Ассалому алайкум, муҳтарам “Тошкент Метрополитени” бошқаруви аъзолари,
Мен, Аъзам Обид, шоир ва таржимонман. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларига саёҳат қилиш асносида олган тажрибаларим асосида жонажон юртимиз Ўзбекистонда ҳам инновацион адабий лойиҳалар, ташаббусларни баҳоли қудрат амалга ошириб келмоқдаман. Шундай лойиҳалардан иккитасини эътиборингизга ҳавола этарканман, улар сизга маъқул келади ва биргаликда уни ҳаётга тадбиқ эта оламиз, деб ният қиламан.Ҳар икки лойиҳа мамлакат Президентининг китобхонликни тарғиб қилиш, маънавиятни оширишга қаратилган қарорини қўллаб-қувватлайди.
- Тошкент метро бекатларида юртимизнинг энг кўзга кўринган шоирлари ижодидан намуналарни стендларга қўйиш. Масалан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева каби таниқли шоирлар қаторида маълум бир танлов асосида ёш шоирларнинг энг яхши шеърлари босма ҳолатда стендларда намойиш этилади. Бу шеърий стендлар тахминан 1 ой ичида мунтазам алмаштириб борилади.
- Мен 100 га яқин энг яхши ўзбек шоирларининг ижодидан намуналарни инглиз тилига таржима қилганман ва уларни ўзбек ва инглиз тилларида митти видеоларга жойлаштиряпман. Бу видеоларни Фейсбукдаги саҳифамда ва ё вебсайтимда кўришингиз мумкин:
https://www.facebook.com/azam.obidov
Бундай видеоларни метро бекатларидаги экранлар орқали намойиш этилиши юртдошларимизни ҳам, чет эллик меҳмонларни ҳам хушнуд этиши шубҳасиз.
Бу лойиҳалар орқали мен ҳеч қандай тижорий мақсадни кўзламаяпман. Фақат стендлар ва кичик шеърларни босмадан чиқариш учун учун балки йирик ташкилотларнинг кўмаги керак бўлар. Яхши ниятли, ташаббусга очиқ кишилар кўмагида бунга ҳам эришса бўлади.
Таклифларим сизга маъқул келади, деб умид қиламан ва уларни амалга оширишни муҳокама қилишга тайёрман.
Вақт ажратганингиз ва эътиборингиз учун ташаккур!
Аъзам Обид