрга чиқдик. Подъездга кириш йўлаги гуллар билан тўлалиги, маҳалла аҳли ва йўловчилар ичиши учун бепул сув, машиналарнинг хилма-хиллиги, кўча жониворларини ҳеч ким ҳайдаб солмаслиги жуда ёқди. Гоҳида йўл бўйларида икки қаватли бир хил тусли уйлар қурилган маҳаллардан ўтасиз. Кўча бошида момолар ўй суриб ўтиришади.
Китоб ярмаркасида ҳар куни одам гавжум. “Танура” номли Миср миллий рақсини томоша қилдим. Дарвешлар рақси ҳам дейишади. Қўлидаги доира ё махсус буюмни гир айлантиради, ўзи ҳам айланади.
7-асрда араблар Мисрга келишидан аввал бу ерда юнон ва римликлар ҳукм сурган. Ҳозир Мисрда яшаётганларнинг ҳаммаси ҳам араб эмас, кўплари мисрликмиз дейишади, аммо ҳозир ҳамма арабча сўзлашади. Масалан, бугунги гид синглимиз насроний экан, ота-боболарим мисрлик деяпти, араб эмас, аммо она тили араб тили.
Бугун энг йирик пирамида устига ўзбек дўпписини қўндирдим. Қадимги мисрликлар папирус ўсимлигидан кийим ва рўзғор буюмлари тайёрлашган. Асосийси эса, қоғоз ясашган! Қоҳирадаги папирус маркази санъат галереясига айланибди.
“Жаннат дарёларидан бири”, дунёдаги энг узун дарё бўлмиш бу дарёнинг оти нима? Нил! Нил дарёси бўйлаб кечқурунги қайиқ саёҳатига вьетнамлик шоира Кё Ҳау билан чиқдик. Унга Ўзбекистон, адабий лойиҳаларим ҳақида гапирдим. Вьетнам ва Ўзбекистондаги адабий жараён деярли бир хил. Аммо улар катта халқаро шеърият фестивали ўтказишни йўлга қўйгани учун биздан ана илғорроқ. У менга эҳромлар ва Сфинксни кўргани боришда ҳам ҳамроҳлик қилди.
Миср эҳромлари олдида туялар, отлар саёҳатчиларни сирли тарих қўйнига олиб киришга шай туришади.
Бу чиройли туяга юзимни тутдим, арабчада бир нималарни қулоғимга шивирлади. Яхшироқ ўрганиб олсам бўларкан бу тилни! Нима деган бўлса экан-а бу жонивор?
Қалбим ишққа тўла…
Лекин қўрқаман,
Лойиқ бўлсам эди бўлмоққа уммат!
Эзгу амаллардан унса бир чаман,
Ғашликнинг ортидан чекинса зулмат!
Қалбим ишққа тўла…
Магар қон тағин…
Эрта шўр бошимга не бўлар қайтим?
Кошки Пайғамбарни –
ёшлигидаги –
Миндириб юрган бир туя бўлсайдим!..
Кошки!
5000 йиллик тарихни силаб, худди минг йиллардан буён яшаётганга ўхшайсан бу ерларда! Тарихий жойларга борсам, юрагимни маҳзунлик қоплайди негадир. Умримиз бир лаҳзадан ҳам зарра…
Дунёдаги энг йирик Қоҳира китоб ярмаркаси давом этмоқда. Турли давлатлардан шоир ва ёзувчилар келишмоқда. Туркия, Малайзия, Вьетнамдан келган дўстлар жуда самимий. Тариқ Гюнерсел – драматург, ёзувчи, Мавар – шоира, Кё Ҳау – шоира, Фусун хоним жуда меҳрибон ва дилкаш аёл, Месут Сенол – ажойиб таржимон.
Павильон ва залларда китоб ҳақида суҳбатлар, мушоиралар, тақдимотлар ўтмоқда, китоблар сотиб олинмоқда, очиқ ҳаводаги саҳнада концерт, оқшом пардаси тортилганига қарамай ҳеч кимнинг кетгиси келмайди. Икки ҳафта давомида! Ўзбекистон, қачон сенга шундай зиёли кунлар келаркин! Аллоҳим, бир мусофирингнинг дуоларини қабул эт!
