Бир ватандош ва солиқ тўловчи сифатида давлат мукофотлари ҳақида фикр билдиришга маънавий ҳаққим бор деб ўйлайман. Кимдир ундай деб ўйламаса, узр сўрайман, ҳар ҳолда очиқ фикрим учун тошбўрон қилишмас 
Бу фикрларим қандайдир мукофотга даъвогарликдан келиб чиқмайди, албатта, ҳеч қачон давлат мукофотларига интилган инсон эмасман. Ўзбекистондаги бугунги коррупцион ва ношаффоф тизимда қандайдир мукофотни қабул қилишни ўзимга муносиб деб ҳам билмайман.
Аммо агар ўзбек жамиятида очиқлик, адолат ва ҳақиқий хизмат мезонлари устувор бўлганида (афсуски, бугун бу ишонарли кўринмайди), мукофотлар тизими тубдан бошқача бўлиши керак эди.
Аввало, давлат бюджети ҳисобидан мукофотларни ҳотамтойлик билан тарқатиш амалиёти тугатилиши лозим. Мукофотлар фақат очиқ, шаффоф ва мустақил танлов асосида берилиши шарт.
Шунингдек, аччиқ ичакдай чўзилиб кетган мукофот ва унвонлар тизими жиддий қисқартирилиши керак.
Энг муҳими, ҳар бир мукофот бўйича жамоатчиликка аниқ ҳисобот берилиши шарт: у қайси конкрет хизмат, қайси реал натижа ёки қайси жамоат манфаати учун берилгани очиқ кўрсатилиши лозим. Қайси нейтрал гуруҳ уларни танлади, ким тавсия қилди каби мезонлар ҳам аниқ бўлсин (ҳеч бўлмаганда заҳматкаш халқ буларни очиқ маълумотлар порталида кўра олсин).
Фақат қуйидаги шахсларни бўрттириб кўрсатмоқдан йироқман, балки узоқ йиллик кузатувларимни мисоллар асосида айтсам (сиз ҳам бемалол ўзингиз билганларни қўшинг!): инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти, болалар ҳуқуқи ва тарихни очиқ кўрсатиш соҳасида Abdurakhmon Tashanov ва Anvar Nazir, Muazzam Ibrohim кабилар; сўз эркинлиги ва мустақил журналистика учун меҳнат қилаётган Anora Sodiq, Rinat Sagitov ва Ibrat Safo кабилар; президент ва оиласи, юқори ҳокимият ва жамиятни, маданий тадбирларни танқидий таҳлил қилишдан тортинмайдиган Alexey Volosevich, Farida Charif, Bella Sabirova каби журналист, блогер ва фаоллар эътирофга муносиб.
Шунингдек, аввал ноҳақ қамалганларнинг ҳуқуқларини тиклаш, тинч намойиш ва норозилик ҳуқуқи ва сиёсий плюрализмни илгари сураётган Dilmurod Sayyid ва Хидирназар Аллақулов кабиларнинг хизматлари ҳам эътиборга лойиқ.
Адабиётда эса оғриқли ва муҳим ижтимоий мавзуларни кўтаришга журъат этган Nabijon Boqiy ва Nurulloh Muhammad Raufxon каби ёзувчилар, ҳамда ўз ижодини мустақил равишда кенг аудиторияга етказиб келаётган Каримберди Турамурод кабилар ҳам эътирофга арзийди.
Чет элликлардан эса, ўзбек шеъриятини инглиз дунёсига мустақил таништириб бораётган Andrew Staniland, ўзбек маданияти ва жамияти ҳақида халқаро аудиторияга холис маълумот етказиб келаётган Joanna Lillis кабиларни тилга олишим мумкин.
Аммо булар шунчаки хаёл холос. Чунки юқорида айтганларимни амалда кўриш учун давлатнинг нафақат мукофот бериш тартиби, балки эркин фикр, сиёсий хилма-хиллик ва мустақил фуқаролик позицияларига муносабати ҳам ўзгариши керак бўлади.
Бу эса ўзбек фарзандлари Muhammad Solih, Жаҳонгир Муҳаммад, Hamid Ismailov, Bahtiyar Shahnazar кабиларнинг Ватанга бемалол келиб-кетиши, шу ерда халқ билан ҳамнафас яшаши, ижод қилиши ва мамлакат келажаги ҳақида эркин фикр билдириши учун муносиб шароит яратилишини ҳам англатади.

