Berlin safari taassurotlari

10 йилча аввал адабиётшунос Баҳодир Карим билан Германиянинг Лейпциг шаҳрида ўтган халқаро анжуманга келгандик. Тадбир тугагач, Баҳодир ака билан Берлинга йўл олиб, у ерда турколог олима Балдауф хонимнинг шаҳар марказига яқин сердарахт, файзли маҳалладаги уйида меҳмон бўлганмиз, бирга спектакль кўришга борганмиз. Жуда қисқа сафар бўлгани учун, “Берлинда бўлдим” деб айтгулик эмасди. Мана, орадан шунча вақт ўтиб, Берлинда тўлиқ бир ой яшаб кўрдим ва гўё унинг қандай бағри кенг, илиқ, чиройли, рангдор шаҳар эканини ҳис қилдим.

Берлин адабиёт коллоквиуми (LCB) жойлашган Ванзеени топишимиз қийин бўлмади. Немисчам жуда бўшлигига қарамай, икки қаватли қизил рангли “Регио” поездида ёнимизда ўтирган хушрўй чолу кампир ора-сира биз билан гоҳ инглизча, гоҳ немисча қизғин суҳбатлашиб келди, табиий, улар манзилимизга етганимизни эслатиб, биз билан қуюқ хайрлашиб, қўл силкиб қолишди.


Платформадан чиқиб, эскалатордан юқорига кўтариларканмиз, ўн қадамча олдимизда кетаётган истараси иссиқ икки кишига кўзимиз тушди; уларнинг бири Москвадан учган самолётимизда биз билан бирга бўлган эди-ку! Ижод уйига яқинлашганимизда, улар орқаларига қарашди. “Сиз қозоғистонлик ёзувчи эмасми, дастурда кўргандим?”- сўрадим 50 ёшлар чамаси, қотмадан келган, қорамағиз аёлдан. Ҳа, дея тасдиқлади у. “Айгуль Кемелбаева”. Ёнидаги қиз унинг жияни, талаба Арайка экан, Ойгул опани аэропортда кутиб олиб, шу ергача кузатиб қўйиш, у билан бир неча кун бирга туриш учун келибди. Ҳаммамизнинг юзимиз ёришиб кетди. Шунча жойдан бирга келибмиз-у, айни бир масканга кетаётганимизни билмабмиз!


1963 йили очилган Берлин адабиёт коллоквиумининг кўркам, қизил ғиштдан қурилган уч қаватли биноси ўта чиройли Ванзее кўли соҳилидан сал наридаги пасттепаликда жойлашган. Соҳилдан қараганда янада гўзал бўлиб кўринади. Оқшом пайти табиатнинг тенгсиз жамолига янада файз киритиб туради бу маскан. Соҳил томонига ўтилса, қуёш ботиши нақадар майин ва илҳомбахш эканини кузатса бўлади. Ёмғир шивалаб турган маҳал кўлга қараб, нариги қирғоқдаги баланд дарахтларга қараганча ўй суриб кетасан киши. Дарвоқе, бу ердаги оғочларнинг ўзи бир олам! Ижод уйида мен ошиқ бўлган қизғиш-қорамтир, жуда ҳайбатли, ўта кўркам бир дарахт бор. У бутун уйга соя солиб туради. Ҳар куни ҳар тусда, рангини билинтирмай ўзгартиради, барглари тоза, шохлари сийрак, аммо жуда бақувват, остига келсанг, қайноқ меҳр билан қарши олади, қўшиқ куйлаб, рақсга тушиб берадигандай, соясида ётволиб, мазза қилиб сирлашгиси, китоб ўқиб бергиси, узоқ хаёлга чўмгиси келади одамнинг, илдизлари соҳилгача туташган мисол.


