Теодор Фонтане (1819-1898)
Ҳаёт
Ҳаёт – бу саховат демак, эҳтимол,
Ҳузур, фарзанд, ош-нон этаркан инъом,
Лек эҳсонлар ичра мумтоз, безавол –
Илму маърифт ул, хайрли аъмол
Ҳам эзгу мамотдир, қазодир тамом.
***
Курт Тухольский (1890-1935)
“Париж. Монсо парки”
Орзу қилсам бўлар бунда бемалол,
Оддий ватандошдай, одамга ўхшаб.
Тақиқловчи лавҳлар – мутлоқ ғайри ҳол,
Истаганча кезгум – бўлмас хира таъб.
Майин чим устида ўйнашар копток,
Тоза барг қатида чирқиллайди қуш.
Ҳув анов болакай бағри бут, бечок,
Бурун кавлаш билан вақт ўтказар хуш.
Тўрт амриқохоним четда маълумот
Варақлар, оғочлар олар ҳушини.
Илк бора Парижга келганидан шод,
Роса кўргиси бор ичу ташини.
Ҳаво зўр, офтобдан ёришар рўё,
Ранго-ранг тошларда жужуқ кулгуси.
Мен ҳам ўлтирибман бахтлидай гўё,
Кўтарилган каби Ватан қайғуси.
***
Ҳайнрих Ҳайне (1797-1856)
***
Қоқ тепали совуқ шимолда
Бир қарағай турар сўққабош.
Ухлар оққа ўралган ҳолда,
Қору музга мағрур бериб дош.
Тушларига олов шарқдаги
Пальма кирар – кўзларида ёш,
Энг маъюсу мўмин чархдаги –
У ҳам ёлғиз, у ҳам сўққабош.
(Люксембург, 2017)
***
Бертольт Брехт (1898-1956)
Зотан бир-бировга бўлмадик рафиқ,
Дийдор онларимиз мўл кечди, табиий.
Гарчанд бағримизда исиндик, шафиқ,
Ойдай иккимиз ҳам ғалат, ажнабий.
Бугун учрашаркан бозорда ташна,
Олсак бўлар эди бир жуфт гулмоҳи.
Гарчи бир-бировга бўлмадик ошна,
Тинар бағримизда юраклар оҳи!
****
2017 йил, Европа