(Ҳиндистон сафари кундалигидан)
10 йил ичида Ҳиндистон, хусусан Янги Деҳли анча ўзгарибди: кўзимга яшилроқ, ранглироқ, тозароқ кўринди у бу сафар. Фақат қизил тошдан қурилган Қутб минор ва Қизил қалъага аввал борган эмасдим, ҳинд тарихидаги энг муҳташам саҳифалардан жой беришга арзирли мўътабар масканлар экан, кўриб кўзим қувонди.
Деҳли кўчаларида сайр қиларканман, Биринчи бор Ҳиндистонга келганимизда, шоира Зебо Мирзо бу ердаги табиат, кийим-кечак, ибодатхона кабилардаги қуюқ ранглардан роса завқланганини эсладим. Ўзбекистондаги йигит-қизлар нега ёрқин рангларни унчалик хушламасликларини тушунмайман.
Ҳамкасбларим кўча-кўйда ҳар қадамда учратадиган маймунлар каминага ҳеч кўринай демасди, сафар охиридагина ҳайбатли, сумбуладай майин шохли дарахтга осилган биттасини, янги узилган цитрус мевалардан хуштаъм ичимлик тайёрлайдиган шарбатчининг кулбаси томида яна биттасини кўрдим холос.
Сикхлар ибодатхонаси туристлар учун ҳам очиқ экан, ёруғ ва майин шабада эсиб турган кечада бу ҳайбатли даргоҳга келиб-кетувчиларнинг кети узилмайди, зиёратчилар зина ёнидаги сувда юз-қўлларини ювганча илдам тепага кўтарилишади, хонақоҳ ичидаги тилларанг, нафис безакли меҳроб олдида турган муқаддас китобдаги сураларни ҳафсала билан ўқиётган руҳонийнинг чиройли овози эшитилиб туради, одамлар бетартиб ўтирган ё турган ҳолда жим, итоаткорона қулоқ тутади.
Кўча кезаркансиз, ҳинд мумтоз мусиқаси қулоғингизга чалинади. Болалагимдан жону дилим билан тинглашни ўрганганман уни. Дадам ҳинд фильмларига ёзилган қўшиқларни ёзиб олиб, бизга эшиттирардилар, кассеталар ҳозиргача сақланган. Сафарларимда ҳиндистонликлар билан кўришсам, уларгаям ўша болаликда ёдлаган қўшиқларимни айтиб берсам, бошлари осмонга етади доим.
Меҳмонхонага қайтарканмиз, у ер-бу ерда чўзилган уйсиз кишиларни учратдик; аксариятининг кўзига боқиб, ҳорғинлик, норозилик ё бебахтлик изларини тополмайсиз. Қўшнимнинг Россия эфирга узатадиган “Ҳиндистон” каналини томоша қиларкан, “Бунчалар ҳам бахтиёр ҳиндлар, ҳар тирик он учун қувониб яшайди-я!” дегани ёдимга келади.
Бир маҳал йўл четидаги рақамланган дарахтлардан бирининг, айнан барги йўғу тенгсиз қирмизи рангли гулларга кўмилган кўркам оғоч соясида қоғоз-картондан ясалган чамаси 1.5х2 катталикдаги “уйча”дан келаётган гўдакнинг беғубор, тоза, эркин кулгусидан кўнглим кундай ёришиб кетди! Картон ичидаги болажон ва у билан диллашаётган меҳрибон онасининг дунёдаги энг, энг бахтли инсонлар эканига жудаям ишондим! Кайфиятимни англаган ҳамкасбим “Бахт баланд-баланд қасрлар-у миллиард-миллион ақчада эмас, қалбнинг сокинлиги ва хотиржамлигида!” деб қўйди.
2016 йил апрель бошлари