Таклиф ўғрилари
Не қилайликки, Ўзбекистонда ўғрилар кўп, айниқса, давлат ташкилотлари ва ҳокимият идораларидагиларни кун ора катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилгани учун ушлангани ҳақида ўқияпмиз, эшитяпмиз. Бу юртда яна қимматбаҳо қўлёзмалар, тарихий буюмлар, санъат асарлари ўғирланади. Яна ёлғонлар ҳақида узун маърузалар қилиб, вақт ўғирланади. Тағин ғоялар ўғирланади. Таклифлар ўғирланади.
Каминани ҳам тунаб кетишди J Четлаб ўтишди-ю, ғояларимни, таклифларимни шартта расмий мактубларимдан юлиб олиб, каттаконларнинг оғзидан айттирворишди!
Зийрак ўқувчи (ва ғаламис, кўролмаслар) билади: ЮНЕСКО адабиёт шаҳри, халқаро ижод уйи, халқаро адабиёт фестиваллари, халқаро ижодий резиденциялар нималиги, нега зарурлиги ва фойдалари тўғрисида бу мамлакатда йиллардан буён тинмай катта-кичик давраларда, ОАВда гапираётган, таклиф бераётган, нимадан бошлашни амалий равишда кўрсатаётган одам камина бўлади.
Нима ишлар қилиб юрганимни қалби очиқ одам англайди, бу мавзуда ёзганларимнинг кўпларини ижтимоий тармоқларда, баъзиларини эса мана бу ерда аллақачон эълон қилганман: http://azamabidov.uz/?p=3764 ; http://azamabidov.uz/?p=3715 ; http://azamabidov.uz/?p=6314
Бугун бир ёш ижодкор дўстим Фарғона вилояти ҳокимлиги Телеграм каналидаги постни юборди. Унда Қўқоннинг ЮНЕСКО адабиёт шаҳрига мос экани, халқаро китобхонлик фестивали ва яна бошқа яхши таклифлар ёзилганди. Мана ўша пост линки: https://t.me/fvhokimligi/43651
Камина бу таклифларни расман Наманган вилояти ҳокимига 6 йил аввал жўнатгандим, Хайрулла Бозоров Наманганда ҳоким бўлиб турганда бу хатимга эътибор қаратган, аммо ўринбосарлари бу борада бирор ишни сал бўлсин олдинга силжишига йўл очмаганди. Мана ўша хат: http://azamabidov.uz/?p=2802
Бозоров Фарғонага ўтгандан кейин яна яхши умид билан унга хат ёздим. Мана ўша хатим: http://azamabidov.uz/?p=6443
Мен бу хатларни президент портали орқали ҳам расман юборганман. Охирги хатимга Фарғона вилояти ҳокимиятидан ҳам расмий жавоб бўлмади, аммо мен ёзган масалаларни умуман тушунмайдиган бир опадан битта қўнғироқ бўлди ва қайта қўнғироқ қиламан деб жимиб кетди. Мен ҳам тихирлик қилиб, шу соҳага масъул ҳоким ўринбосари контактларини топдим, унгаям хатни юбордим, Фейсбук мессенжердан бир неча марта хабар юбордим, аммо ҳеч қанақа жавоб бўлмади.
Хуллас, миллионлар каби мен ҳам қабул қилинаётган президент, ҳукумат ва бошқа давлат ташкилотлари қарорларида ёзилган яхши нарсалар амалга ошишига ишонмай қўйганман. Бу ишонмасликка энг асосий сабаб шуки, энг яхши ташаббуслар, лойиҳаларни улар аслида нима эканини тушунмайдиган, амалга оширишни билмайдиган одамлар зиммасига юклатилганидир!
ЮНЕСКО адабиёт шаҳри деган тушунча борлигини ҳокимиятдагиларнинг тушига ҳам кирган эмас аслида! Мабодо адашиб халқаро китобхонлик, халқаро адабиёт фестиваллари, резиденциялар қилишадиган бўлса, қандай тажрибасиз, думбулларга буларни юклашлари мумкинлигини ҳам тахмин этиш қийинмас.
Қисқаси, “Машраб” кинотеатри ҳожатхонага айлантирилган, “Олтин мерос” ҳудуди милисахонага берворилиб, шипшийдам қилинган Наманган ҳам; аҳолисининг аксари Ҳамза уй-музейи, Нодираи даврон қабри қаердалигини ҳам билмайдиган Қўқон ҳам ЮНЕСКО адабиёт шаҳри бўлишига ҳозирча ҳеч кўзим етмайди.
Мен эса эшикларни тақиллатишда давом этяпман. Ўтган ой Навоий вилояти ҳокимига портал орқали Навоий шаҳрини ЮНЕСКО адабиёт шаҳрига айлантириш, халқаро адабий тадбирларни йўлга қўйиш таклифини юбордим. Мана ўша хат матни: http://azamabidov.uz/?p=6445
Бир ойларча ўтиб, Навоий вилояти маданият бошқармасидан хат олдим. Унда менга ЮНЕСКО адабиёт шаҳри нималиги ва унга аъзо бўлиш учун ҳокимиятга мурожаат қилишим ёзилганди. J Қойилмисиз? Табиий, мен ҳам жим турмадим, уларга бир неча бор қўнғироқ қилдим, Телеграмдан хабарлар ёздим, аммо улар ҳам сувга тушиб кетишди! J
Йил бошида Озарбайжонга борганимда, дўстларимиз сўрашганди, янада фаолроқ бўлиб, Ганжа шаҳрини адабиёт шаҳрига айлантиришни маслаҳат бердим, керакли маълумотларни юбордим.
Биздаям битта шаҳар бор: у ҳазрат Навоий номини кўтариб юрибди! Навоий шаҳри! Мен унга фокус қиляпман. Шу ой навоийлик бир гуруҳ фаол ижодкорлар каминани чақириб, таклифларимни эшитишмоқчи, ҳокимиятга таништиришмоқчи. Қани, кўрамиз! Тирик эканмиз, тўхтамаймиз! Ҳаммага омад!
Аъзам Обид

