Мария Филипова 1954 йил 31 майда Болгариянинг Бургас вилояти Ситово қишлоғида таваллуд топган. Гимназия ва иқтисод техникумида таҳсил олган. Бир муддат Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида ҳам ўқиган, рус филологияси факультетини Болгарияда тамомлаган. М. Филиппова болгар тилидаги 4 та, грек тилидаги 1 та шеърий китобнинг муаллифи. «Капалак қаноти», «Кунчиқар тубида», «Эътиқод» ва «Қушлар учун тож» китоблари кенг жамоатчиликка манзур бўлган. Шеърлари Тошкентда чоп этилган “Илонбалиқ” ва “Қуш тили” шеърий баёзларига киритилган. У бир қанча шоирларнинг шеърларини маҳорат билан болгар тилига ўгирган ва Болгариядаги нуфузли адабий мукофотга сазовор бўлган. Айни пайтда Болгариядаги Пловдив шаҳрида истиқомат қилади.
Ўзбекистон Мария хотирасида ҳеч ўчмас из қолдирган, бу ерда у талабаликнинг олтин даврини ўтказган, юртимизнинг баъзи вилоятларига саёҳат қилган, Ёзувчилар уюшмасида ижодкорлар билан мушоираларда, адабий йиғинларда қатнашган, ўзбек шоирларининг шеърларини болгар тилига таржима қилган. Энг эътиборлиси, Мария Филипова 1991 йили ҳазрат Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишлаб ўтказилган навоийхонлик кечаларида фаол иштирок этган чет эллик ижодкорларнинг биридир. Бу ҳақда Мария хоним билан мароқли суҳбатимиз 2017 йил Европа маданияти маркази этиб белгиланган, қиш бўлишига қарамай, қуёш заррин нурларини сочиб турган, атиргуллар ифорига кўмилган кўҳна, айни пайтда навқирон Пловдивда бўлиб ўтди.
Аъзам Обид: Мария хоним, Ўзбекистонга бўлган меҳрингиз, самимий ишқингизни ҳали Тошкентдалигимдаёқ сезганман, ёзишмаларимизда хотираларингизни кўп бор эсга олгансиз. Келинг, ушбу мухтасар суҳбатимизни Навоийхонлик кечаларидаги иштирокингизга бағишлсак.
Мария Филипова: Азиз дўстим, Ўзбекистон деган номни шунчаки тилга ола билмайман. Юртингиз мен учун худди она маконимдай азиз, у ерда ҳаётимнинг энг ширин лаҳзалари, умримнинг энг ёрқин саҳифаларини ўтказганга ўхшайвераман. Тўқсонинчи йиллар бошида тақдир тақозоси билан мамлакатингизда бир йил талаба бўлиб яшаш насиб этди, Тошкентда рус тили ўрганганман. Ҳалигача яхши эслайман: Алишер Навоий таваллуди муносабати билан пойтахт ва бошқа шаҳарларда ажиб кўтаринки руҳ сезилар, адабий, маданий тадбирлар ҳар жойда ўтказиларди. Ўшанда бундай катта байрам учун Навоийга бағишлаб шеър ёзганман, адашмасам, Чоршаъм Рўзи уни ўзбек тилига таржима ҳам қилганди. Каминани Чирчиқ шаҳрида Навоий ҳайкалининг очилиш маросимига таклиф этишган. Оддий талаба учун бу нечоғли шараф эканини тасаввур қилиб кўринг. Ҳайкал пойига гул қўйганим, ҳаяжондан кўзларимга ёш келгани, дўппи ва хушбичим қийиқчалар кийиб безанган ораста, сочлари майда ўрилган қизлар, карнай-сурнай чалган йигитлар кўз олдимда намоён бўлаверади. Карнай садоларидан хаёлим узоқ-узоқларга учгани, ўхшаш миллий либосларда қадимги болгариялик миллатдошларим қиёфаси гавдалангани, ўзимни нақ осиёлик қизлардай ҳис этганим онлар жуда таъсирли эди.
