Опангизнинг уйи зўр экан! Менинг ҳам уйимда мўъжазгина томорқа бор, у жамоатчилик боғига туташиб кетган. Шаҳар кенгашидан ижарага олганимиз 50 дан ортиқ кичик экинзорларимиз жонга оро. У ерда асосан сабзавотлар етиштирамиз, ўзимнинг боғимда ўстирсам бўларди, аммо унда тарвақайлаб ўсган каттакон оғоч бор, шу боис ошқовоқ ва помидордан бўлак ҳеч нарса ўстириб бўлмайди. Бу оғоч менга жуда ёқади, негаки у деярли йил бўйи бутун боққа соя солиб туради.
Жиянингиз операциядан сўнг соғайиб кетади, деб умид қиламан, яқинларингдан кимдир касалхонага тушса, доим хавотир оласан киши. Менинг ҳам ёзадиганларим роса миямда чарх уряпти, аммо вақт тиғиз, ҳамма нарсага улгуриш осонмас. Бир китобимни ниҳоялашим керак, ана тугатаман, мана тугатаман, деб ҳеч қўлим тегмади, ҳар гал қайта ишлаш учун ўқийман, ўнтача бобини роса қайта ишладим ўзиям, аввалги китобларимни ҳеч бундай қилмагандим. Нега бунча бандлигимни сўрасангиз, дўсту қадрдонларжўрлигида тушлик, нонушта қилиш учун соҳилбўйига, кечқурунлари кинога ё университетларда маъруза қилишга, қолаверса, текин коктейл базмларига боришимга тўғри келади. Бундан ташқари кичикроқ меҳмонхонам (гестҳауз) бор. Меҳмонлар учун оҳорли бўлсин дея чойшабларни ювишга, хоналарни супуриб-сидиришга кўп вақтим кетади. Австралияда хизматчилар йўқ, бизнинг мамлакат шунақа ишчи синфга мансуб кишилар ватанидир, орқамиздан тозалаш учун кимнидир пул бериб ёллаш биз учун уят саналади. Қолаверса, хизматчи дегани соатига 25 долларни қуртдай санаб олади; шу пулни гоҳида ўзим кун бўйи ҳам ишлаб тополмаслигим мумкин. Яқинда Тасмания мактабларида икки ҳафта ишлаб келдим, аксига олиб меҳмонхона (ҳатто 2 юлдузлилари ҳам), бензин ва машина ижараси учун сарфлайдиган харажатим ишлаб топадиган пулимдан кўпроқ, шунинг учун у ёққа ишга боришнинг фойдаси йўқ. Уйда мазза қилиб ёзишга берилсам бўларди, аммо шундоқ ғоят гўзал оролда жим ўтириш қайда. Қолаверса, у ерда бир қанча китобларимни сотишга улгурдим.
Ўқиётган китобингизни инглизчага ўгирсангиз, мен ҳам ўқиб чиққан бўлардим. Мабодо таржимани бир кўздан кечириб бериш ё таҳрири учун кимгадир эҳтиёж туғилса, бу ишни камина бажонидил адо этган бўлур эди. Мисрлик бир ёзувчи дўстимга доим шундай қиламан, унинг ҳам сизга ўхшаб инглизчаси жуда яхши, лекин ёзма инглиз тилини аъло деб бўлмайди.
Никарагуа дейсизми?! Зўр-ку! У ажойиб ўлка! Манагуа мамлакатнинг қаерида эканини билмайман, аммо Гранада Испанияда жойлашганди чоғи? У ёқларга бориш менгаям осонмас, мени фестивалу анжуманларга кўпам таклиф қилишавермайди, йўқса таклифни ҳеч ерда қолдирмасдим. Бироқ илмий ва фантазияга оид асарлар Германия, АҚШ ва Англиядан бошқа жойда у қадар оммабоп эмас, буни яхши биламан.
Нью Деҳлини ҳовлиқма, жунунваш шаҳарга ўхшатаман. У ерда эҳтиёт бўлмасангиз, алданиб қолишингиз ҳеч гапмас. Қаёққадир бориш учун таксига ўтирсангиз, керакли жой қолиб бошқа ерга олиб кетиб қолишлари мумкин. Мумбай ва бошқа шаҳарлар ундаймас.
Қиз набирам эндигина ҳайдовчилик гувоҳномасини олди. Аммо ҳозирча унинг машинаси ё мотоцикли йўқ, ота-онаси унга буларни олиб ҳам бермайди, чунки набирамнинг ўзи ишлаб топиши керак. Бу ҳам австралияликларга хос бир одат: болаларимизга кўп нарса бермаймиз, уларнинг ўзи ишлашни ўрганиши, пул топиб, уни сарфлашни билиши ва керакли жойга сарфлашни уддасидан чиқиши лозим. Қиз набираларим икки нафар, бири жарроҳ, иккинчиси сиёсатчи бўлиш ниятида. Ўғилларингизни менинг ҳам номимдан қутлаб қўйинг. Набираларимнинг ҳаммаси бирор мусиқа асбобини чалади, оркестрга қатнайди, учинчи қизим Шайли ўғлингизга ўхшаб туба чаларди, бироқ устози Шайла оркестрда куй ижро этганда ҳамиша 2 та нота ё олдин, ё кейин қолиб кетишини айтиб кулдирарди. Аслида Шайла пианино чалишга қизиққан, аммо оркестрга тубист керак бўлгани учун уни шунга танлаб олишган.
Яқинда Инессадан хат олдим, чамаси хусусий мактабда ўқийдиган ўғли ўзбек тилини билмагани учун муаммога йўлиққан. Тўғрисини айтсам, бирор мамлакатда яшаб, ўша ер тилини ўрганмайдиганларни ҳеч тушунолмайман, айниқса, Инессага ўхшаган зиёли аёлнинг фарзанди. Нақилайки, мен Австралиядаман, у ёқдаги туриш-турмушдан, пасту баланддан хабарим йўқ. Хуллас, у Москвага кўчиб кетибди. Биламан, у совуқни ёқтирмайди ва ҳали Ўзбекистонни роса соғинади. Агар бирор мамлакатни чин дилдан севсанг, ўжа жойнинг тилиниям ўрган, дегим келади унга.
Агар қачондирам Австралияга келолсангиз, бошим осмонга етарди. Уйимдаги битта хона сизники. Қачон ўша кун келаркин, Худога аён, бу ёқда йирик шеърият фестиваллари йўқ ҳисоб.
Меҳр билан ёздим,
Патрисиа Бернард
2016 йил, март