Шоир Ҳусайн Ҳабаш 1970 йилда Суриянинг Африн вилоятидаги курдлар яшайдиган Шайхул Ҳадид қишлоғида таваллуд топган. Айни пайтда у Германиянинг Бонн шаҳрида истиқомат қилади. Илк шеърий китоби “Гуллар қатида” деб номланган. Курд ва араб тилларида ижод қилувчи шоирнинг тўртта шеърий китоби нашр этилган. Шеърлари кўпгина хорижий тилларга, жумладан инглиз ва испан тилларига таржима қилиниб, чет мамлакатларда ҳам босилган. Ҳусайн Ҳабаш бир неча халқаро ижодий дастур ва адабий анжуманларнинг фаол иштирокчисидир.
ИККИ ОШИҚ
Икки киши эдик
Ёлғиз икки нафар
Ҳатладик дарвоза
Ортда эски шаҳар…
Бирин исми Жамшид,
Иккинчиси Она.
Бири уй ғамида
Ахтарур бошпана,
Иккинчиси эса
Аёллар дардида
Излар қайноқ бўса…
Аммо лекин шаҳар
Шафқат қилмайин сал
Кенг очиб қулочин
Қолмади орқадан
Қўлида хипчинлар
Соплари қўрғошин…
ФАВВОРА
Она эмизмоқда боласин,
Кўкраклари унинг фаввора.
Меҳру муҳаббати беминнат,
Асло жавоб кутмас оввора,
Юраклари унинг фаввора.
Бир қуш учиб борар уфқда,
Майин қанотлари фаввора.
Қоғозда рақс тушади қалам,
Сиёҳ-довотлари фаввора.
Бул майдоннинг қоқ ўртасида
Гир айланган шоирнинг боши –
Мунгли баётлари фаввора.
БЕТҲОВЕН ва КУРДЛАР
Бетҳовен ҳайкалига боқаркан
ўта ғамгин кўраман уни.
Барча курдлар бирга
Шаҳар марказига тикар кўз
қадамлари ила
Ҳеч не юпатолмас уларни
Соғинчдан бўлак,
Бетҳовенни йиғлатиш учун
Шаҳарни қоқ иккига бўлган
Шу Рейн дарёсига қарайман
ўта, ўта ғамгин кўринар у ҳам,
Ифрот эмасми ул мабодо,
Бебахт, маҳзун ва шўрлик Ифрот?
РЕЙНДА БИР КЕЧА
Совуқ яланғоч дарахтларнинг
Ҳаёсини қилади қурбон
Қалтирамай дея бир аёл
Қора чопонига бурканмиш
Биз илгари силжиймиз аста
Ёлғиз икки киши
У ва мен
Тушар қадам ортидан қадам
Ёмғир черта бошлар
Бўзарган баргларни
Дарёни кечади
Юкли кемалар
Узоқлашиб кетади бирдан
Орамизда қолган масофа
Ва милтираб турган чироқлар
Шу орада
Қучоқлашар улар бир-бирин
Сувли экран ортида туриб
Ундан ширин бўса оламан
Эҳтиросли оғушни дея
Қалтирайди майса
Рейн дарёси чалади қарсак
Минг хил ранглар ила
Қўшиқ куйлай бошлар
“Бахтли бўлинг” деб
Дарахтларнинг шовуллаши
Афсона битади ям-яшил.
Турфа сирлар ичра кўмилиб
Дарё ила қурамиз суҳбат
Шундай латиф ва файзли кеча!
Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржима қилди