Гёте институтидаги ҳамкасбларимиз дастуримизни жуда яхши тузишган, қийналмасин деб ҳар ҳафта учун алоҳида таржимон, ҳар учрашув учун Катя исмли рус, инглиз, немис тиллари билимдонини бизга боғлаб қўйишган. Адабиёт масканлари, театр, уй-музейлар, архивларга ташриф буюришдан ташқари, Берлиндаги энг машҳур туристик жойларни ҳам бемалол кезамиз. S7 ва ё S1 поездида Ванзеегача келишни билиб олганмиз, кўпинча қоронғи кечагача Берлин кўчаларида кезиб юрамиз. Мазза! Ҳаво мусаффо, симириб, руҳу жонинг завқланади, ҳеч тўймайсан! Тинмай Яратганга, кўрсатган кунларига шукур, дейсан.


Турмуш ўртоғим, журналист, таржимон, шоира Нодирахон Европа томонларда биринчи марта бўлиши; ҳар нарса унга қизиқ, ҳар нарсага бошқача нигоҳ билан қарайди, гоҳ шодланиб, гоҳ ўйчан бўлиб қолади, бир сўз билан, бундай ижодий сафардан бениҳоят мамнунлигини сезаман.


Сафаримиз асносида немис адабиётидаги Теодор Фонтане, Курт Тухольский, Гюнтер Грасс каби йирик номларни ўзим учун кашф этдим. Умуман, немис адабиётидан унчалик ҳам бохабар эмаслигимни сездим. Адабиёт музейлари, Брехт Ҳаус, Берлинер Филармони, архивлар, Жаҳон маданияти уйи, ака-ука Гриммлар номидаги замонавий, муҳташам кутубхона, нашриёт ишини завқ билан томоша қилдик. Шеърият уйидаги “Лирикс” видео лойиҳаси учун материаллар юборишни ният қилдим. Немисчадан тўғридан-тўғри айрим шеърий таржималарга қўл урдим. Потсдам, Лайпциг, Витенберг, Гётинген шаҳарчаларига адабий саёҳатларимиз зўр илҳом берди, тош уйлар, қадимий қўлёзмалар, кўҳна ифорлар, самимий инсонлар бир умрга ёдимизда қолди.


Ёзувчиларнинг асарлари учун архив тузиш жуда яхши анъанага айланибди бу ерларда. Шаҳар бўйлаб адабий масканларга гид билан саёҳат қилиш эса жуда мароқли эди. Ёзувчи ва экскурсовод Михаел Бинерт билан ўтказган вақтимиз, соя-салқин, гулларга бурканган кўчалар бўйлаб кезганимиз, тарихга бир назар ташлаганимиз, Герта Мюллер яшаётган уйнинг шундоққина ёнидаги суҳбатларимиз ўзига хос, унутилмас ва серзавқ бўлди. Билмай юрган эканман, Берлин халқаро адабиёт ўчоғига айланибди!


Адабиёт коллоквиумида ёзувчилардан Эрондан Маҳмуд Ҳусайни, парижлик Шумона Синҳа, остоналик Айгуль Кемелбаева, Грузиядан Анна Кордзая-Шамадашвили, Тайпейдан Тонг Яли, швейцариялик Жулия Вебер, польшалик Жанна Слониовска, голландиялик Себастьян Полманс, Германиянинг кичик бир шаҳарчасида яшовчи Жулиана Кальнай биз билан биргаликда бўлишди. Улар билан гоҳ биз учун атайин ташкиллаштирилган адабий экскурсияда, гоҳ оқшомги мушоираларда кўришиб турдик, аммо жуда ширин нонушта маҳал деярли ҳар куни учрашдик, мароқли суҳбатлар қурдик.


Бир орзуим бор эди, уни илгари суриш, амалга ошириш учун Берлин сафари чоғида катта илҳом олдим. Умидим шулки, тез орада биз ҳам Ўзбекистонда Халқаро ижод уйини очиб, дунёдаги, хусусан, Германиядаги энг яхши адабий ташаббусларни, дастурларни, қизиқарли ва фойдали лойиҳаларни жонажон юртимизда тадбиқ этамиз.

2017