Аъзам Обид: Мария хоним, Навоий шаҳрида ҳам бўлганман, деб эдингиз. У ерда ҳам адабий тадбирда қатнашганмисиз?
Мария Филипова: Шундай. Мен Ёзувчилар уюшмасидаги гурунгларда тез-тез иштирок этиб турардим. Ҳазрат таваллудига бағишланган шеърим ёқиб қолган шекил, Чирчиқдаги тадбирдан кўп ўтмай, кичик делегация таркибида Навоий шаҳрига бордим. Зал лиқ тўла одам. Қўлимни кўксимга қўйиб, «Ассалому алайкум!» дея ўзбекчада гап бошлашим заҳоти томошабинлар ўринларидан туриб, гулдурос қарсаклар чалишганди. Юзлаб одамлар европалик қизнинг ўзбекчада нутқ ирод этишидан қувончга тўлган. Саҳнада ва навоийликлар орасида ўзимни ҳеч бегона сезмагандим, худи сингиллари ва опаларидай эдим. Шеър ўқиб бўлгач, қарасам, митти болакай қўлида гул кўтарганча менга яқинлашиб келарди. Болажонни даст кўтардим-у негадир йиғлаб юбордим. Ўша куни каминадан дастхат олмоқ илинжида навбатда турган ёш йигит-қизларни бир кўрсангиз эди. Ахир оддийгина бир талаба бўлсам. Яна денг атрофимда газетачилар, телевидение мухбирлари интервью беринг, деб турибди. Бирпасда машҳур ва катта одамга айланиб қолгандай сездим ўзимни. Ҳаммани бағримга босгим, ҳаммага раҳмат айтгим келарди.
Аъзам Обид: Рус тили баробарида ўзбекча ҳам ўрганганмисиз? Сизнингча, ўзбек тили ёқимли, жарангдор тилми?
Мария Филипова: Тўғрисини айтсам, Ёзувчилар уюшмасига бориб, кўплаб адибларнинг ўзбекча асар ёзишидан хабардор бўлмагунимча ҳамма рус тилида сўзлашади ва ижод қилади, бадиий китоблар фақат рус тилида чоп этилади, деб юрарканман. Аммо, ўзбекчани кўча-кўйда, олийгоҳда талабалар тилидан эшитиб, қўшиқларни бирга хиргойи қилиб, унинг жуда гўзал, мусиқий тил эканига гувоҳ бўлганман. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Ёзувчилар уюшмасидаги адабий тадбирда олима Суйима Ғаниева “менинг орзуим ўзбек адабиётини Европада кўриш, ўзбек адиблари асарлари Европа ва бошқа чет мамлакатлар китоб дўконларида туришини, хорижлик ўқувчилар ўқиб, баҳраманд олишини жуда истайман” деб айтганди. Бу мен учун жуда чиройли орзу бўлиб туюлган ўшанда. Шоир ва таржимон сифатида мен ҳам чин дилдан бундай яхши ниятларнинг амалга ошишини тилайман.
Аъзам Обид: Илиқ хотираларингиз билан ўртоқлашганингиз учун ташаккур! Сиз билан яна Ўзбекистонда кўришиш, навоийхонлик кечаларида, адабий тадбирларда учрашиш насиб этсин илоҳим. Агар малол келмаса, шу кунларда ёзган шеърингиздан бирини ўқиб берсангиз.
Мария Филипова: Албатта, мен ҳам бир йиллик умрим ўтган Ўзбекистонга ташриф буюриб, у ердаги ижобий ўзгаришларни, ислоҳотларни ўз кўзим билан кўрсам, дейман. Ўзбекистон ва Болгария адиблари ўртасида адабий кўприк барпо қилсак, деб орзу қиламан. Бажонидил битта шеър ўқиб бераман:
Тахайюл
Ўган туннинг ғам-ташвишлари
Кўмилади қорга сукунат
Юрагимга инар оқликда
Ниҳон бўлган кулбадай қат-қат.
Милтиллайди оппоқ зарралар
Ёдга тушар қанча саратон.
Муз остига беркинган жилға
Шилдирайди қалбимда шу он…
*****