Охирги уриниш ёхуд “крыша” эмас, маънавий ва молиявий қўлловга эҳтиёжим бор!
Кейинги босқичда халқаро ижодий лойиҳаларимни янада муваффақиятли амалга ошириш учун каминага ишончли ва ҳақиқий ҳамкорлар керак. Лойиҳаларимга эътибор қаратганлар, кўпинча, фақат хушнудлик билдиришади, аммо аниқ амалий ёрдамда жиддий муаммолар юзага келмоқда.
Менда учта асосий лойиҳа бор: 1. Халқаро ижодий резиденция; 2. Йиллик халқаро адабиёт/шеърият фестивали; 3. Ўзбек адабиётидан энг яхши намуналарни хорижий тилларга таржима қил(дир)иш/ўзбек адибларини дунё адабиёт саҳналарига олиб чиқиш.
Бу лойиҳаларни 20 йил давомида давлатдан ёки бошқа манбалардан молиявий ёрдам олмасдан, ўз кучим билан ривожлантириб келдим. Ҳар бирини катта ижодий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларга айлантириш имкони бор. Ҳозирда уларни янги босқичга олиб чиқиш учун қўшимча ресурс ва ҳамкорлар излаяпман. Буни амалга ошириш учун икки ой давомида ўзимни қайта тафтиш қилиб, ишларим йўналишини белгилашга ҳаракат қилдим. Январни хорижий сафар ва ҳамкорлар излашга сарфладим. Февраль охиригача ё мен шу “ҳеч ким қилолмаётган” ишларимни давом эттиришим аниқ бўлади, ва ё минг афсус, Ўзбекистонда ҳеч қачон бадиий ижод соҳасида дунё билан бўйлашишга имкон ва шароит яратилмас экан-да, дея ҳаммасини унутиб, бошқа янги йўл топаман.
Мен ҳамиша ўз кучимга ишонганман, ҳеч қачон мансаб ё мукофот илинжида бўлмаганман. Ўзимни энг муваффақиятли, энг омадли ижодкорлар сафида деб биламан, Аллоҳга беадад шукур! Дунё бўйлаб саноқсиз шоир, ёзувчи, рассом дўстларим бор. Юзлаб чет эллик ижодкорларни Ўзбекистонга олиб келдим, кўплаб ўзбекларни халқаро ижодий дастурларда иштирок этишига йўл очдим. Навоийдан тортиб халқ шоирлари-ю ёзувчилари, жадидлар-у ёшларнинг 10 томга етгулик асарларини инглиз тилига ўгирганимдан, халқимиз адабиёти ва санъатини, Ўзбекистонни дунёга тарғиб қилиб юрганимдан фахрланаман.
Ҳар сафар чет элларда юрганимда нега бошқа ўзбеклар халқаро адабиёт ва санъат тадбирларида жуда кам кўринади, деб сўрашганда, юрагим ларзага келади. Нега Навоий ва бошқа катта номларни дунё тилларида топиш қийин, нега Ўзбекистонда ҳалиям халқаро адабиёт/шеърият фестиваллари, китоб ярмаркалари йўқ, қачон биз тарафларда ҳам эркинроқ ижодий давралар бўлади, деб ташвишланаман.
Лекин, ҳеч бепарво эмасман, доимий ҳаракатдаман. Қачон лойиҳаларимни тўлақонли давом эттириш учун молиявий ва ё дастурий ҳамкорлар изласам, кўпни кўрган ва билганлар нуқул бу юртда “сенга крыша керак» дейишмоқда ва тепага ишора қилишмоқда. Бу нима деган гап?! Бу 21-асрдаги энг уятли гап эмасми?!
Менга ҳеч қанақа “криша приша” эмас, лойиҳаларимга ишонадиган ҳалол ҳамкорлар керак холос. Мени ҳокимиятлар ва уюшмадагилар каби тилёғламалик билан бошимни силаб, тил учида ё пичирлаб “зўр лойиҳалар экан-ку, ёрдам берамиз, биргалашиб қиламиз!” дея алдашмасин. Агар ҳамкор бўлишни истовчиларнинг тушунмаган жойлари бўлса, тақдимотлар қилиб берайин, тўғри ва шаффоф бюджет тузайлик, фақат вақтни чўзмайлик.
Вақт эса жуда кам. Умримнинг ҳам кўпи ўтди. Мабодо одамлар айтаётганидай, “крыша” (йўғ-э!), шундоқ Ўзбекистонда мард ҳамкорлар ва тегишли маблағ топилмаса, бу ишларни бутунлай тўхтатаман, қайтиб Ўзбекистонни халқаро майдонга олиб чиқаман, ўзбек адабиёти ва санъатини дунёга танитаман демайман, бошқа янги йўлга, янги ишга тушаман. Бу – охирги уриниш!
Ҳаммага омад!
Аъзам Обид