Шекспир оиласи ҳақидаги роман ўзбек тилида!

“Ҳамнет” романи ўзбекча таржимасини якунладим. Асар муаллифи — замонавий инглиз адабиётининг энг ёрқин овозларидан бири бўлган Мэгги О’Фаррелл.

“Ҳамнет” — муҳаббат, йўқотиш, оила ва хотира мавзуларини чуқур, таъсирчан ёритувчи тарихий роман. Асар буюк драматург Уильям Шекспир оиласи ҳаётидан илҳомланиб ёзилган, унинг эрта вафот этган ўғли Ҳамнет тақдири атрофида шаклланган.

Романда, айниқса, она образи ҳамда оилавий мусибатлар юксак бадиий маҳорат ва нозик ифода воситалари орқали тасвирланган.

2020 йилда нашр этилган ушбу китоб қисқа вақт ичида дунё бўйлаб катта эътироф қозонди, у асосида бадиий фильм ишланди, ўнлаб тилларга таржима қилинди ва бир қатор йирик адабий мукофотларга, жумладан, аёл ёзувчилар учун “Women’s Prize for Fiction” мукофотини қўлга киритди.

Яқин орада “Елкан Пресс” нашриётида чоп этилиши кутилаётган ушбу роман ўзбек китобхонлари томонидан ҳам муносиб қабул қилинади, деб умид қиламан.