Нгуен Фан Ке Май Вьетнам шимолидаги кичик бир қишлоқда туғилган, кейинчалик мамлакат жанубидаги Меконг Делтада ўсиб-улғайган. 1992 йили у Австралияга ўқишга кетиб, у ердан қайтгач Ветнамдаги ҳукуматга қарашли ва нодавлат ташкилотлар ривожига ҳисса қўшган.
Асосан аёллар ва болалар муаммосига катта эътибор қаратар экан, Фан Ке Май саратонга чалинган 3000 дан ортиқ болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўнгиллилар гуруҳи ташкил қилган. Шунингдек, у чекка ҳудудларда яшовчи ночор аҳволдаги ветнамлик болаларнинг таълим олишини давом эттиришга қаратилган грант дастурини ҳам бошқариб келмоқда.
Ижодий ишлари Ветнамда юқори баҳоланиб, шеърият соҳасидаги қатор мукофотларга, жумладан Ҳаной адабиёт ва санъат уюшмасининг “Йилнинг энг яхши шеърий тўплами” мукофотига лойиқ кўрилган. Истеъдодли таржимон сифатида Ке Май Ветнам тилидан инглиз тилига 3 та шеърий китобни таржима қилган. Унинг америкалик таниқли шоир Женнифер Фоссенбел шеъриятидан ветнамчага қилган таржимаси “Ҳаной ҳақидаги шеърлар” танловида ғолиб чиққан. “Унутилган мева”, “Ўзимдан мосуво”, “Устун шаклидаги юлдузлар” каби шеърий китоблари ва саёҳатномаси нашр этилган.
ҲАНУЗ НОМЛАЙ ОЛМАГАН ШЕЪРИМ
Бувижонимга
Гурунч тўла косани баланд кўтаргум,
Бувим мангу ором топган далада
Унган бу донлар.
Ҳечам билмаганим бувим алласин
Товушидай лазиз ҳар битта дона.
Лаҳадга тушаркан, унинг юмшоқ юзин
Кўргандай бўламан, кийимлари юпун,
Териси ёпишган суякка,
Буюк очарчилик, қирқ бешинчи йил.
Қишлоғимиз айланаркан чўнг қабристонга
Очофатдай ютар эди бари марҳумни.
Лек ҳеч ким топмади бувимнинг қабрин.
Отам аччиқ гурунч таъмин тотди қирқ беш йил.
Ва ниҳоят қирқ беш йил сўнг отам иккимиз
Сокингина келдик бувим қабри қошига.
Отам “Ойи” деганини эшитдим илк бор,
Титраб кетди ортимизда шолипоялар.
Вилчиллаган лойга тушди икки оёғим,
Олов ичра қулоқ тутдим бувим руҳига,
Ул ёйилиб замин билан қоришиб кетмиш,
Илдизлари чуқур-чуқур далага ботган.
Маъюсгина алла айтар бувижонгинам,
Гуллашга зўр чорлаганча шолипояни.
Баланд тутгум қўлларимда дон тўла коса,
Ҳар бирида аймоқларим меҳнати ёнар,
Улар бели қотган ахир шу кенгликларда
Бувижоним алласининг муаттар иси
Уфуриб туради ҳар қаричидан.
АЙРО ДУНЁЛАР
Номаълум жангчилар қабри
бўзартирар самони,
Ўз отасин излаган гўдакларни деб
безраяр замин;
Яна ёмғир қуяр улар устига.
Отасин юзидан танимаган болалар,
Сарсон руҳлар ҳаётини яшаётган оталар
Уларнинг бир-бирини чақируви
чуқур кўмилади бағирларига
ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтиб,
ҳануз тирик турар чақириқ.
Икки айро дунёдан келар
Оёқ товушларин эшитгум бу кеч;
Шошган, қалтираган товушлар
Зимистонда топар бир-бирин,
Бул товушлар қондан бужмайган,
Милён чақирим нарида улар
Минг асрлар аввал йўқотилгандир.
Ҳар қадам-ла Ватан саҳнида
Қанча кезинур руҳ устидан босгум?
Ҳали ўз отасин қабрларини
Тентиб излаганлар кўз ёши қанча?
ОҚ ОСМОН ОСТИДА
Қўлга қалам олгум,
Ҳали ёзмасам-да юракдагини
Бировлар сўзи-ла тўлар саҳифа.
Кўзимни юмаман,
Туш кўрмасам-да
Ўзгалар туши-ла мудрайди кеча.
Саҳфалар устидан келар ғам уни,
Ноҳақлик – совуқдан совуқ қоровул.
Ёмғир шаррос қуяр, мен тиз чўкаман.
Тавбага эгилгум оқ кўк остида.
ЎЗДАН МОСУВО
Бир кун шамол олиб чиқар мени юксакка,
Электрон почта қутим ва
Гоҳ-гоҳ жиринлаган чўнтак тилфўнда
Чумоли қамалиб қолганин кўргум.
Бир кун шамол мени кўтарар кўкка,
Режадаги гўзаллик аро
Ҳам гала васфида тўрга илинган
Кўзим тушар пастда бир қушга.
Шамол олиб чиқар баландга бир кун,
Менга бир жуфт қанот тутару шамол
Сўрар бўлмоқликни ундан мосуво
Ҳам юксак учмоқни хаёлларимдан.
Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржима қилди