Шоира Ҳанин бизни илиқ кутиб олди. Китобидан ҳаммамизга совға қилди. Агар арабча ўқий олмасангиз, махсус иловани юклаб, телефонингизни матн устига қўйсангиз, таржимасини чиқариб беради, ўқисангиз бўлади, деб тушунтирди.
Катта шоир, ёзувчи Аҳмад ал-Шаҳовий 1960 йили Мисрда туғилган. Асарлари кўп тилларга, жумладан туркчага таржима қилинган. 1995 йили ЮНЕСКО таъсис этган адабиёт мукофотини олган. Жуда самимий инсон, ташкилотчи. Мендан “Туркча ўқийсанми?” деб сўради, эртасига таржима китобини совға қилди. Икковимизни АҚШдаги Айова дастури боғлаб туради. У Айовага 1991 йили борган экан.
Бу – мисрлик машҳур ёзувчи Иброҳим Исо. Ҳар куни китоб ярмаркасига келиб, ўқувчилари билан учрашмоқда, китобини сотиб олганларга дастхат ёзиб бермоқда.
Элиса Руэда – гўзал испан шоираси. Уни гоҳ телевидениега чақиришади, гоҳ китоб тақдимотига, гоҳ мушоирага. Шаҳар бўйлаб турли масканларга олиб кетишади.
Мисрлик шоир Зайнулобиддин Фуад сиёсий, ўткир шеърлари билан танилган.
Танишинг: мисрлик 20 йиллик қадрдоним Аҳмад Ал-Айди! У билан 2004 йили АҚШда 3 ой бирга яшаганмиз. Ҳикоя, роман, шеърлар ёзади. Бир романи 8 тилга ўгирилибди. Китоб байрамида бирга мушоирада қатнашдик, китобларини чиқарган ношир, қоҳиралик машҳур шоир ва ёзувчилар билан таништирди.
Аҳмад билан Айова, Чикаго, Нью Орлеансдаги бетакрор кунларимизни эслаб завқландик, 20 йилни қандай ўтказганимизни сўзладик. Нью-Йоркдалигимизда ҳайит куни эди, масжид ахтариб бир неча квартални кезиб чиққандик, аммо масжид шундоқ отелимиз қаршисида экан!
Шоир Али Мансур билан мушоира пайти танишдим. Шеърларимни эшитиб, каминани бағрига босди. Китобларини совға қилди. Энди арабчани яхшилаб ўрганишим керак!
Қоҳира китоб байрамида янги аудиокассеталар ва пластинкаларни кўргазмага қўйиб, сотаётганларни ҳам кўрдим. Демак, ҳали булардан фойдаланаётганлар бор.
Эҳтимол, ҳозир Ўзбекистонда граммофон, пластинка кўрмаганлар ё булар нималигини билмайдиганлар жуда кўп. Магнитофонда куй-қўшиқ, аудиокитоб эшитиб юрганлар эса буларни кўриб, бир хўрсиниб қўйсалар керак.
Дунё бўйлаб баъзи катта аэропортларда ихчамроқ музейлар ташкил этилмоқда. Транзит учувчилар, мамлакатга кириб музейларига бора олмаганлар учун айни муддао улар. Истамбул, Пекин аэропортларида шундай музейларга кирганман. Қоҳира аэропортидаги кичик музейни ҳам бир кўринг.
Нихоят, Қоҳира ҳақидаги инглизча шеърим туғилди:
In New Cairo
What is the old woman by the two-story gate
Silently pondering?
Her gaze drifts like the Nile’s ripples,
Dancing with voices aboard crowded boats.
You lean on ancient stone,
Time breathing against your skin,
As though you’ve wandered here a thousand years.
A vast herd of camels ambles by—
Yet loneliness clings to them,
Despite their colorful rugs,
Woven with desert dreams.
The tombs of queens lie humbled,
Smaller than those of kings—
Inequality etched into history’s first pages.
Follow the rhythm of Cairo’s Book Fair,
Let it carry you above winding streets,
Where the air hums with the scent of antiques.
In Cairo, you never fall.
The pyramids brace your steps.
And here, you never die.
Even mummies whisper you back to life.
Раҳмат, сенга, Қоҳира! Раҳмат, дўстларим! Гўзал ва сермазмун сафарларимиз давом этаверсин!
Қоҳира, январь 2025 йил