НАҲ ОТ-НАҲОТ

Ҳақнинг қўли етди бўғзимга, Кўнгил маъюс тортиб қолди жим. Шу он савол қилдим ўзимга, Қайтгум қандоқ, келиб ким бўлдим? Зотан нуқул чайналди тилим, Не иш бўлса ютдим ичимга. Мени ҳаққа қовуштир, ўлим, Тили кесик жонга ачинма!

ОЯТ

Бандамиз, ризқ улуғ бўлса гар, Аллоҳ икром қилди деб айтар. Неъматни танг қилса, алҳазар, Шикоятчи бўлурмиз қайта. Эсга тушар ўтган ҳар юмуш, Бўғизда тош қотиб қолгай ун. Оҳ, не учун бўлурмиз хомуш, Ер даҳшатли қимирлаган кун?